МУҲАММАДИЯ БОҒИ
27.5.2016 5525

      Мана болажонлар “Муҳаммадия” боғига хуш келибсизлар!
    Устоз! Устоз! Нимага менинг исмим билан номланган?! – деди бирваракайига бир қанча Муҳаммадчалар кўзчаларини пирпиратиб.. Ёқимли табассум устоз чеҳрасини ёритиб юборди: “Биз бу боғда Муҳаммадларим! Ер юзидаги энг буюк инсон Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Мустафоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан танишамиз. “Муҳаммадия” боғимиздаги бу бежирим эшик ортида бир олам борки у ерга “соллаллоҳу алайҳи васаллам” лафзини айтиш билан ўтилади. Қани марҳамат “Муҳаммадия” оламига кирингларчи... “СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ”!
     Қойил, зўрлигинии... бу! бу юлдузми... йўқ қуёш... йўқ комета ёруғлиги! Болачалар бир-бирини сўзларига қарама-қарши чуғуллашарди... Болажонлар бу “НУР” дир! Бу шундай нурки Рабиъул аввал ойининг шу 12-кунида ер юзида Муҳаммад деган инсон дунёга келиши сабабли дунё зулматини беқиёс ёруғлиги билан буркаган муборак зиёдир.
      Кейинги эшик ортидан калит сўзини айтиб кирган Аҳмад: “Мана бу ажойиб қўйлар галасини қаранглар”, - деди шошиб. Водий узра ёйилган бу жониворлар ҳар қандай кўзни ҳайратда қолдирар эди. Устоз: Ҳа шу жониворларни қараган Муҳаммадимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам меҳнатда чиниққан, ўктам ўғлон бўлганлар!
      Бу ҳайроннинг манзили… Устоз бу қария нима сабабдан йиғламоқда? Бу ишқ томчилари... Муҳаммадни илк кўрган онидагидаги қувонч ёшлари... келажакда бўладиган БУЮК БАШОРАТни мурғак қалб эгасида кўргандаги илк муҳаббат сарчашмаларидир.
    Ҳой буёққа мана бу туялар карвонини қаранглар! Ажабо! Бизлар ҳам улар каби савдогарлар бўламиз, ажойиб! Майсара исмли мана бу одамнинг туяси оқсоқланяпти!? Ёрдамга! Ҳозир кавондан қолиб кетади. Ия бу туяни ўрнидан турғазган нарса нима бўлди! Устоз: Муборак қўллардан ҳосил бўлган мўжизаларнинг бошланишидир...деди оҳиста.
      Тўй... Хадичанинг тўйи, Хадичанинг тўйи... болачалар қий-чув қилиб югиришди. Устоз менинг тўйимми, - деди қўнғироқ сочларини ўйнатганча митти Ҳадича кейинги олам аро ўтар экан ийманиб... Ширинликлардан, холвалардан олинглар. Бугун тарихда бўлган энг ёрқин зиёфат узра меҳмон бўламиз. Уммул мўминин онамиз Хадичанинг тўйига хуш келибсиз!
     Мен шу оламда қолишни хоҳлайман дерди дўмбоққина Маҳмуд ширинликларни паққос тушира туриб. Юр тезроқ Маҳмуд анави қурилишни қара... Бу ану, ану қора бино бор эди-ку, нима эди деб ўйланиб турган Билолнинг ҳаёлини “Каъба, Каъба” деган Зайнабнинг топағонлиги чалғитиб юборди. Тўғри бу Аллоҳнинг байти – Каъбадир. Биз ҳозир Каъбанинг таъмирланиш манзарасини кўриб турибмиз. Бу инсонлар нимага тўпалон қилишяпти устоз, - деди Абдуллоҳ ховлиқиб. Ҳажарул-асвад деган жаннатдан чиқган тошни Каъбанинг бурчагига ким қўйишлиги ҳақида баҳс кетмоқда. Бу шарафли ишдир. Бу вазифани ҳамма қилгиси келиб, шеригига бергиси келмаяпти, тушунтирилди.
    Бирдан Ал-Амин! Ал-Амин! деган садо ҳамма жойдан жаранглаб кетти... Ҳажарул-асвад бир матога қўйилди... Ҳар бир қабиладан бир вакил чиқиб матони тўрт томонидан кўтаришди... Ўрнига қўйилишига омил бўлган ечим... Кўрдиларингизми болажонлар қандай ажойиб ҳал бўлган масала. Адолат, зийраклик, барчани бирдан рози бўлишига, баҳснинг ниҳоя топишига сабаб бўлган мисли йўқ ечим. Ҳа бу фақат Муҳаммаднинг қўлидан келар эди холос – деди устоз фахр тўла кўзларини ортда қолган оламга тикиб...
      Хиро ғори... “Бу жой баландлигинии” – қўрқиб ўзини четга олган Усмон, устознинг қўлидан маҳкам ушлаб олди.
Болажонлар бизлар ҳозир илк бор пайғамбар бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихий онларида турибмиз... Айнан шу ғорда илк бор пайғамбарлик рутбаси берилган Муҳаммад деб ҳисоблаб келган инсонимиз - Муҳаммад Росулуллоҳ бўлганлар.

