Кибрингиздан ғолиб бўлдингиз(ми?)
10.10.2016 4860

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ قَالَ رَجُلٌ: إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا وَنَعْلُهُ حَسَنَةً قَالَ: إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ وَغَمْطُ النَّاسِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

 

      Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалбида заррача кибр бўлган кимса жаннатга кирмайди”, деганларида бир одам: “Киши либоси ва пойафзали чиройли бўлишини яхши кўрса, (бу ҳам кибрми?)” деди. Шунда у зот: “Албатта Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни таҳқирлашдир”, дедилар (Муслим, Термизий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган).
     Ушбу ривоятда кибр иллатининг асл моҳияти очиб берилмоқда. Ривоятдаги “қалбида заррача кибр бўлган кимса жаннатга кирмайди” жумласи уламолар томонидан турлича таъвил қилинган. Жумладан:

 

1. Ким имон келтиришдан кибр қилса, умрининг охиригача тавба қилмаса, жаннатга умуман кирмайди;

 

2. Банда жаннатга кираётганида қалбида кибрдан асар ҳам қолмайди. Зеро, ҳар бир банда жаннатга маънавий иллатлардан покланган ҳолда киради;

 

3. Мутакаббир кимса жаннатга тақводорлар билан аввалгилар қаторида кирмайди.

 

    Ушбу таъвиллардан маълум бўладики, қалбида кибр бўлган кимса жаннатга кира олмайди. У мусулмон бўлса, қилган гуноҳига яраша жазоланиб, поклангандан кейингина жаннатга кириши мумкин. Лекин банда кеккайгани учун қандай азобларга гирифтор бўлиши Аллоҳга аён.
    Қози Иёзнинг айтишича, ривоятда чиройли кийинишни хоҳлайдиган киши сифатида зикр қилинган Молик ибн Мурора Раҳовийдир. Абу Умар ибн Абдулбарр шунга ишора қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, чиройли кўринишга эга бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:

 

– Эй Расулуллоҳ, мен чиройни, гўзалликни яхши кўраман. Кўриб турганингиздан ҳусндан бенасиб эмасман. Ҳатто бу борада, пойафзалнинг ипи билан бўлса-да, бирон киши мендан ўтиб кетишини хоҳламайман. Шу ҳам кибрми?” деди. Шунда у зот:

 

Йўқ. Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни ҳақорат қилишдир, – дедилар (Абу Довуд ва Табароний ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

 

    Юқорида келтирилган икки ривоятга эътибор қаратадиган бўлсак, кибрнинг асосий икки белгиси намоён бўлади. Булар: ҳақиқатни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қараш. Ҳақни тан олмаслик ҳақиқатни инкор қилиш, адолатга қарши бориш, ҳаққа эътибор бермаслик, ўз нафси йўлида одамлар ҳақини поймол қилишдир. Аллоҳнинг ҳақларини, У Зотнинг амр-қайтариқларини тан олмай, нафси измида ҳаёт кечириш ҳам айнан кибрдир.
    Одамларга паст назар билан қараш, уларни ожиз ва нотавон, ўзини кучли, кўп нарсага қодир ва мутлоқ афзал, деб билиш кибрнинг асосий белгиларидандир. Бу икки иллат қалбда бўлади. Бу нарса банданинг юриш-туриши, муомаласи ва хулқ-атворида яққол кўзга ташланади. Лекин мутакаббир ва мутавозеъ одамни фақат ташқи кўришига қараб ажратиш тўғри эмас. Шундай инсонлар борки, улар покиза ва чиройли кийимлар кийиб, кўпчиликнинг ҳавасини келтириб, одамларга ўрнак бўлиб юрадилар. Устига-устак улар ўзларини бошқалардан юқори тутмайдилар, камтарин бўладилар. Аслида тавозеъ шундай бўлади. Яна бир тоифа кимсалар борки, улар кийиниш ва юриш-туришда мақтана олмасалар-да, тилида фақат унинг ўзигина энг яхши, энг зўр. Ундан бошқалар паст даражада. Аслида мутакаббир чиройли кийинган, бежирим ва қимматбаҳо машинада юрадиган, юқори мартабада ишлайдиган бўлиши шарт эмас.
    Яна такрор айтамиз, кибр қалбда бўлади. Камтарлик ҳам қалбда бўлади. Кимнинг кийими чиройли, уй-жойи рисоладагидек ва ўзи камтарин бўлса, қандай яхши?! Қайси бир кимсанинг ҳаёти пароканда, бирон касбни эгалламаган, иш жойининг тайини йўқ, бирон иш қўлидан келмайдиган, лекин мақтанчоқ, кибрли, одамларга паст назар билан қарайдиган бўлса, қандай ёмон?!
     Кибр ва камтарлик орасини яхши фарқлай олиб, камтар бўлишга, кибрнинг яқинига ҳам йўламасликка ҳаракат қилиш лозим. Унутмайлик, Динимизда чиройли бўлиш, покиза юришдан қайтирилмаган, балки кибрдан қайтарилган. Шариатда йиртиқ-ямоқ, эски-туски кийимлар кийишга алоҳида тарғиб қилинмаган, бироқ камтар бўлишга амр қилинган. Бундан келиб чиқади, ким мутакаббир-у, ким камтарлигига моддият кўзи билан эмас, маънавий нуқтаи назарда қаралади. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга кибрнинг туб моҳиятини набавий ҳадис орқали очиқ-ойдин баён қилиб берганлар.

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ يَدْخُلُ النَّارَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ حَبَّةٍ مِنْ إِيمَانٍ وَلاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ حَبَّةٍ مِنْ كِبْرٍ فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَيُعْجِبُنِي أَنْ يَكُونَ ثَوْبِي غَسِيلاً وَرَأْسِي دَهِينًا وَشِرَاكُ نَعْلِي جَدِيدًا وَذَكَرَ أَشْيَاءَ حَتَّى ذَكَرَ عِلاَقَةَ سَوْطِهِ أَفَمِنْ الْكِبْرِ ذَاكَ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: لاَ ذَاكَ الْجَمَالُ إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ وَلَكِنَّ الْكِبْرَ مَنْ سَفِهَ الْحَقَّ وَازْدَرَى النَّاسَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ لِغَيْرِهِ.

 

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалбида зиғирча имон бор банда жаҳаннамга кирмайди. Қалбида зиғирча кибр бор банда жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мен либосим ювилган, сочимга ёғ суртилган ва пойафзалим ипи янги бўлишини хоҳлайман”, деб, бир нарсаларни зикр қилди. Ҳатто қамчисининг тасманини ҳам айтди ва: “Шу ҳам кибрми, эй Расулуллоҳ?” деб сўради. У зот: “Йўқ. Бу чиройдир. Албатта Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради. Аммо кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни масхара қилишдир”, дедилар (Аҳмад ва Табароний ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ лиғойриҳ).
    Ким Аллоҳга бўйин эга, Унга итоат этса, демак ўша одам камтардир. Ким аксини қилса, бундай кимса мутакаббир саналади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина мана шу ривоятда кибрни мукаммал суратда таърифламоқдалар. Демак, бир сўз билан айтганда, кибр ҳақни қабул қилмаслик ва одамларни менсимасликдир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216423
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24554