Ота - онани эъзозлаш фазилати
6.3.2016 3481

     Ота-она масаласи Қуръон ва ҳадисларда зикри ажратилмасдан келган. Шу боис уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида Аллоҳ қодир қилганча баён қилиб ўтамиз. Аллоҳ таоло Нисо сураси 19-оятида улар билан яхши муомала қилишга буюрди:

 

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

 

“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.
        Уламоларимиз ота-онага яхшилик қилиш борасида фарзандларга қуйидаги нарсаларга амал қилишни тавсия этадилар:

1. Ота – онага берган неъматлари учун Аллоҳ таолога шукр қилиш.
Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасининг 15-оятида марҳамат қилади: “Инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга етганида: “Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал қилишимга муваффақ этгин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Мен Сенга тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман”. Ҳар бир инсон учун унга Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш энг муҳим ишдир.

 

2. Ота-онанинг кўрсатган иноятларига шукр қилишдир. Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг 14 оятида марҳамат қилади: “Менга ва ота- онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир”. Фарзанд ота-онасига уни дунёга келтирганлари, боқиб катта қилганлари, таълим ва тарбия берганлари ҳамда бошқа яхшиликлари учун ташаккурда бўлиши зарур.

 

3. Ота- онани жеркимаслик ва уларга “Уфф” калимасини ҳатто кўнгилдан ҳам ўтказишликдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки Аллоҳ таоло Исро сурасининг 23- оятида шундай марҳамат қилади: “....уларга (ҳеч қачон) “Уфф”, дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”. Уларга доимо мулойимлик билан муносабатда бўлиш, ширин сўзларни айтиш фарзанд учун вожибдир.

 

4. Уларга тавозе кўрсатиб, меҳрибонлик қилишдир. Аллоҳ таоло Исро сураси 24-оятида марҳамат қилади: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат”.

 

5. Уларнинг олдига изн сўраб киришдир. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 59-оятида айтади: “Қачон сизнинг ёш болаларингиз балоғатга етсалар, улардан олдингилар изн сўраганларидек, изн сўрасинлар”.

 

6. Улар келганда ўрнидан туриб, кутиб олишдир.
      Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Кўринишда, ҳайбатда, ўзини тутишда, ўтириш ва туришда Фотимачалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш одамни кўрмадим. Агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтирғизар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб қолсалар, у туриб, у зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтирғизар эди”.

 

7. Уларни исми билан чақирмаслик, улардан олдин юрмаслик ва ўтирмаслик.

 

8. Олдиларига кирганда ва чиққанда уларга салом бериш.

 

9. Уларни энг ёқимли лафзлар ила чақириш.

 

10. Уларга динлари ва дунёларида фойда берадиган гапларни айтиш.

 

11. Уларга динда билмайдиган нарсаларни чиройли тарзда эслатиш.

 

12. Уларнинг барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш.

 

13. Иккиси тарк этишга амр этган нарсалардан ўзига зарар келтирмайдиганларини тарк қилиш.

 

14. Уларнинг олдига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш.

 

15. Ота-она билан ўтирганда уларнинг рухсатисиз чиқиб кетмаслик.

 

16. Ота-онадан содир бўлган нарсани, ҳатто улардан беморлик ёки қарилик туфайли ҳожатини тута олмасликка ўхшаш ишлар бўлса ҳам, қабиҳ санамаслик.

 

17. Ота –онанинг муҳаббатини қозонган кишиларни ҳурмат қилиш.

 

18. Уларнинг нафақасини яхшилаш, ҳадялар бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай, иззат кўрсатиш.

 

19. Фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам, уларнинг розилигини топиши лозим.

 

20. Уларнинг обрўсини ҳимоя қилиш ва обрўсизланишларига йўл қўймаслик.