 

Яратган Роббинг номи билан ўқи.
У инсонни алақдан яратди.
Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!
У қалам билан илм ўргатгандир.
У инсонга у билмаган нарсани ўргатди...

 

      “Муҳаммадия” боғининг АСРИ САОДАТ масканига ўтиш учун “АШҲАДУ АНЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ ВА АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАР РОСУЛУЛЛОҲ” калит сўзини ишлатинг... Намоз, намоз... биз ҳам улар билан намоз ўқайлик – деди Юсуф хурсанд ҳолда сакраб. Устоз маъмнун ҳолда тушунтира бошлади: Илк даъват махфий равишда 3 йил давомида олиб борилган. Муҳаммад Росулуллоҳ ва уларга иймон келтирган инсонлар (улар саҳобалар деб юритилган) қуёш чиқиши ва ботишидан олдин икки маҳал намоз ўқишга буюрилган эдилар. Сўнгра ошкора даъват бошланган.
       Бу тошни олиб ташлайлик, бу тошни анави одамни устидан олиб ташлайлик... қийналиб кетти, олиб ташлайлик... бу ерда эса бу опаларни калтаклашмоқда “нимага урасизлар”... хой анави боғлаб қўйилган отахонга “сув-сув” бериглар... булар эса иссиқда қолиб кетишибди...
      Устоз болажонларнинг куйинишларига жавобан – “Тарихда шундай азиятларни кўпини кўрган ушбу саҳобаи киромларга Муҳаммад Росулуллоҳнинг садоқатли ҳалили Абу Бакр (р.а.) ёрдам берган”, - деб масалани юмшатди.
     Калит сўзларини айтиб кейинги оламга ўтар-ўтмас Амр ўртоқларига ховлиқиб бақирди: Кемалар... Анави улкан кемаларни... одамлар кемаларга югиришмоқда... биз ҳам қолиб кетмайлик... бўлиглар тезроқ. Устоз бу ҳолни кўриб, кулиб Амрни тинчлантирди: “Биз бу кемаларга чиқмаймиз – эй Амр! У одамлар бояги азиятлардан холи бўлишлари учун Ҳабашистон деган жойга кетишмоқда... Заҳро: “Устоз уларни ёмон одамлар тутиб, қайтаришмайдими”, - дерди хавотирланиб. “Йўқ! Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистонда Нажоший деган одил подшоҳ борлигини ва унинг юртида бировга зулм қилинмаслигини билардилар. Шу боис асҳобларига динларини фитнадан сақлаш учун Ҳабашистонга боришларини хабар қилган эдилар”, - деб жавоб берилди.
      Байрам, бу ерда байрам бўляпти... Маҳмуд югур хурмолар тарқатиляпти... Менинг байрамим экан! Менинг байрамим экан! – дерди Умар хурсанд бўлиб хурмолардан чўнтагига тўлдириб. Нега сенинг байраминг бўлади деди Умарнинг синглиси Фотима хайрон бўлиб. Эшитмаяпсанми Фотима – “Умар! Буюк Умар мусулмон бўлди! Бу Умарнинг байрамидир”, - дейишяптику деди.
      Вой бу ер мунча қўрқинчли... чақалоқлар йиғлаяптими... анави одамлар нега дарахт барглари ва пўстлоғини ейишяпти... Устоз! Устоз улар нега бундай ғариб ҳолда... Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида рўй берган энг даҳшатли иқтисодий қамалдир бу. Мусулмонлар учун бу давр жуда оғир бўлган. Дарадагилар уч йил ана шундай аҳволда яшадилар. Нимага? Мақсад – мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларига таслим эттиргунга қадар мусулмонларни оч қолдириш ва у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қулай фурсат топиш эди. Кейин нима бўлди!?... Бани Ҳошим билан бирлашган бутун мусулмонлар Пайғамбарларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр эдилар. Уларнинг бу жасоратлари сабаб Қурайш қабиласи тузган зулм битими бузилди, қамал бекор қилинди.
       “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” калит сўзи айтилиб “Муҳаммадия” боғининг кейинги оламига ўтилди. Тарихдаги буюк ходиса Ой бўлиниши... Қойил! Ойнинг катталигини! Юлдузларинг кўплигини! Бу ерда ҳам байрам-ми деди дўмбоққина Маҳмуд одамларнинг йиғилиб туришганини кўриб, ширинликларни қидиришни бошлади. Йўқ. Бу ерда ҳозир буюк мўжизани кўрасизлар! Ана ойга қаранглар! Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлиб юборилганларининг 9-йили ушбу ҳодиса “Ойнинг иккига бўлиниши” мўъжизаси рўй берган. Макка аҳли мушриклари томонидан талаб қилинган ишнинг “бетакрор ниҳояси” бўлган бу мўжиза - деб устоз воқеага шарҳ берди.
      Тоиф. Тош отмангалар, хой уларга тош отманглар, нақадар ёмонсизлар... Холид йиғламсираганича тош отаётган жамоага қараб бақирди. Устоз, устоз бу ердан кетайлик деди Руқойя пиққиллаб. Кетамиз! Бу олам тарихнинг энг қабиҳ нуқтасидир.
      Болажонларим “Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш қабиласидан умидларини узиб, Сақиф қабиласини Исломга даъват қилишга, ҳеч бўлмаса, бошпана бериб қўллаб-қувватлашларини умид қилиб, Тоифга бордилар, бироқ ҳимоячи ҳам, кўмакчи ҳам топмасдан, озор-у азиятлар кўриб қайтганлар”, - деб устоз ғамгин ҳолда ўша мудхиш ходисани эслаб, кўзидан қатра ёш тўкилди.
      Осмонга кўтариляпмиз-ми, - деб кейинги олам узра ўтган Али ортда қолаётган булутларни кўриб. Ажиб! Бу осмон эшиклари гўзаллигини... бизлар қаердамиз?! Исро ва Мэърож ҳодисасидир бу – деб тушунтирилди. Анави ёлтироқ ўрамли катта ҳадияларни қаранглар! Устоз, Устоз бизга ҳам берилсин?! – деб, бир қанча овоз жўрлиги жаранглади. Албатта, қадирдонларим! Ушбу буюк Меърож ҳодисаси сабаб барчага 5 маҳалдан мислсиз ҳадиялар берилади! – деб болажонларга совғалар улашилди. Бу ҳадиялар Нубувватнинг 13 йили Исро ва Меърож ҳодисасида фарз қилинган беш маҳал намознинг мукофоти ибтидосидир, деб кейинги боғ олами аро ўтилди.
      Бу ер тор, қоронғу, совуқ экан... Савр ғори дейиляптими... Ха, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг содиқ дўстлари Абу Бакр (р.а.) билан бирга Мадинаи Мунаввара деган гўзал масканга кетишларидан олдин уч кун турган ўша ғордамиз. Ўша гўзал шаҳарга биз ҳам борайлик деди кичик Асмо. Ана-аа! Анави ерда “Мадинаи Мунаввара”га деб чақирилмоқда... Кеттик тезроқ... биз ҳам мана бу туяларга миниб ўтар эканмиз – деб болажонлар хурсанчиликдан сакраб югуришди... Гўзал Мадина! Ия мен бу саловатни ёддан биламан, онам ёдлатган деб Аҳмад оҳангга жўр бўлди:

 

طلع البدر علينا .. من ثنيات الوداع

 

Толаъа-Бадру аълайна... Мин саниятил-Вадаъа

 

وجب الشكر علينا .. مادعي لله داع

 

Важабаш-шукру аълайна.. мадаа лиллаҳи даъа

 


