Келин - куёв қандай бўлиши керак?
12.8.2016 8094

    Ҳақиқий йигит диёнатли қизга уйланишни мақсад қилади. Агар қиз диёнатли бўлиб, устига мол-дунё, обрў-эътибор, гўзаллик соҳибаси ҳам бўлса, нур устига нур. Аммо бойлиги, мансаб-мартабаси, чиройи бўлса-ю, диёнатсиз бўлса, фазилат саналмайди. Молдор диёнатсиз аёл бўйсунмас, диёнатсиз гўзал аёл мағрур, обрўли диёнатсиз аёл такаббур бўлади. Диёнатли аёл гўзал, бадавлат, обрўли бўлсаям, камтар, хушхулқ бўлади.
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлни тўрт нарса – мол-мулки, насл-насаби, гўзаллиги, дин-диёнати учун никоҳлаб оладилар. Сен диёнатлисини танла, барака топкур!” деганлар. Шунга кўра, уламолар уйланиш борасида етти ўлчаб бир кесишни, бўлажак келинни адолатли, инсоф-тавфиқли қўни-қўшнилардан сўраб-суриштиришни маслаҳат беришган.
    Мазкур сифатлар эркакларга ҳам хос. Зеро, қиз ҳам йигитнинг келишганлиги, бойлиги, обрўси, насабига алданиб қолмай, диёнатли йигитни танлаши керак. Диёнатли, солиҳ йигит жуфт бўлиш учун энг муҳим сифатларга эга йигит саналади. Қолган сифатлар диёнатдан кейинги ўринда туради.
     Диёнатли йигит хотинини ҳар томонлама ҳимоя қилади, у билан тотув яшайди, унча-мунча инжиқликларини кўтаради. Энг муҳими, уни яхши кўрса, эъзозлайди. Борди-ю ёмон кўрса, зулм қилмайди. Агар аёл бирга турмушни истамаса, уни қийнаб ушлаб турмайди, йўлини очиб қўяди.
    Ҳозирда кўп одамлар куёв танлашда охиратни ўйламай иш қилмоқдалар. Улар куёвнинг имон-эътиқоди, одоб-ахлоқидан кўра отасининг мансабига, бойлигига учиб қизлари бахтига зомин бўлмоқдалар. Сир эмас, ахлоқсиз, ишратпараст, нашаванд, пиёниста, бузуқ йигитларнинг кўпи ҳаром даромад ҳисобига бой-бадавлат бўлган оилалар фарзандларидир.
    Оилавий ҳаёт қийинчилик ва масъулиятларга тўла бўлади. У – ҳолатлар ўзгаришининг улкан майдони. Оила бойлик асосига қурилган бўлса, мол-дунё кетгач, нима бўлади? Чиройга, обрўга асосланган оилаларда бу ҳолатлар ўзгарса-чи? Шубҳасиз, оилавий ҳаётда “инқилоб” юз беради, келишмовчилик бош кўтаради. Зеро, оила мустаҳкам асосга эмас, беқарор таянчга, шахсий истакларга асосланган эди.
    Аммо диёнатга эътибор бериб оила қурилса-чи? Дин-диёнат мусулмон қалбидаги мустаҳкам ақидадир. Мусулмоннинг сўзию иши имонга асосланади. Шундан келиб чиқиб бошқалар билан муомала қилади. Диёнатли эр ёки аёл кенгликда Аллоҳ таолога шукрли, қийинчиликда сабрли бўлади, воқеликка имон билан ёндошади, жуфти ҳалолига вафо қилади. Бахтнинг асоси дин-диёнатда, одоб-ахлоқдадир. Эр-хотиннинг бир-бирига меҳр-муҳаббати, ҳурмати ҳам уларнинг нақадар диёнатли эканларига боғлиқ.
   Куёв танлаш борасида қизнинг отасига, амакиси ёки тоғаларига катта масъулият юкланади. Иложи бўлса, бўлғуси куёв ҳақида яхшилаб сўраб-суриштирилса, турли усулларда синаб кўрилса, фойдадан холи бўлмайди.  (Манба: Муҳаммад Шариф Жуман, Аҳмад Муҳаммад, “Динда саволим бор”).

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 68177
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9907