Олимга ҳам қулоқ керак
1.12.2015 4222

     Оғайниларимдан бири адабиётшунос олим. Илм аҳлининг мухлиси, айниқса дунё кўрган қарияларга ҳурмати баланд. Илтимосига кўра, уни устоз Бобожон ота ҳузурига бошлаб бордим.
    Қори ота бизни илиқ кутиб олдилар. Ҳазрати Навоийнинг “Насоимул муҳаббат” асаридан сўз очилиб, машойихлар ҳақида гап кетди. Қори ота кексайиб қолган бўлсалар ҳам, хотира қуввати ва нукта англаш қобилиятини сақлай олгани, фасоҳати ва балоғати сезилиб турарди. Шеригим ҳам бўш келмади, навоийшуносликдаги иқтидорини, нозик маъноларни фаҳмлаш салоҳиятини кўрсата олди. Тасаввуф аҳлига хос ҳол ва мақомлардан сўз очилса, илғаб олар ва илиб кетар, отанинг қисқа нақлини кенг шарҳлаб, шайхлар хусусидаги ривоятларни эҳтирос билан сўзларди.
    Таассуфки, мен кутгандек бўлмади, одоб таомили бузилди. Қори отамиздан ҳикмат тинглаш ўрнига кўп вақтимиз сухандон оғайнимизнинг нутқи билан ўтди. Имо-ишора ҳам қилиб кўрдим, бўлмади. Мезбон отахон ёш олимнинг сўзларини сабр-тоқат билан тинглайверди, бундан руҳланган йигит тинмай сўзлайверди, сўзлайверди.

 

– Баракалла, домла ўғлим. Навоийнинг дақиқ маъноларини англаш ҳаммага ҳам насиб этмас. Туф-туф, кўз тегмасин. Муҳаббат шаббодалари эсиб, хонамизга файз кирди, – деди мезбон мамнун қиёфада.

 

Ғийбатга ўрганган тил эмасми, холиликда қори отадан сўрадим:

 

– Тақсир, қалай, оғайнимиз расо очилди, маъқулми? Аммо, сизни тинглаб, суҳбатингиздан баҳра олишга йўл бермагани яхши бўлмади.

 

– Йўқ, ундай деманг, – эътироз билдирди қори ота, – бизга у яхшилик қилди, дам олдирди. Тили бор экан, бийрон тил. Лекин қулоқсиздек кўринди. Ҳа, олимга ҳам қулоқ керак. Майли, ҳар қалай бўладиган бола...

 

     Аллоҳ биздек норасоларни улуғлар ёнида кўп сўзлашдан асрасин. Ҳикмат ва амри маъруф тинглашдан бенасиб қўймасин.

 


Фозил Зоҳид

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216363
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553