Мувозанат бузилмасин!
Бу дунёда ҳамма нарса аниқ ўлчов ва мезон ила яратилган. Улкан коинот - ундаги жами сайёралар, жисмлар, бепоён замин - ундаги ҳар бир тирик мавжудот, наботот олами аниқ белгилаб қўйилган илоҳий тизим ва муҳим вазифа асосида ҳаракат қилади. Агар қуёш ўз вақтида кўтарилмаса, керагидан ортиқ қизиб кетса, ер ўз ўқи атрофида мўтадил айланмаса, магнит майдонининг тортиш кучи кўпайса ёки камайиб кетса, ҳаво босими кескин кўтарилса ёки ошиб кетса, кетма - кет ёмғир ёғаверса, ҳаводаги кислород миқдори бир фоизга кўпайиб ёҳуд камайиб кетса, осмонни тинимсиз булутлар қоплаб олаверса нима бўлади? Албатта ҳаёт низоми бузилиб, инсоният, наботот ва ҳайвонот тинч ва осуда ҳаёт кечиролмаган, бирор фаолиятини унумли бажаролмаган бўларди. Шунга кўра, жамият, ундаги оилалар ҳам шундай-тизимли, низомли асосда. Ҳар бир оиладаги инсоннинг ўз вазифаси ва масъулияти бор. Агар оила аъзолардан бири ўз вазифасини вақтида ва талаб этилганидек бажармаса ёки оила аъзоларининг ўрни алмашиб қолса, масъулият унитилса, курраи замин ўз мувозанатини йўқотгани каби, бутун бошли оилалар ҳам мувозанатни ва мустаҳкамлигини изидан чиқариб юборган бўлади. Бунинг учун оддий бир ўзбекона оилага чизгилар чизамиз.
Ўзбек оилаларида қайнона, қайнота, келин, куёв, ҳамда унинг опа - ука ва ака - сингиллари бўлади. Ҳар бир оила аъзоси кўпинча ўзининг ҳақ ҳуқуларини ёддан билади-ю, масъулият ва мажбурият чегарасига келганда ўзини бошқа кўчага буришга ҳаракат қилади. Мувозанат, адолат ва инсоф дея аталмиш муҳим тушунчалар шу ерга келганда ўз моҳиятини йўқотиб, амалда тўхтатилади.
Аввало, қайнота оила аталмиш кичик мамлакатнинг раҳбаридир. Унга оилани бошқариш, моддий ва иқтисодий ишларини тартиблаш, оила аъзоларини назорат қилиш, муҳим қарорларни қабул қилиш масъулияти топширилган.
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир*. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир”. (Нисо сураси, 34 оят)
Бутун оила устидан у жавобгар, сўралгувчидир. Чунки ҳадиси шарифларда:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ : أَلا كُلُّكُمْ رَاعٍ ، وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ ، أَلا فَالأَمِيرُ الَّذِي عَلَى النَّاسِ رَاعٍ عَلَيْهِمْ ، وَمَسْئُولٌ عَنْهُمْ ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أَهْلِ بَيْتِهِ ، وَمَسْئُولٌ عَنْهُمْ ، وَامْرَأَةُ الرَّجُلِ رَاعِيَةٌ عَلَى بَيْتِ زَوْجِهَا وَوَلَدِهِ ، وَمَسْئُولَةٌ عَنْهُمْ ، وَعَبْدُ الرَّجُلِ رَاعٍ عَلَى مَالِ سَيِّدِهِ ، وَمَسْئُولٌ عَنْهُ ، أَلا فَكُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ
Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлингким, ҳар бирингиз рахбардирсиз. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан сўралурсиз. Огоҳ бўлинг, инсонлар устидан амир бўлган улар учун бошлиқдир ва уларга масъулдир. Эркак киши эса ўз аҳли оиласи устидан рахбардир ва уларга масъулдир. Кишининг аёли эри ва фарзанди устида жавобгардир ва уларга маъулдир. Кишининг қули хўжайинининг моли устида жавобгардир ва унга масъулдир. Огоҳ бўлингким, барчангиз рахбар ва барчангиз сўралгувчидирсиз”, дедилар. (“Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал”)
Қайнона эса умр йўлдош ва доно вазирдир. Давлат бошлиғига фақат адолатли маслаҳатлар, қимматли фикрларни бериши, оила муаммолари, уларнинг ечимларини кўрсатиши керак. Оила зарари ва парокандалиги учун хизмат қиладиган маслаҳатлардан узоқ бўлмоғи даркор. Келин ва ўғлининг тинч яшашлари учун ҳар икковларининг яхшиликларини ошириб, ёмонликларини яшириб туриши, меҳрибон бўлиши, керак ўринда талабчанлик қилиши жуда муҳимдир. Қайнона ҳам ўз вазифасидан сўралади.