 

21. Уларни хурсанд қилиш чораларини излаш. Фарзанд ота- онасининг кўнглини кўтариш учун уларни хурсанд қиладиган совғалар тақдим қилишни одат қилиши лозим. Буларга яна қуйидагилар киради:

- Ота- онанинг мол-мулкларини ва керакли нарсаларини муҳофаза қилиш.
- Ота- онанинг рухсатисиз бирор нарса олмаслик.
- Ота- онага роҳатбаҳш нарсаларни ҳозирлаш.
- Ота-она ухлаётганларида уларни безовта қилмаслик.
- Ота- онанинг хоналарига уларнинг изнисиз кирмаслик.
- Ота- онадан олдин таомга қўл ўзатмаслик.
- Яхши нарсаларни ўзидан олдин ота-онага тақдим қилиш.
- Ота-она ҳузурида ёнбошламаслик.
- Ота- она ҳузурида оёқ узатмаслик.
- Ота- онадан барча ишларда маслаҳат сўраш.
- Ота-онанинг фикрлари ва тажрибаларидан фойдаланиш.
- Ота- она насиҳатларини бажонидил қабул қилиш.
- Ота-она ҳақларига дуода бўлиш ва бошқалар киради.

 

       Ота-онани рози қилиш ҳар бир фарзанд учун ўта муҳим нарса ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Аллоҳнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир”, дедилар.
       Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлсаю(уларга яхшилик қилиб), унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшикни очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан улар рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди”,деди. Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги керак.
        Боязид Бастомий раҳматуллоҳи алайҳ Луқмон сурасининг 14 оятига етганда, ушбу оятни ўқиди: “Мени хушнуд қилгил ва ота- онангни хушнуд қилгил!”. Устозидан бу оятнинг маъносини сўраб билди. Шунда ичига бир ўт тушди ва устозидан рухсат олиб, онаси олдига келди. Онаси сўради:

 

- Эй Тайфур, нимага дарсдан келдинг?

 

У деди:

 

- Бугун устозимдан бир оят эшитдим. Аллоҳ буюрибди: “Менга бандалик қил, ота-онангга хизмат қил!”. Энди, мен Аллоҳга ва ҳам сизларга қандай хизмат қила оламан? Бу оят менга қаттиқ таъсир қилди. Ёки мени Аллоҳдан тиланг, сизларга хизмат қилайин ёки сизлар мени ўз ҳолимга қўйинг, мен Аллоҳга бандалик қилайин!

 

Онаси деди:

 

- Ўғлим, мен ўз хизмат ҳаққимни сенга бағишладим! Сен Аллоҳга бандалик қил!.

 

Боязид Бастомий : Аллоҳ менга ато қилган барча мартабаларга онамнинг дуоси орқали эришдим дейди.

 

