Истиғфорнинг фойдалари
13.7.2015 7959

 

        Агар сиздан: “Нима учун денгизчи ўзининг кемасини сафарга чиқиш олдидан обдон кўздан кечиради?”, “Нима учун ғаввос акулаларга тўла денгизга шўнғиётганда темир қафаснинг ичига кириб олади?” ёки “Нима учун танасида оғриқ сезган одам дарров шифокор ҳузурига боради?” деб сўрашса, қандай жавоб қайтарган бўлардингиз? Табиийки, бу саволга “улар ҳаётларини хатарга қўймаслик, турли фалокатлардан сақланиш, хавфсизлик чораси сифатида шундай қилишади”, деган маънода жавоб қайтарилади. Бироқ, ҳаётда булардан ҳам муҳимроқ хавфсизлик чораси бор. Бу истиғфордир. Зеро, истиғфор нафақат инсоннинг бу дунёдаги, балки охиратдаги ҳаётини ҳам сақлайди, унинг хавфсизлигига кафолат беради.  Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Уларнинг ичида Сиз бўла туриб,  Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас”, дейди (Анфол сураси, 33 - оят).

   

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида қуйидагиларни айтади: “Мусулмонларда иккита омонлик кафолати бор эди. У ҳам бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва истиғфор. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Истиғфор эса, мусулмонлар хавфсизлигининг кафолати сифатида қиёматгача боқийдир”.

   

Хўш, истиғфорнинг ўзи нима, унинг қандай фойдалари бор? “Истиғфор” луғатда ўрашни, яширишни талаб қилиш маъносини билдиради. Истилоҳда эса, қилган гуноҳларининг кечирилишини Аллоҳдан сўраш маъносини англатади. Демак, истиғфор Аллоҳ таолога “Гуноҳларимни кечиришингни сўрайман”, деб илтижо қилиш, дуо қилиш экан.

   

Аллоҳ таоло бизни Ўзидан мағфират сўрашга буюрган: “Яна, Аллоҳдан кечирим сўранг. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Нисо сураси, 106-оят).

   

Чиндан ҳам, Аллоҳ таоло астойдил тавба қилиб, кечирим сўраган бандаларининг гуноҳларидан ўтади. Қуйидаги ҳадиси шариф сўзимизнинг ёрқин далилидир.

    

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мўмин банда бир гуноҳни содир этгач, дарҳол ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат (нафл) намоз ўқиса ва Аллоҳдан гуноҳининг кечирилишини сўраса, Аллоҳ унинг гуноҳини сўзсиз кечиради”, дедилар - да, ушбу оятни ўқидилар: “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар...” Абу Довуд ва Термизий ривояти.

    

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юз марта “Ё Раббим, мени кечир, тавбамни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва ўта раҳмли Зотсан”, деб дуо қилишларини санар эдик” Абу Довуд ва Термизий ривояти.

 

Мўътабар манбаларда истиғфорнинг қуйидаги фойдалари борлиги айтиб ўтилган:

1.Истиғфор сабабли гуноҳлар кечирилади.

2.Истиғфор сабабли Аллоҳ таоло барака ёмғирларини ёғдиради;

3.Истиғфор айтувчиларни авлод-зурриёт билан қувватлайди;

4.Истиғфор айтувчиларга боғу бўстонлар яратиб беради;

5.Истиғфор айтувчилар учун дарё ва анҳорлар оқизиб қўяди.

 

У зот Ўзининг Каломида Нуҳ алайҳиссалом тилидан шундай марҳамат қилади: «Бас, Раббингизга истиғфор айтинг, – албатта, У кўп мағфират қилувчидир – осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ҳамда бола - чақа ила мадад берадир ва сизларга боғ-роғлар ҳамда анҳорлар беради» дедим» (Нуҳ сураси, 11,12 -оятлар).

Буюк ватандошимиз Имом Абулбаракот Насафий ўзининг «Мадорик» номли машҳур тафсирида қуйидаги қиссани келтиради.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганди. Бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келди. Ҳасан Басрий: «Истиғфор айтинглар», деб маслаҳат берди. Бироздан сўнг бошқа бир киши камбағалликдан, яна бири фарзандсизликдан, бошқалар ғам - ташвишларидан шикоят қилишди. Ҳасан Басрий уларнинг ҳаммасига «истиғфор айтинглар» дея бир хил маслаҳат берди. Шунда суҳбатдошлардан Рабиъ ибн Субайҳ Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: «Эй имом, ҳар хил тоифадаги кишилар сизга турли нарсалардан шикоят қилишди. Сиз бўлсангиз ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси нима?» деди. Ҳасан Басрий бу саволга жавобан юқоридаги оятларни ўқиб берган экан.

6.Истиғфор тоатларни осонлашади, дуо қилишга инсоннинг рағбатини оширади.

7.Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги узоқлик йўқолади.

8.Истиғфор айтувчининг қалбида дунё арзимас матодек бўлиб қолади.

9.Истиғфор айтувчидан жин ва шайтонлар узоқлашади.

10.Истиғфор айтувчи ўзининг қалбида имон ва тоат ҳаловатини ҳис эта бошлайди.

11.Истиғфор айтувчини Аллоҳ яхши кўради. “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222 - оят).

12.Истиғфор айтувчининг имони, ақли ва танаси қувватли бўлади.

13.Истиғфор сабабли ғам - ташвишлар арийди.

14.Истиғфор айтувчи вафот этса, фаришталар унга Аллоҳдан жаннат хушхабарини келтирадилар.

15.Қиёмат куни ҳамма иссиқдан терга ботган пайтда истиғфор айтувчи Арш соясида бўлади.

16.Кишилар маҳшаргоҳдан ўз манзилларига қараб кетаётганларида истиғфор соҳиби Аллоҳнинг тақводор дўстлари билан бирга ўнг томон эгалари қаторида бўлади.

17.Истиғфор сабабли одамлар ҳам, жамият ҳам турли фисқу фасодлардан покланади.

18.Истиғфор айтувчининг ҳақига Аллоҳнинг Аршини кўтариб турувчи фаришталар дуо қиладилар.

19.Истиғфор кишини гуноҳ ишлардан тўсади.

20.Истиғфор сабабли ёмонликлар ажр-савобларга айланади.

21.Истиғфор қалбдаги доғларни кетказади.

Маълумки, гуноҳ сабабли қалбда қора доғ пайдо бўлади. Истиғфор эса, гуноҳларнинг камайишига, тўкилишига сабаб бўлади. Гуноҳлар тўкилгандан кейин қалбда доғ қолмайди.

22.Истиғфор дўзахдан қутулишга ва жаннатга киришга ёрдам беради.

23.Истиғфор мўминларнинг сифатидир. Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатини санай туриб шундай деб марҳамат қилади: “(Улар) саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17 - оят).

24.Истиғфор инсоннинг кўнглини тинчлантиради, хотирини жам қилади.

25.Истиғфор сабабли банданинг Раббига бўлган шукри ҳам юзага чиқади.

Биз юқорида истиғфорнинг энг муҳим дунёвий ва ухравий фойдаларини санаб ўтдик. Агар истиғфорнинг ҳамма фойдаларини келтирадиган бўлсак, бир китоб бўларди. Лекин, одамларни истиғфор айтишга чақириш учун шуларнинг ўзи етарли деб биламиз. Аллоҳ барчамизни мудом истиғфор айтувчи бандалардан қилсин!

                         

Нозимжон Иминжонов
Тўрақўрғон туманидаги “Усмон Зуннурайн” жоме масжиди имом ноиби

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216397
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553