Одобда 7 қоида
21.11.2015 5637

    Муқаддас динимиз инсонларни ҳамиша юксак одоб-ахлоқли бўлишга чақиради. Айниқса, кунда тез-тез юз берадиган ва одатий ҳолга айланиб қолган баъзи ишлар борки, уларнинг ҳам ўз одоб ва тартиблари бор.

1. Киши ташқаридан ҳовлига кираётганда эшикни қаттиқ, зарб билан қоқмаслиги ва қўполлик ила ёпмай, оҳиста тақиллатиши керак.

2. Уйга киришда ҳам, чиқишда ҳам хонадон аҳлларига: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб салом берилади. Саломлашишни “хайрли тонг”, “хуш кўрдик” сингари сўзларга алмаштирилмагани яхшироқдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бизларни шундай салом беришга чақирганлар. Ходимлари ва содиқ саҳобалари Анас (розияллоҳу анҳу)га таълим бературиб: “Эй ўғлим! Аҳлингиз олдига кирганингизда салом беринг, сиз ва аҳлингиз учун барака бўлур”, деган эдилар. Машҳур тобеинлардан Қатода айтадилар: “Аҳлингиз олдига кирганингизда салом беринг, зеро, улар салом беришингизга ҳақлироқдирлар”.

3. Ишдан ёки бирор сафардан қайтилаётганда уйдагиларни огоҳлантириб, хабардор қилиб қўймоқ керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг ўғиллари Абу Убайда Омир айтадилар: “Отам ҳовлига киришдан олдин келганларини билдириб қўйиш учун то ичкаридагилар танигунларича баланд гапирар, овозларини кўтарар эдилар”. Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: “Киши уйга кирганида томоқ қириши, йўталиб қўйиши ва оёқ кийимларини тақиллатиб қўйиши мустаҳаб саналади”. Шундай қилинса, уйдагилар ноқулай вазиятга тушиб қолмайди. Яна кирилаётганда кийимга илашган ва ёпишган нарсалар тозаланади.

4. Киши ичкарига киришдан олдин изн сўраши ҳам гўзал одоблардан ҳисобланади. Изн ота-она, ўғил-қиз опа-сингил, ака-укалардан сўралади. Имом Молик “Муватто” асарида келтирадилар: «Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўради: “Онамдан изн сўрайманми?” У зот: “Ҳа”, дедилар. У киши яна деди: “Онам билан бир уйда бўлсам ҳам-а?” У зот: “Изн сўра”, дедилар. Ҳалиги киши: “Мен унинг хизматчиси (дастёри)ман”, деди. У зот: “Изн сўра, ёки уни (онангни) кийимсиз кўришни хоҳлайсанми?” дедилар». Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлолари Нофеъ айтади: “Ибн Умар болаларининг баъзилари балоғат ёшига етгач, хоналарини бошқа қилиб қўйди. Фарзандлари унинг ҳузурига изн сўрамай кирмайдиган бўлишди”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) эса, изн сўрашни барча инсон учун вожиб, деганлар.

5. Дўсту ёр ва қариндошлар зиёратига борилганда юқорида айтилганидек, уларнинг эшиклари ҳам оҳисталик билан қоқилади. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида келтиришларича, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) эшикларини тирноқлари ила аста қоқиб қўяр эканлар. Агар ичкаридагилар эшитмаса, бироз қаттиқроқ чертилади. Аммо жаҳл, шиддат ва қайта-қайта тақиллатилмайди. Шунда таҳорат қилаётган, намоз ўқиётган ва таом еётган инсон ўз ишини ниҳоялаб олади. Сўнг изн бўлса, кирилади, акс ҳолда, малол олмай қайтилади. Бундан ташқари келган киши айнан эшикнинг рўпарасига туриб олиши яхши эмас. Ўнг ва чап тарафга ўтиб туриши керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам доим шундай қилганлар.

6. Ичкаридан: “Ким?” деб сўрасалар, киши: “Мен” деб эмас, айнан кимлигини, исмини айтиши, овозини ўзартирмаслиги, бошқанинг овозига ўхшатиб гапирмаслиги зарур. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшик тақиллатувчининг “Мен” дейишини ёқтирмас эдилар. Саҳобалар ҳам доим ўзларини танитар, дарҳол исмларини айтар эдилар.

7. Яна изн сўраган киши киришга рухсат берлишидан олдин, нигоҳларини уй ичига қаратишдан сақламоғи шарт. Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишига изн сўрамай уй ичкарисига қарамоғи ҳалол эмас. Агар шундай қилса, батаҳқиқ, кирибди», дедилар. Яъни, изн сўрашдан олдин қараса, изн сўрамай кирган киши ҳукмида бўлади. Зеро бу иш динимизда ҳаром ҳисобланади.

 



Абул Фаттоҳ Абул Ғудданинг “Адабул Исламийя” асаридан Нилуфар САИДАКБАРОВА таржимаси

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216295
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24550