       Аллоҳ таоло айтади: “Биз сизларни эркак ва аёлдан халқ қилдик”. Биз онанинг қорнида тарбия топганмиз ва ер юзига тушганмиз. Аёлларнинг улуғлиги ҳақида айтадиган бўлсак, Аллоҳ аёлларни халқ қилмаганида ҳеч инсон дунёга келмаган бўларди. Одам ота ва Мома ҳаво жуфт бўлди. Бунинг орқасидан қанча-қанчка одамлар пайдо бўлди. Аёллар улуғ зот, уларнинг улуғлигини шариатимиз билади. Аёл фарзанд учун Аллоҳнинг ўрнига иккинчи мураббий. Яъни онанинг ичида тарбияни Аллоҳ ўзи қилади. Ерга тушгандан сўнг она тарбия қилади. Онанинг қорнидаги фарзандни ҳар хил офатлардан сақлайдиган фаришталар бор. Улар бўлмаса, фарзанд туғилмасданоқ нобуд бўлади. У жуда мураккаб жараён, у ҳақда кейинроқ ўз жойида баён қилиб ўтамиз. Туғар вақтида онага Аллоҳ осон туғишига ёрдам қилади. Аллоҳ йўл бермаса, бола қандай қилиб туғилади, бунга бир фикр қилингда. Фарзанд туғилиши учун аввал сув чиқиб, унинг чиқиш йўлини осонлаштириб беради. Кейин Аллоҳ айтади, энди тарбия қилиш навбати сеники, дейди. Она Аллоҳнинг ноиби. Қарангки! Аллоҳ онанинг сийнасидан келадиган қонни оқ сутга айлантириб қўяди. Қаранки! Аллоҳнинг ишига фарзанд масаласи баёнида қанча-қанча мўъжизаларга гувоҳ бўламиз. Онанинг улуғлиги шундаки, унинг қалбига Аллоҳ раҳмни беради. Боласининг тепасида ўзини гўё фидо қилиб юборади. Фарзандининг тепасига пашша қўнишига ҳам йўл қўймайди. Бир жойи оғриб қолса, ўзини 100 марта фидо қилади. Демак, аёллар улуғ зот экан, улар бўлмаганда Пайғамбар ҳам, мана-ман деган подшоҳлар ҳам, паҳлавонлар ҳам бўлмасди. Ерни остин-устун қилиб юборадиган даражадаги фарзандларнинг ҳаммасини она тарбиялаган-да. Аллоҳ таоло айтади: “Энди сиз ўз мураббийингизни яхши танинг”. Кимики ўз мураббийсини танимас экан, у инсон эмас. Қарамайсизми? Ўсимликлар ҳам Аллоҳга бошини эгади. Қуёш чиқса, унга юзланади, то ботгунича унинг ҳурматини жойига қўяди. Чунки ундан манфаат олади. Шунинг учун Аллоҳга биз ҳам бир кунда беш вақт бўйин эгамиз. Аллоҳнинг ризқини еб, орқага қарамасдан кетадиганлар, улар инсонми? Бир киши сизга бир нарса берса, 100 марта раҳмат деб, оласиз. Нимага энди Аллоҳга шукр айтмайсиз. Китобларда келади, бир вақтда агар ота-она буюрса, кимнинг буйруғини бажаради. Онаникини бажаради, дейилади.
      Фирдавсий “Шоҳнома”даги бир байтда айтади: Аёлларга битта ҳунар етиб ортади. Ўтириб шерларни дунёга келтиради. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Аёлларингиз сизларнинг ёрдамчиларингиз”. Ташқаридан маҳзун бўлиб келсангиз, сизга меҳрибонлик қилиб, ғамхўрлик қилади. Сизнинг ҳафачилигингизни кеткизади. Бунинг қадрига етиш керак, улар бўлмаганида сизнинг ҳолингиз жуда ёмон бўларди. Бу эса сизга Аллоҳ тарафидан иноятдир.
       Расулуллоҳ бизга чиройли намуна бўлдилар. Ташқаридан уйга кирсалар “Ассалому алайкум я аҳлал байт” деб кирардилар. Расулуллоҳ бирор машаққатлик ва ғамгинлик иш йўқми? дер эканлар. Қийин иш бўлса, ёрдам берардилар, уларнинг ўзларига ташлаб қўймасдилар. Аёлларга муомала қилишни Расулуллоҳдан ўрганишлик керак. Китобларда келади, У Зот қўйни соққанлар дейди. Ҳеч бир жаҳонда эшитганмисиз, эркак сут соққанлигини. Аёлларнинг энг яхши сифати ҳаёсидир. Расулуллоҳ айтган эканлар: “Аллоҳ таоло ҳаёни 10 га бўлди. 9 зини аёлларга, биттасини эркакларга берган”. Аёл агар ҳаёсиз бўларкан ўзидаги фазилатлик ва олийжоноб сифатини йўқотади. Аёлларга ҳаёдан ортиқ сифат йўқ. Аврот бўлган(уят саналадиган) жойларни беркитиш аёлларнинг вазифаси. Уламолар ҳаёсиз аёлни думини кўтариб олган уятсиз эчкига ўхшатган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёлик хотинлар жаннатнинг нури”, дедилар. Улар яхши бўлсалар, жаннатдаги ҳурлар билан баробардир. Уламолар айтади: Аёлларнинг энг яхшиси эри унинг ҳамма ҳулқларидан рози бўлганидир.
          Аёлларнинг ҳақлари Исломда 5 қисмдир:

 

1.Диний ҳуқуқ.

 

2.Иқтисодий ҳуқуқ.

 

3.Ижтимоий ҳуқуқ.

 

4.Таълимий ҳуқуқ.

 

5.Сиёсий ҳуқуқ

 

       Аллоҳим, Ўзинг ота-оналаримиз розилини топишда бизга кўмакчи бўлгин.

 

Урол Назар Мустанов тайёрлади.

Тошкент ислом институти кабинет мудири

 

www.muslim.uz 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 68194
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9909