Нима учун “Оммавий маданият” ни ниқоб деймиз?
11.7.2015 8663

Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча мингйиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.

Ислом Каримов

 

Бугун ёшларимиз ўзига хос “тушунчалар уруши” шароитида яшамоқдалар. “Оммавий маданият” ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда. Бугунги кунда “Оммавий маданият” жамият орасида қуйидаги ғалати одатларни вужудга келтирмоқда:


• янги туғилган чақалоқни туғруқхонадан бирқанча дабдабали машиналарда, сураткашлару карнай - сурнайчиларни ёллаб ўзининг бойлигини кўз - кўз қилган ҳолда олиб чиқиш


• дабдабали тўйлар қилиш


• маҳобатли уйлар қуриш


• аёлларнинг тўйдан аввалги ва кейинги турли - туман янгича тадбирлари


• тўй куни саноқсиз ва қимматбаҳо машиналар билан келин - куёвнинг сайрга чиқиши ва ҳоказо

 

“Оммавий маданият”, шунингдек, жамитяга бир қатор иллатларни одат тусига киритмоқда. Кашандалик:


• АҚШда 13 ёшгача бўлган ўсмирларнинг 6 миллиондан кўпи чекади.


• Пассив чекиш натижасида 200 мингдан 1 миллионгача бўлган болаларда астма касаллиги оғир шаклда кечади.


• Ҳар йили болаларда пневмония, бронхит каби юқумли касалликларнинг сони 150 - 200 мингни ташкил қилади. У асосан 18 ойгача бўлган янги туғилган ва ёш болаларда учрайди.


• Бундан 10 йил аввал қилинган ҳисоб-китобларга кўра сайёрамизда 40 фоиздан кўп кашанда бор экан. Улар бир сонияда 300 минг дона, 1 йилда эса 12 млн. сигарет чекишар экан.


• Кашандалар дастидан бир йилда салкам 700 тонна синил кислота, 400 минг тонна аммиак, 600 минг тонна қорамой ва 100 минг тонна чекилган сигаретадан атмосферага заҳар тарқалар экан

 

Бир бўлган воқеа бу иллатнинг жамият орасида одатий тус олганидан дарак беради. 2011 йил. Куз фасли. Айни пахта теримининг авж палласи. Тошкент вилоятидаги туманлардан бирида пахта теримига ҳашарга бордик. Ўша ерлик Насиба деган қиз билан ёнма - ён жўякка тушиб қолдим. У қиз мендан сигарета сўради. Мен ҳазил аралаш: “Биз – ёшлар соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” дедим.


– Чекмайсизми? – деди ҳалиги қиз.

– Йўқ, – дедим.


–Мазза - ку. Асабингиз бузилганда нима қиласиз?


– Биринчидан, оз мунчага асабим бузилавермайди, иккинчидан, асаб бузилганда чекиш керак деган қоида ҳам йўқ.


– Меники кеча тугаб қолувди, бугун ололмадим. Коллежда 3 - босқичлигимда ўрганган эдим. Мана икки йилдан бери ташлолмайман.


– Уйингиздагилар биладими?


– Йўқ. Ўша курсдошларимдан бошқа ҳеч ким билмайди. Сиз ҳам билмасдингизу, чидамай кетдим - да.


– Турмушга чиқсангиз нима қиласиз?


– Келинойим ўзи билмаган ҳолда ўргатиб қўйди. Унинг айтишича, хомиладорлик пайтида эрига нима хоҳлаётганини айтса, эри муҳайё қилар экан. У ҳам турк кабобини егиси келаётган экан. Акам ҳар куни ё уйга турк кабоб олиб келади, ё келинойимни марказга олиб бориб келади. Мен ҳам шу йўлни тутмоқчиман.


– Нима қилмоқчисиз?


– Нима қилардим. Хомиладор бўлгунимча бир амаллаб тураман - да, ундан кейин сигарет чекким келяпти, чекмасам бўлмайди, дейман.


– Болангизни ўйлаймайсизми?


– Бир гап бўлар. Мен кетдим, пахтамни топшириб, бирортадан сигарета олай...”.

 

Тор ва очиқ кийиниш зарарлими?

 

Яқинда буйрагим оғриб, шифокорга бордим. Беморлар навбатда туришибди. Навбатим келди. Текширтирдим. Тош бор экан. Шифокор буйрагимдаги тошни тушириш учун бир неча кун муолажа олишим кераклигини айтди. Шу орада уни гапга солдим:


- Бу, мен бир ўзиммиканман десам, буйраги касаллар ҳам кўп эканми?


- Ҳа. Кейинги пайтда анча мижозларимиз кўпайиб қолди.