Ўғиллар эса тадбиркордирлар. Рўзғор учун керакли озиқ-овқат, асбоб анжом ҳамда кийим кечакларни келтириш уларнинг зиммасида. Ота-она, умр йўлдоши билан муносабатларига алоҳида аҳамият қаратмоғи, фарзандлар тарбиясида жиддий турмоғи даркор. У ҳам ўз вазифасидан сўралади.
Тадбиркорлар ризқ талабида тирикчиликнинг минг бир кўчасида юрганда келинлар уйда муаллималик қиладилар. Фарзандлар тарбияси, одоб аҳлоқи, илм олишини кузатиб, кам - кўстларни тузатиб борадилар. Қайнона учун яхши суҳбатдош ва беминнат дастёр, ошхонада қўли ширин ошпаз бўладилар. Қайнона эътибор бермаган нарсаларни ҳам тўғирлашга, оила аъзоларига нима кераклигини билиб туришга интиладилар. Икки оиланинг муносабатлари меъёрида бўлишини таъминлайдилар. Гарчи хато қилмаган бўлсалар ҳам гоҳо дакки эшитиб туришга кўникишларига, ёзилмаган “қоида”ларни ёдлаб боришларига тўғри келади! У ҳам ўз вазифасидан сўралади.
Энди, Худо кўрсатмасин, агар юқоридаги вазифалар алмашиб қайнона раҳбар, қайноталар вазир, хотинлар оила боқувчи, эрлар болалар тарбияси билан уйда ўтирувчи бўлсалар нима бўлади? Оила низоми бузилиб, мувозанат йўқолади. Ҳар куни машмаша, жанжал ва дилхираликлар авж олади. Оила аъзолари бир - бирини ҳурмат қилмай қўяди. Хотин “топиб келгани”ни пеш қилади, эр болаларга “энагалик” қилишдан тўйганини, қайнона уйда барака йўқлигини, келин билан тинмай жанжаллашганини, қайнота маҳалла кўй олдида беобрўлигидан “бош кўтаролмай қолгани”ни айтишдан чарчамайди. Болажонлар уйларидан безиб, кўчадан бошпана топишга интиладилар. Ҳасрат чанги янада юқорига кўтарилади. Машмаша жаранги атрофга тарқалаверади. Нега? Негаки, мувозанат бузилган, масуълият унитилган. Хотинлар эр топганига қаноат қилсалар, ёки ўзларига муносиб ишларда ишласалар, фарзандларига ўзлари тарбия берсалар, эрлар ҳамиятларини дангасаликка алмаштирмасалар, “уйда ўтириш”дан ор қилсалар, қайноналар кўп йиллик тажрибаларига ишонмай, эрларининг ақл-фаросати олдида ўз ақллари ҳамма нарсани англаб етавермаслиги, узоқни кўзлай билмаслиги ҳамда даражалари улардан бир поғона, атиги бир поғона паст эканлигини тушуниб етсалар, қайноталар энди кексайиб қолдим, менга нима демай, оилани ўзлари бошқарса, хотининг таъналаридан қўрқмаса, турмуш тизгинини маҳкам тутса, чойхоналардаги йиғилишлардан кўра оиласида йиғилишлар ўтказиб турса, насиҳатгўй бобо бўлса хўш, оила бўстонига гард юқармиди? Турмуш фаравонлигига путур етармиди? Мустаҳкам қўрғонига биров раҳна солармиди? Албатта йўқ. Бунинг учун биргина МУВОЗАНАТ сақланса кифоя!
Мирахмадова Нодира
"Хадичаи Кубро" аёл қизлар ўрта - махсус ислом билим юрти мударрисаси