     Масжиди Набавийнинг қурилиши... Ҳар бир ғиштга мукофот! Ҳар бир ишга ажр! Биз ҳам қурилишда иштирок этамиз деб – Хасан ва Хусайнлар енгларини шимариб, ишга тушиб кетишди. Масжид дарахтларига сув қуйишлик вазифасини София ва Амира “биз қиламиз” деб, кўзачаларни сувга тўлдиришга киришдилар. Усмон эса усти-боши чанг бўлишига қарамасдан масжид ховлисини супура кетти. Шерикларига ширин ичимликни тарқатишни Маҳмуд ўз зиммасига олди.
      “Муҳаммадия” боғидаги кейинги оламга калит сўзини айтиб ўтган болажонлар “қўнғироқлар чалиниши, дўмбираларнинг чертилиши, оловнинг ёқилиши, сурнинг овозини” эшитиб хайрон бўлишди. Зайнаб хамманинг номидан: Устоз, Устоз бу нарсалар нима учун қилинмоқда? - деб сўради.
      Бу ерда мусулмонларни намозга қандай чақирамиз деб ўйланиляпти, - деди устоз болажонларни қизиқтириб. Азон, намозга азон айтилиб чақирилади-ку устоз, - деди Билол хайрон бўлиб.
Ха балли Билолим! Ана сенинг гапларингни тасдиғи! Азон айтиляпти... Болажонлар тарихнинг гўзал кашфиётларидан бирини мароқ билан эштишди:

 

"Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,
Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ,
Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ,
Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ,
Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ,
Ҳайя алас Солат, Ҳайя алас Солат,
Ҳайя алал Фалаҳ, Ҳайя алал Фалаҳ,
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,
Лаа Илаҳа Иллаллоҳ" 

 

