Кўнгил обод бўлса ...

Мукаррам яралган инсон деган зот,
Демакки, Ҳақ йўлда айланг ижтиҳод.
Поклигу тақводан кўнгил эрур шод,
Кўнгил обод бўлса – турмуш ҳам обод!
Шукр, устимиз бут, бахтимиз тугал,
Имон-эътиқодни тутганмиз машъал.
Қалбнинг гавҳарига берайлик сайқал,
Кўнгил обод бўлса – турмуш ҳам обод!
Барчамизга бешик шу азиз Ватан,
Бунёдкор халқдирмиз, бир жону бир тан.
Меҳр-мурувватдан яшнагай чаман,
Кўнгил обод бўлса – турмуш ҳам обод!
Тупроғин тўтиё айлайлик кўзга,
Тинчлиги барқарор, тўкин ризқ-рўзга.
Одил қори айтар ганж битиб сўзга,
Кўнгил обод бўлса – турмуш ҳам обод!
Фарзандлар баркамол, омон бошимиз,
Ҳалол ичганимиз, еган ошимиз.
Яхшилик қилайлик қари-ёшимиз,
Кўнгил обод бўлса – турмуш ҳам обод!
Аллоҳнинг йўлида собитмиз, долмиз,
Аллоҳни унутсак – афтодаҳолмиз.
Дину диёнатда фазлу камолмиз,
Кўнгил обод бўлса – турмуш ҳам обод!
Одилхон қори Юнусхон ўғли