Оила жанг майдони эмас
6.7.2015 3944

 

         Оила жамият негизи. Унинг соғлом ва мустаҳкам бўлиши жамият тараққиётига асос бўлади. Шу нуқтаи назардан ўсиб келаётган ёш авлод онгу шуурида оила тушунчасини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Айтмоқчи бўлган фикрларимизни бежиз “Оила жанг майдони эмас” деб номламадик. Боиси, баъзи ёшлар томонидан муқаддас оила даргоҳи жанг майдонига менгзалиши ачинарли ҳол.

   

 Оилавий муносабатлар доимо икки тарафдан – эрдан ҳам, хотиндан ҳам маълум қурбонликларни талаб қилади. Лекин тарафлар худбинлик қилса-чи? Ҳеч ким қурбонлик беришни истамаса - чи? Унда оила жанг майдонига айланади. Эр - хотин “Ким кучли?” мусобақасига киришади. Эр улфатларига оилада эришган “ғалабалари” ҳақида оғиз кўпиртирса, хотин эса бу беллашувда қандай макрлар билан ютиб чиққанидан гапиради. Аҳвол шу тарзда давом этса, ўттиз йилдан сўнг нима бўлади? Агар оила араваси базўр юришда давом этса ҳам турмуш дарсларини олган эр ва хотин ортга боқиб пушаймон бўлади. Қўлларида турган бахтли бўлиш имконини бой бериб, ҳаётларини ким учун яшаганларини тушунмай афсус чекадилар.

 

Ҳаёт – сизнинг ҳаётингиз, уни ўз қўлингиз билан қурмоғингиз даркор. Ҳеч нарса ўз - ўзидан келмайди, шу қатори бахт ҳам. Бир замонлар ёнингиздаги инсонни бахтли қилишни орзулаганингизни эсланг. Ўзингиз ҳам бахтга лойиқ эканингизни ҳис қилинг. Турмуш ўртоғингизнинг қайсидир жиҳатини хуш кўрмасангиз, уни ўзгартиришга бел боғланг. Инсон ўзини ўзгартиришни истамаса, сиз ҳеч нима қилолмайсиз.

 

                Аччиқ сўзлар ўрнини ширинлари ҳам боса олади ва ҳатто кўпроқ самара беради. Ғазабингизни босишни ўрганинг. Ҳамма нарса такрорлангани сари одатга айланади. Бирор кишидан жаҳлим чиққанида бувим доимо:

 

– Болам бировдан аччиғинг чиққанида унинг сенга қилган яхшиликларини эслагингки, ғазабинг кўзингни кўр қилиб қўймасин, – дердилар.

 

Эрингиз ёки хотинингиздан жаҳлингиз чиққанида унинг яхшиликларини, ширин сўзларини ёдга олинг. Кўнглингиздаги ғашлик оз бўлсада кетганини ҳис қиласиз. Жанжалга олиб борадиган тортишувларда ҳақ эканингизга тўлиқ амин бўлсангиз ҳам, буни исботлашга уринаверманг. Ўзингизни “рақиб”ингиз ўрнига қўйиб кўринг.

 

Бир-бирингиздан миннатдор бўлишни ўрганинг.

 

Шу ўринда икки мисолни келтириб ўтсам. Биринчиси:

 

Янги турмуш қурган жуфтлик. Куёв ишдан келди, уйда эса нон йўқ. Келин югуриб чиқиб:

 

– Уйда нон йўқ эди, – деди ширингина қилиб.

 

– Ҳозир олиб келаман-да, – дўконга шошилди куёв.

 

– Ишдан чарчаб келгансиз, – қайғурди келин.

 

Бу сўзлардан куёвнинг кўнгли кўтарилди. Чунки аёли у ҳақида ўйлаётган эди...

 

Иккинчи мисол: юқорида келтирилган оила, бир неча йил ўтгандан сўнг. Ишдан чарчаб чиққан эр бозорга кириб, рўзғорга ул-бул олди. Уйга келди. Остонада хотини қошларини чимириб олди. Халтани кўздан кечиргач, эрига таъна қилди:

 

– Майда картошка олманг, деб минг марта айтаман. Гўштни яна суяк қилиб берибди, кўтариб келаверибсиз.

 

Ҳаракатлар ўша - ўша, аммо уларга муносабат ўзгарган. Энди кейинги сафар эрда бозордан нарса олгани иштиёқ ё бўлади ёки йўқ. Аёл эса яна бир ишни – бозорга бориб, ўзига ёққан картошка ва суяксиз гўшт олишни ўзи сезмаган ҳолда зиммасига юклади. Маҳалладаги аёллар билан “дардлашар” экан, эрининг қанчалар ўзгариб кетганини достон қилади. Аммо ўзидаги ўзгаришларни кўрмайди, сезмайди...

 

Оиладаги бахтни ҳис қилиш ва ҳис қилдира билиш асосан аёл зиммасига тушади. Бу табиий, чунки унинг табиатида фидойилик билан бирга назокат, латофат ва сабр бор.

 

Эркакка эса ғурур хос, оилани турли озорлардан сақлаш туйғуси хос. Фақат ёнида буни ҳис қилдира оладиган аёли бўлсин.

 

Шундай экан, турмуш ўртоғингизни ўзгартиришга ҳаракат қилманг, унда ўзгариш учун иштиёқ уйғотинг.

Мутолаадан ҳар ким ўзига ярашасини олади. Зеро мақсадимиз муборак оилаларнинг барчаси бахтли ва мустаҳкам бўлсин!

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    Ширин Акбарова

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 68175
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9906