Ота - она зиёрати фарз амал
13.8.2016 5579

    Зиёратнинг луғавий маъноси “кўрмоқ”, “танишмоқ мақсадида бормоқ” деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса Аллоҳ азиз қилган инсонларни ва жойларни савоб умидида бориб кўрмоқ.
    Зиёрат-ҳурмат ёки расмият юзасидан кекса табаррук кишилар, ҳурматли зотлар ҳузурига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни муборакбод этишдир.
   Зиёрат қилишлик ҳам яхшилик қилишнинг бир кўринишидир. Чунки, инсон бир кишини хурсанд қилмоқчи, кўнглини кўтармоқчи бўлса унинг зиёратига бориши лозим. Кекса ота-оналаримизнинг зиёрати ажри жиҳатидан катта ва мукофоти улуғ бўлган амаллардан ҳисобланади. Чунки, киши ўзининг туғилишида ва баркамол бўлиб вояга етишида ҳар қанча машаққатни кўтарган ота-онасига қанча яхшилик қилса, уларни неча бора зиёрат қилса ҳам оздир. Шу ўринда баркамол авлодни маънан шакилланган қилиб тарбиялашда-динимиздаги меҳр-оқибат, раҳм-шавқат, доимо атрофимиздаги кишилардан хабар олиб туриш каби ҳислатларни ёшларнинг қалбига сингдириб, улғайтирмоғимиз зарур бўлади.
     Ота-онани улуғлаш, улар кексайиб қолганларида муносиб хизматларини қилиш, уларни ташлаб қўймаслик, доимо волидалари ҳақида ғамҳўрлик қилиб туриш билан бирга, фарзанднинг ота-онаси устида қуйидаги вазифаларни бажаришлиги лозим:

 

• Ота-онаси таомга муҳтож бўлишса, уларни ўзининг қўлида бор бўлган нарсалар билан таомлантирмоғи,

 

• Бирор нарсага, кийимга муҳтож бўлсалар, кийинтирмоғи,

 

• Улар кексайиб заифлашиб қолганликлари сабабли фарзандларининг хизматига муҳтож бўлсалар, мамнуният билан ота-онанинг хизматини адо қилмоғи,

 

• Агар фарзандини чақирсалар, жавоб бериши ва ҳозир бўлишлиги,

 

• Гуноҳ бўлмаган ҳар қандай ишга буюрсалар уларга сўзсиз бўйсунмоқлиги,

 

• Доимо очиқ юзли ва муомалада ширинсўз бўлиши,

 

• Ота-онасининг исмини айтиб чақирмаслиги,

 

• Орқасидан юрмоқлиги,

 

• Ўзи учун раво кўрган барча яхшиликларни уларга ҳам раво кўриши,

 

• Ҳудди ўзига мағфират сўраганидек ота-онасига ҳам мағфират сўраб дуо қилмоқлиги.

 

    Демак, инсоннинг олдидаги энг катта вазифалардан бири-бу кишининг ўз ота-онасининг тириклик чоғида рози қилишга жиддий ҳаракат қилишидир. Бундай ҳайрли вазифани ислом дини ва дунёвий қонун-қоидалар ҳам фарзанд олдидаги улуғ бурч сифатида белгилаб қўйган. Бу ҳақида “Аҳқоф” сурасининг 15-оятида “Биз инсонни ота-онага яхшилик қилишга буюрдик” деб марҳамат қилинган. Бу ерда ҳам “буюрдик” лафзи билан очиқ амр келган. Бундан яна ота-онага яхшилик қилишлик фақат мусулмонлар учун эмас ёки фақат ислом келганидан кейин эмас, балки, инсоният яралибдики уларнинг барчаларига фарз қилинганлиги маълум бўлади. Чунки, оятда инсон дея умумий келтирилди.
    Кексалик инсон умрининг осуда давридир. Чунки одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шундай пайтда, ёш авлод уларнинг кўмаги ва маслаҳатига доимо эҳтиёж сезадилар. Агар ёшларимиз меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, эл иши учун фидойи бўлиб, тарбия топмоқни истасалар, кекса ота-оналаримизни зиёрат қилиш асносида, уларнинг насиҳатларига қулоқ тутиб, ҳаётий тажрибаларидан фойдаланишлари мумкин.
    Луқмони Хакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?”, деб сўрадилар. “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берди у киши.
   Алишер Навоий “Назм ул-жавоҳир” асарида ҳам кексаларнинг ҳурматини жойига қўйиш, эътибор бериш, уларни эъзозлаш борасида қимматли фикрларни баён этган. Шоир ота-она ҳурматини бажо келтириш ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини айтар экан, фарзанд учун бу амалларни адо этиш “зуҳри абад” — абадий ном қолдириш билан тенг эканлигини таъкидлайди:

 

Иста ато йўлиға жон фидо қилмоқ,
Қуллуқ анога ҳам унча имкон қилмоқ.
Зуҳри абад истасанг фаровон қилмоқ,
Бил они ато аноға эҳсон қилмоқ.

 

   Анас розияллоҳу анҳу айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Қайси бир ёш киши кекса кишини ёши катталиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёши катта бўлган пайтда эҳтиром қиладиган кишини рўбарў қилади”. (Термизий ривояти)

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус ислом билим юрти мударрисаси Ғофурова Н.


Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 68196
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9909