Мурувватнинг умри боқий
11.7.2015 5546

Ривоятга  айланиб кетган бу  воқеани балки сиз ҳам эшитган чиқарсиз?  Айтишадики, бир асрча илгари биз томонлардан бир савдогар узоқ ўлкалардан бирига савдо иши билан боради. Бир зиёфат чоғида ота - бобосининг анъанасига амал килиб, овқатдан бўшаган идишни қайнаган сув билан чайқаб ичади. Даврадагилар унинг бу ҳаракатини бошқача тушунадилар: бу савдогарваччанинг юртида ювиндини ҳам қолдиришмас экан, булар шунақа тежамкор ёки хасис одамлар эканлар - да, деган хаёлга боришади. Орадаги шивир - шивир гапдан хабар топган ҳамюртимизга бу оғир ботади. Идишнинг тагигача тозалаб қўйиш хайрли иш саналишин айтади ва ўз халқининг бойлиги ва ориятини кўрсатиб қўйиш учун қоғоз пул ёқиб, менҳмонларга чой қайнатиб беради.

   

Бир қараганда, бу воқеа халқимизнинг қанчалик ғурури баланд, ор - номуси кучли эканини кўрсатади. Дарҳақиқат, аждодларимиз ўз халқи ва юрти шаънини ҳамма нарсадан устун қўйган. Аммо... Саховатнинг меъёри бузилса исрофгарчиликка айланади, ғурур ва ифтихор ҳаддини йўқотса, манманлик ва такаббурлик юзага келади. Миллий ғурур ҳар бир миллат ва элатга хос. Аммо манманликнинг, кибру ҳавонинг миллати бўлмайди.

    

Яқинда юртимизнинг чекка бир қишлоғига тўйга боргандик. Дастурхон обод. Барча нозу неъмат муҳайё. Даврани машҳур сўз усталаридан бири олиб бормоқда. Мамлакатга донғи кетган ёш бир қўшиқчи меҳмонлар хизматида.

    

- Қишлоғимизда бир ойнинг ичида саккизта тўй бўлди, - дея мақтана кетди ёнимизда ўтирган маҳаллий кишилирдан бири. - Уларда фалончи - фалончи артистлар келиб қўшик айтди, - дея етти-саккизта машҳур хонанданинг номини санади.

     

Маълум бўлишича, қишлоқ аҳлининг асосий қисми тадбиркорлик билан шуғуллунаркан. Шу боис тўйлар ҳам ана шундай дабдабали ўтаркан. Кишилар бир - биридан қолишмаслик учун катта пул билан пойтахтдан энг обрўли қўшиқчиларни чорлашга ҳаракат қилишаркан.

    

Тўй пайтида яна бир ҳолатдан таажжубга тушдик: қўшиқчига фақат йирик пуллар қистириляпти. Бир пайт бойваччаларнинг "ким ошди" савдоси бошланди. Бунда қистирилаётган пул миқдори ўсиб бораверар экан. Бирови келиб минг сўм қистирса, кейингилари икки минг, уч минг, беш минг, ўн минг...

  

- Ҳатто юз минггача кўтарилади, - тушунтирди ҳамсуҳбатимиз. - Охирида пул сочиш бошланади, Артистларнинг бошидан даста - даста пул ёмғирдек ёғилади.

   

Гапи тўғри чиқди. Бир пайт берилиб хониш килаётган таниқли, афсуски жуда таниқли қўшиқчи ўзини болалар орасига уриб пул тера бошлади...

 

Манзарани кузатиб, бу қишлоқ аҳлининг ҳаммаси ана шундай бой - бадавлат яшаса керак, деган, ўйга боргандим. Таассуфки, барча жойда бўлгани каби бу ерда ҳам кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож кишилар кўп экан.

    

- Бунақа ношукрчиликдан кўра, ўшандай ночор оилаларга ёрдам кўрсатишса, бебилиска совурилаётган пуллар хайрли ишларга сарфланса маъқул эмасми? - сўрадим суҳбатдошимдан.

    

- Э, қизик экансиз-ку! - дея эътироз билдирди ҳамсуҳбатим. - Бу ерга атроф - жавонибдан казо -казолар келишган.  Одамларимиз уларнинг олдида ўзини кўрсатиб қўйиши керак. Бировга қилинган хайру эҳсонни ким кўриб - билиб ўтирибди?

     

Унинг жавоби табиийки, кишини ранжитарди. Ахир, меҳр-мурувват хўжакурсинга қилинмайди-ку? Оқибат кўрсатишдан мақсад ўзини кўз - кўз килиш эмас - ку? Ўнг қўлинг қилган эҳсонни чап қўлинг сезмасин, деган ҳикмат бежиз айтилмагандир?

   

...Албатта, бундай манзарани бошқа жойларда ҳам кузатиш мумкин. Айниқса, катта-катта шаҳарларимизда бундан ҳам дабадали тўй - ҳашамлар бўлиб турибди. Қўша - қўша санъаткорлар, пулни хазондек совуриш, қимматбаҳо тўй либослари - ю, қатор - қатор "Лимузин"лар...

    

Ана шундай дабдабабозликнинг олдини олиш, тўй - ҳашамларни тартибга солиш мақсадида 1998 йилнинг 28 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинган эди. Орадан олти йилга яқин вакт ўтди. Афсуски, тўй - маъракаларда юқоридаги каби нохуш ҳолатлар ҳамон тўласинча бартараф этилгани йўқ.

   

Буюк маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Бехбудий 1913 - 1915 йилларда "Ойна" журналида эълон қилинган қатор мақолаларида ҳам ана шу масалага эътибор қаратиб, тўй - маъракаларга харжланаётган ортиқча маблағларин илм - маърифатга, эзгу ишларга йўналтириш лозимлигини таъкидлаган эди. Ундан ҳам аввалроқ Ҳазрат Навоий риё учун қилинадиган исрофгарчиликни қоралаб, бу иллат хасисликдан ҳам ёмон эканини айтганлар:

 

Сочмоқ овуч бирла гуҳар от учун,

Нақд этак бирла мубоҳот учун.                                       .

Ақл ҳисобидин эрур бас йироқ,

Бухл бу жудингдин эрур яхшироқ.

 

Яъни, ном чиқариш учун, ўзгаларнинг оғзини очириш учун ҳовучлаб дуру гавҳар, этак - этак пул сочиш ақлсизликдан ўзга нарса эмас. Бундан кўра, бахиллик қилиб, ҳеч кимга ҳеч нарса бермаганинг афзал.

    

Донишмандлар айтишадики, фақирлик ҳам, бойлик ҳам инсон иродасини синаш учун бериларкан. Яна айтадиларки, фақирлик имтиҳонидан ўтиш у қадар қийин эмас, аммо, бойлик синовидан ҳамма ҳам муваффақиятли ўтолмайди. Бойлик инсоннинг эзгу ишлар қилиши учун кенг имкониятлар яратиши баробарида уни тез йўлдан  оздириши, кибру ҳавога ғарқ этиши ҳам мумкин.

                                                              

                                                                                                                       Рустам ЖАББОРОВ

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216026
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24514