Кичик сабоқнинг катта мукофоти
Абдуллоҳ ибн Марзуқ жуда бадавлат эди. У мол-дунёси кўплигидан сармаст эди. Бир куни ўйин-кулгига берилиб, пешин, аср ва шом намозларини қазо қилди. Ҳар намоз вақтида жория уни огоҳлантирса-да, бепарво бўлди. Хуфтон намози киргач, жория яна огоҳлантирди. Аммо у қулоқ солмади. Шунда жория Абдуллоҳ ибн Марзуқнинг оёғига кичик чўғни ташлади. У қўрқанидан ўрнидан сакраб турди. Жаҳл ила жорияга ўшқираб кетди:
– Бу нимаси? Кўзингга қарамайсанми?
Жория:
– Хожам, кичик бир чўғнинг азобига чидолмас экансиз, охират азобига қандай чидайсиз? – деди.
У мулзам бўлди. Жориянинг сабоғи уни йиғлатди. У туриб намозларини ўқиди. Жорияларни озод қилиб, мол-мулкини садақа қилди. Ўзи эса баққолчилик билан тирикчилик қила бошлади. Бир куни Суфён ибн Уяйна ва Фузайл ибн Иёз унинг ҳузурига кирганларида уни тагида тўшаксиз, бошининг остида эса бир ғиштдан бошқа ҳеч нарса йўқ ҳолатда кўришди. Суфён ибн Уяйна ундан:
– Бирор бир киши Аллоҳ учун бирон нарсани тарк қилса, албатта, Аллоҳ таоло унинг ўрнига бошқа нарсани эваз қилиб беради. Аллоҳ учун тарк қилган нарсангиз эвазига У Зот сизга нима берди? – деб сўради.
Абдуллоҳ ибн Марзуқ:
– Мана шу ҳолатимга рози бўлишни (яъни, ризоликни) берди, – деб жавоб қилди.
“Қисосут-таибийн” китоби асосида тайёрланди