- Бир сизгами ёки ҳаммагами?


- Умуман, мана шунақа менга ўхшаган шифокорларга-да. Эътибор берган бўлсангиз, беморларнинг 80%и аёллар, – деди шифокор таъкидлаб.


- Ҳақиқатан ҳам шундай экан. Нега бунақа?


- Охирги вақтларда аёлларимиз модадан қолмайин, деб тор ва очиқ кийимлар кийишни одат қилишди. Кўпчилиги белини нозик қилиб кўрсатиш учун турли тасмалар тақиб юришади. Билмайдики, тасма айнан буйракнинг устига қадалади ва уни қисиб туради. Аксарият аёллар эса киндигини очиб юради. Аёлларда айниқса киндик шамоллашнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади, деса ҳам бўлади. Ундан ташқари, кийган кофталари айнан мана шу буйрак устига келганда етмай қолади. Қарабсизки, уч-тўрт йил ёки кейинроқ буйрак шамоллаши касаллигини орттириб турибди - да. Шунинг учун, қизларимни ҳам ҳар куни эрталаб ишга ва ўқишга ўзим кузатаман. Қандай кийим кийганига эътибор бераман. Модасига қарши бўлмасам ҳам, соғлигини сақлаш учун ота сифатида жавобгарман.

 

Демак, буйракнинг шамоллаши кийинишга боғлиқ экан - да? Фақат буйрак шамоллаши эмас, бошқа кўплаб касалликлар ҳам айнан нотўғри кийинишдан келиб чиқади.

 

Сўкинишлар

 

Яқинда бир дўстим ўқувчиларининг телефонидан кўчириб олган видеолавҳани кўрсатди. Унда пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бирида дарс жараёнидаги талаба қиз ва домланинг ўзаро муносабати кўрсатилган. Талаба қиз домлага шундай сўкинаяптики, эркаклар уялиб кетяпти. 2012 йил. Ёз. “Фарҳод” бозори. Бозорга кириб кетаётган эдим, йўлакда оломон тўпланган. Кимнингдир бақириғи эшитилаяпти: “ҳе, онангни...”, “Сен, ифлос, да..., пи...., фалон.... фалон қилай!”, “Мен билан ҳазиллашмагин, онангни Учқўрғондан кўрсатвораман!” Хуллас, оғзига олмаган гапи қолмади. Энг қизиғи у аёл киши эди. Бошқа бир аёлни дўппослаётган экан. Жабрланувчи ғирт маст. Оёғида туролмайди. Унинг ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқяпти.

 

Старизм нима?

 

Старизм – субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда, эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, теледикторларни илоҳийлаштириш. Ёш йигит - қизларнинг шахсий хоналарига кирсангиз, ё чет эл актёри, ё чет эл қўшиқчиси, ё чет эл теледиктори ёки чет эллик спортчининг бир неча юзлаб расмларини деворларга ёпиштириб ташлаганига кўзингиз тушади. Энг қизиғи улар ана шу қаҳрамонларининг расмини яқин кишиларидан ҳам устун қўйишади (Бирорта расмни йиртсангиз, “Бу сендан қиммат туради, нега йиртдинг!?” деб ўдағайлашидан ҳам буни билиш мумкин). Улар қоринлари оч қолса ҳам нон олмасдан ўзлари севган қаҳрамонларининг расми ёки ижод намунасини олишади. Ана шу қаҳрамонлари учун ҳеч нарсадан тоймайдилар, ҳатто ўзгаларга шикаст етказишдан ҳам.

 

Татуировка нима?

 

Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш Ислом динида катта гуноҳ ҳисобланади, – дейди Имом Бухорий халқаро маркази ҳадисшунослик бўлими мутахассиси Нодиржон Қобилов. – Бу амаллар миллий ўзлигимиз ва урф-одатларимизга ҳам тўғри келмайди. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур амалдан ўзимизни ва бошқаларни асрамоғимиз лозим.

 

Тарихий китобларда ёзилишича, татуировка ашаддий жиноятчилар учун жазо воситасига айланган. Аммо қайси манбани қидирманг, халқимиз ўтмишида татуировка тўғрисида бирор маълумот топилмайди.

 

Бир жинсли никоҳ

 

“Одамни ҳайвондан ажратиб турувчи нарса онгли равишда покиза оила қуриш. Оила деганда биз эр ва аёлнинг биргаликда турмуш қуришини тушунамиз. Лекин эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг турмуш қуришини «оила» деб атаб бўлмайди. Урғочи билан урғочининг, нар билан нарнинг қўшилуви ҳайвонларда ҳам йўқ.

