Никоҳнинг омадли шартлари
Никоҳ—муқаддас ришта. У қанчалар мустаҳкам бўлса, оила ҳам шунча бахтли ва фаровон бўлади. Оилалар бахти—жамият бахти. Икки инсоннинг ўзаро ҳамкор, ҳамфикр ва бир-бирига елкадош бўлиши ана шу муқаддас риштанинг мустаҳкамлигини таъминлайди. Уламолар бу борада қуйидаги қоидаларни қайд этганлар:
1. Тақводор бўлинг. Аллоҳни таниш, тақводор бўлиш У кўрсатган йўлдан юришдир. Бундай эру хотин ҳам ана шу муҳим ва асл қоидалар асосида ҳаёт кечиришга интилади. Тақводорлик хатоларга йўл қўймасликка, жабрлардан йироқ бўлиш ва бахт, демакдир.
2. Жаҳлни жиловланг. Кўпинча ёшлар қизиққон бўлади, ҳиссиётга берилади ва шу боис, кўп хато қилади. Чунки жаҳл чиқса, ақл кетади. Ақлсизлик ҳолатдаги ҳеч бир қарор яхши бўлмаслиги табиий. Шу сабабдан жаҳл чиққан пайтда ўзини боса олиш, хатога йўл қўймаслик оқил кишининг иши. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир куни саҳобаларидан: “Сизлар қандай кишини паҳлавон биласизлар”, деб сўрадилар. Улар: “Ҳеч бир киши унга ғолиб келмаганини”, дедилар. У зот алайҳиссалом: “Йўқ, паҳлавон ғазабланганда ўзини тута оладиган кишидир”, дедилар.
3. Бахслашманг, тортишманг. Бахслар ва турфа хил фикрлар оилани парчалайди. Бахсда ким ҳақ бўлган тақдирда ҳам у бундан ҳеч нарса ютмайди. Муносабатлар ҳам шу билан яхшиланиб қолмайди. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким ноҳақ бўлатуриб баҳс-мунозарани тарк этса, унинг учун жаннат чеккасида бир уй бино қилинади, кимки ҳақ бўла туриб тарк этса, унинг учун жаннатнинг ўртасига (қаср) бино қилинади. Кимнинг хулқи гўзал бўлса, унинг учун жаннатнинг энг олий жойига (қаср) бино қилинади» (Абу Довуд, Термизий ривояти).
4. Ҳеч қачон бир-бирингизга баланд овозда гапирманг. Бундай услубдаги сухбат эр-хотинни бир-биридан узоқлаштиради. Бақираётган одам овози босиқ ва хотиржам овоздан кўра ёмон эшитилади, тушуниш ҳам қийин. Зеро, бу ҳақда Қуръони каримда: “Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир”, дейилган. (Луқмон сураси, 19-оят). Шундай экан, ҳар қандай вазиятда муаммони вазминлик ва паст овозда ҳал этиш жоиздир.
5. Танқидни муҳаббат ила қилинг! Икки олам сарвари айтганларидек, “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”. Танқидни енгил йўсинда, ҳудди маслаҳат оҳангида қилинг-ки, ортиқча эътирозга, тушунмовчиликка ўрин қолмасин!
6. Ўтмишдаги хатоларини эслатманг! Турмуш ўртоғингизнинг эски хатоларини ёдига солиб, муҳокама қилманг. Бу билан ҳеч нимага эриша олмайсиз. Чунки ўтмиш энди ортга қайтмайди. Бугунги ва эртанги кун ҳақида ўйланг. Бундан ташқари инсоннинг хатоларини ҳадеб эслатавериш унда “мен ёмонман” деган фикрнинг шаклланишига олиб келади. Бундай фикрли инсон билан эса рисоладаги бахтли турмушни қуриш қийин.
7. Ҳеч қачон турмуш ўртоғингизни камситманг! Исломда эрнинг ўз хотинидан ва ўз навбатида, хотиннинг эридан ҳақлари бор. Никоҳда ҳамма ўзи учун деган тушунча йўқ. Истаклар, қизиқишлар ва талаб-эхтиёжлар умумийдир. Бир-бирини тушуниш, қўллаб-қувватлаш оилага мудом тинчлик ва бахт тортиқ қилади.
8. Ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир бор миннатдорлик билдириб туринг. Миннатдор бўлиш—сизнинг турмуш ўртоғингизни қадрлашингизни англатади. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга ташаккур қилмаган, Аллоҳга шукр қилмайди”, деган (Термизий). Миннатдорлик жуфтингизда нафақат ўзига, балки сизга бўлган ишончини ҳам орттиради.
9. Хатоларни тан ола билинг. Бордию сиз турмуш ўртоғингиз билан муносабатда бирор бир хатога йўл қўйган бўлсангиз, уни тан олиш ва кечирим сўрашга доим тайёр туринг. Аллоҳнинг расули (саллоллоҳу алайҳи васаллам) айтдики, ҳамма одам ҳам хато қилади, аммо уларнинг энг яхшилари кечирим сўрашга интилади.
Муслим МИРЗАЖОНОВ тайёрлади