      Биз ҳозир Бадр деган жойдамиз. Бу ер Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илк зафарлари бўлган маскандир, - деб устоз воқеотни болажонларга қисқача тушунтириб берди. Анави эшик ортидан ширин хидлар келяпти, қувноқ овозларга қараганда қандайдир байрам бўляпти. Юринглар деди кейинги оламга ўтишни шошилтириб Маҳмуд. Эшикдан ўтишар экан жуда ҳам ғаройиб тантананинг гувоҳи бўлишди.
     Хайит, хайит байрамингиз бўлсин муборак.. деган акс-садолар, ширин таомлар, ширинли-гу, холвалар, кўзни қувонтирадиган совғалар, ранго-ранг ўйинчоқлар, гўзал гуллар ифори... болажонларни ҳайтарда қолдирди. Бу олам энг зўр олам экан деди Усмон, Али, Маҳмуд биргаликда хурсанд бўлиб. Устоз болажонларининг қувончларига шерик бўлиб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли бу умматга берилган байрамдир, - дея фахрланиб ширишликлардан олди.
     Бу жой Ухуд дейилади. Анави тоғни кўрияпсизларми шу тоғнинг номига қўйилган бу маскан. Шу ерда бўлган жангга ҳам Уҳуд номи берилган. Бу жойда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Хамза вафот этган. Макка мушриклари билан Мадиналик мусулмонларнинг орасида бўлган ушбу жанг жуда оғир кечган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига ҳеч нарса қилмаганми, - деди Абдуллоҳ болаларга хос жиддийлик билан. “Уҳуд куни Макка мушрикларининг ҳужумлари асосан у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилишга қаратилган эди. Ушбу нодон одамлардан бири отган тош у зотнинг юзларига тегиб, пастки ўнг курак тишлари синиб, пастки лаблари ёрилган. Пешоналарига жароҳат етказилган. Елкаларига зарб берилган”, - деб махзун ҳолда жавоб берилди.
     Бу ерни чуқурлигини. Эҳтиёт бўлинглар, йиқилиб тушманглар – дея Аҳмад ўртоқларини огоҳлантирди. “Бу ер нимага ковланяпти?”, - пастликдаги одамларниниг берилиб ишлашаётганини кўриб, қизиқиб сўрадилар. Биз ҳозир Хандақ (Аҳзоб) узра турибмиз. Ҳижрий 5 йил, шаввол ойида бўлиб ўтган Хандақ ғазотига тайёрланиш онларидир. Мен бу ҳодисани биламан, деди Салмон ўртага чиқиб. Менинг исмим мана шу хандақни ковлашлик фикрини берган инсон хурматига қўйилган, отам айтиб берганлар, - деди ғурур билан. Албатта! Сенинг “дахо исминг сохиби” айтган масала сабаб, ғалабага эришилган, - деб устоз, оҳиста Салмоннинг пешонасидан ўпиб қўйди.
      Анави одамлар нима сабабдан дарахт атрофида айланишяпти? – сўради Али. Бу Ризъон байъатидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилиш нияти билан Макка сари саҳобалари ҳамроҳлигида йўлга чиқадилар. Лекин Қурайш мушриклари уларни киргизишмайди. Шунда икки томон ўртасида тўрт банддан иборат сулҳ битими имзоланди. Ушбу битим Ислом тарихида “Ҳудайбия сулҳи” номи билан машҳурдир. Шундан кейил кейинги йил бу умрани қазосини адо қилишади.
     Барчамизга маълумки, бирон бир давлатнинг равнақи ва тараққий топиши учун, албатта, биринчи навбатда тинчлик ва осойишталик жуда ҳам зарур. Давлатнинг ички тинчлик ва фаровонлигини таъмишлаш, кучли ички сиёсатдан келиб чиқади. Аша шу воқеотлардан бири ҳисобланмиш Ҳудайбия сулҳи Ислом ва мусулмонлар ҳаётида янги даврнинг бошланиши бўлди - деб устоз масалани атрофлича тушунтирди.