 

Эркакнинг эркакка интилишидан жамият нафратланиб келган, кўпайишига йўл қўймаган... Эндиликда эса бундай «оила» қуришга турли мамлакатларда қонун йўли билан рухсат берилмоқда. Энг даҳшатлиси шундаки, уларга бола боқиб олишга ҳам рухсат этиляпти”. Табиий савол туғилади: “Улар боқувидаги бола қандай тарбия кўради, ким бўлиб етишади?” Улар боққан бола ота - онам деб эмас, балки ё она - онам ёки ота - отам деб катта бўлади. Унинг маънавияти қай даражада бўлиши ҳақида эса ўзингиз хулоса қилаверинг.

 

Хеппининг

 

Хеппининг (ваҳшиёна «кўнгил очиш»лар). Бу каби воқеалар бизнинг юртимизда деярли кузатилмайди. Лекин “оммавий маданият” маҳсули бўлган фильм ва ўйинларнинг юртимиз сарҳадларидан яшириниб, сездирмай кириб келиши ва уларни ёш авлод томонидан қабул қилинишини бизнинг мамлакатимизда ҳам хеппининг бўлишига сабабчи бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Огоҳ бўлайлик.

 

Жамият манфаатларини менсимаслик


Никоҳ куни машиналар карвонини уюштириш одатини ана шундай иллатлардан бири сифатида келтириш мумкин. Чунки биргина куёв ва келин ўз манфаати деб бутун шаҳар йўлларида ҳаракатланаётган йўловчи автоуловларга халақит беради. Тўйлардаги машиналар карвони кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Бу эса ўзига яраша ноқулайлик ва айрим ҳолатларда фожеаларни келтириб чиқармоқда. Жамият манфаатларини менсимаслик иллатига яна кўплаб мисолар келтириш мумкин.


Нигилизм

 

“Нигилизм” лотинча “Nihil”, яъни “ҳеч нима”, “ҳеч нарса” сўзидан олинган. Нигилизм – жамиятнинг ахлоқий, маънавий норма ва устунлари, тарихий ҳамда маданий қадриятларининг инкор этилиши; умумэътироф этилган, объектив қадриятларга нисбатан мутлақо салбий ҳамда ўта танқидий муносабатда бўлиш; муайян ҳодисага нисбатан бир ёқлама, келишувни рад этган тарзда муносабат билдириш; бузғунчилик ғояларини ўзида ифодалаш. Нигилизмнинг моҳияти маънавий қадрият ва меъёрлар тўсиғини ўртадан кўтариб ташлаб, кўнгил тусаган ҳамма ишни қилишга чақиради.

 

Скептицизм

 

Дунё ҳақида ишончли билимларга эришиш мумкинлигини шубҳа остига олувчи таълимотлардан бири. Скептицизм – билимдан кўра ҳиссий идрокни устун қўйиш ва шу асосда иш тутиш. Яъни улар билим ва тажрибалар асосида эмас, балки ўзларининг ҳис - туйғулари асосидагина иш кўришни хоҳловчилардир.

 

Цинизм

Беадаблик – асосий мақсад эмас, омадга эришиш воситаси, холос. Зарурат туғилганда ўз принципларидан чекинмаслик оқибатида инсон бир умр азият чекиб, ўз беҳаёлиги эвазига қўлга киритилган эркидан шикоят қилиб ўтиши мумкин. Бундай беадабликлардан бири – йигит кишининг ўзига бино қўйиб, тўйдан аввал бирор қизнинг номусини топташи ёки қиз боланинг ўз номусини топталишига йўл очиб беришидир.

 

Вандализм

 

Маданий ёдгорликларни, қадриятларни ваҳшийларча вайрон қилиб, оёқ ости қилиш, йўқотиш; маданиятсизлик, жаҳолат, нодонлик. Бугун бир ҳақиқатни сира иккиланмасдан, баланд овоз билан айтиш учун барча асосларимиз бор: “Истиқлол йўлида қандай суронли кунларни, қийинчилик ва тўсиқларни енгишга тўғри келмасин, юртимизга нисбатан қандай хуруж, зуғум ва пўписалар бўлмасин, биз энг оғир ва машаққатли дамларда ҳам мустақиллик ғоясига содиқ қолиб, ўзбекистон манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, ўз танлаган йўлимиздан қайтмадик ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз”

 

Жамиятдаги иллатлар бартараф этилмас экан, ёшлар ёруғ истиқболидан умид қилмаса ҳам бўлади. Ёшлар тарбиясида жисмоний поклик ва қалб поклиги бир - бирига мутаносиб олиб борилсагина, ижобий натижага етишиш мумкин.

                                             Ҳавасхон АКБАРОВА
                                             Хадичаи Кубро аёл - қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216404
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553