      Подшоҳлик мамлакатларига саёҳат... эшитяпсизларми деди Маҳмуд шерикларини туртиб. Подшоҳлик мамлакатларига саёҳат... Қойил, бу хайбатли қасрларга қаранглар... бу қандай жой устоз?! Бизлар ҳозир турли хил подшоҳларнинг масканларидамиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан қайтиб келганларидан сўнг, 6-йилнинг охирларида подшоҳларни Исломга даъват қилиб, мактублар йўлладилар.
      Анави узукни кўряпсизларми?- деди устоз болажонларнинг диққатини марказдаги бежирим идиш ичидаги узукка ишора қилиб. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Подшоҳларга мактуб йўллашлари олдидан у зотга: "Подшоҳлар фақат муҳр қўйилган хатларни ўқишади", дейилгач, кумушдан узук ясаттириб, унга "Муҳаммад Расулуллоҳ", деб нақш урдирдилар. Ушбу нақш уч сатрга жойлашган бўлиб, бир сатрда محمد - "Муҳаммад", яна бир сатрда رسول - "Расул", яна бир сатрда الله - "Аллоҳ" калималари битилганди.
     Бу улкан, қаср-у биноларнинг эгалари эса: Миср подшоси Муқавқис; Форс ҳукмдори Кисро; Рум подшоси Қайсар; Баҳрайн ҳокими Мунзир; Ямома ҳокими Ҳавза; Дамашқ ҳокими Ҳорис; Ҳабашистон подшоҳи Нажошийлардир. Анави биноларчи, деди қизиқиб Зайнаб нариги олам эшиги ортидаги кетма-кет қалъаларга ишора қилиб. Устоз: Ха! Бу Хайбар ғазотида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари қўлга киритган зафар иморатларидир, - деб саволга жавоб берилди.
      Кейинги олам аро ўтган болажонлар тарихнинг Буюк фатҳи узра чиқдилар... Макка фатҳи... Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг саҳобадан ташкил топган қўшин билан Маккайи Мукаррамани фатҳ қилганлар. Фатҳ қутлуғ бўлсин, ғалаба муборак бўлсин... Устоз кичик саёҳатчиларига бу кун хурсадчилиги сабаб зам-зам суви тарқатди.
      Сўнги манзил... Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ калит сўзлари билан кирилган кейинги оламда жуда кўп инсонларнинг оппоқ кийиниб олишганини кўриб болажонлар ҳайрон қолишди. Устоз: Бу “Ҳажжатул вадоъ”дир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 10 йил100 мингдан ортиқ саҳобалари билан Маккага Хаж қилгани келганлар, - деб изохланди. Сўнгра устоз болажонларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни қилган “муборак хутбаларини” мухтасар қилиб айтиб берди: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, мен сизларга маҳкам ушласангиз ҳеч қачон адашмайдиган нарсани – Аллоҳнинг Китобини қолдирдим” ва “Эй одамлар, мендан кейин пайғамбар йўқ, сизлардан сўнг бошқа уммат йўқ. Огоҳ бўлинглар! Парвардигорингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, бир ой рамазон рўзангизни тутинглар, бойликларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб беринглар, Парвардигорингизнинг Байти (Каъба)ни ҳаж қиласизлар ва бошлиқларингизга итоат қилинглар, Парвардигорингизнинг жаннатига кирасизлар” , - деб марҳамат қилганлар.
       Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга Моида сураси 3-ояти нозил бўлган. “Бугун сизлар учун динингизни комил қилдим, сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим”... Ушбу оятлар “Муҳаммадия” боғининг сўнгги манзилида жаранглаб тиловат қилинди...
      Қадирли кўз қувончларим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни беқиёс муҳаббат билан севинг... Шунда Аллоҳ сизни севади... Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ!

 

Хадичаи кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси Н.Ғофурова

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216436
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556