Исломда оила қуришнинг нозик жиҳатлари
3.3.2016 7498

      Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, вояга етаётган ўғил - қизларнинг таълим - тарбияси масалалари борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва тараққиёт сиёсатининг мақсади юртимизда истиқомат қилувчи барча инсонлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш, ривожланаётган демократик мамлакатлардаги кафолатланадиган турмуш даражаси ва эркинликларини таъминлаш, ахлоқий жиҳатдаи мустаҳкам оила бўлган адолатли жамиятни шакллантиришдир”. Шу боис, оила мустаҳкамлигини сақлаш, муқаддаслигини келажак авлод руҳига сингдириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.
       “Никоҳ” луғатда “қўшиш”, “жамлаш”, “яқинлик” маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни, эр кишининг никоҳида шаръан монелик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир. Бу таъриф баъзи Ҳанафий уламолар томонидан айтилган бўлиб, бошқа таърифлар ҳам кўп, ҳаммаси бир-бирини тўлдириб келади. Таърифдаги “аёл” сўзидан аёл кишидан бошқа билан никоҳ боғлаш мумкин эмаслиги, яъни, фақат бир эркак ва бир аёл орасида никоҳ боғланиши бўлиши мумкинлиги келиб чиқади. “Никоҳида шаръан монелик бўлмаган” деганидан шариат никоҳини ҳаром қилган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Бутпараст аёл, маҳрам–яқин қариндош аёллар шу жумлага киради.
        Ҳар биримиз оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўришимиз вазифамиздир. Жамиятимизда келин-куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажмда ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур.
       Аввало, эркак киши рафиқа танлашда аёл кишининг дини, одоб-ахлоқи, оиласи, касб-кори, насл-насабига эътибор беради. Бу нарса ислом динида кафоат деб аталади. Кафоат бу – тенглик деганидир. Яъни турмуш қуришда дин, диёнат, насаб, мол-давлат, ҳунар каби нарсаларга аҳамият қаратилади. Шундай экан, келин-куёв танлашда никоҳ ёшига ҳам диққат қилиш, никоҳланувчи икки инсон бир-бирига муносибми, йўқми шуни ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Сабаби, орзу-ҳавасга берилган, фарзандларининг бошини тезроқ “иккита” қилишга шошилувчи ота-оналар – улар никоҳ ёшига етмаганларини кўпинча инобатга олмайдилар.
      “Эрта оила қуриш” икки хил маънони англатиши мумкин. Биринчиси, ҳали балоғатга етмаган, турмуш қуришга тайёр бўлмаган йигит ва қизларнинг ўз хоҳиши ёки мажбуран оила қуриши. Бу иш динимизда қораланган. Иккинчиси, йигит ёки қиз балоғатга етгач, оила қуришга ҳар тарафлама тайёр бўлгач, кечиктирмасдан никоҳ қуриш. Ислом мана шундай никоҳга тарғиб қилган. Баъзи инсонлар Ислом қизларни барвақт узатишга чақиради, бу уларга нисбатан зулм, дея нотўғри тушунчада бўладилар. Албатта бу асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмирларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга етган, жинсий тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг учун уйланиш шарт бўлмайди. Исломнинг оила қуришга қилган тарғибини тўғри тушуниш, холис баҳолай олиш керак.
        Исломда балоғатга етган ва ҳар тарафлама қодир бўлган эркак ва аёл никоҳланишга, шу йўл билан фарзанд кўпайтириш, жамиятга манфаат келтиришга буюрилган. Бундай ҳукмларни Қуръонда ҳам, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳам кўп учратиш мумкин.

 

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ يَزِيدَ قَالَ: دَخَلْتُ مَعَ عَلْقَمَةَ وَالأَسْوَدِ عَلَى عَبْدِ اللهِ فَقَالَ عَبْدُ اللهِ: كُنَّا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَبَابًا لاَ نَجِدُ شَيْئًا فَقَالَ لَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ ، مَنْ اسْتَطَاعَ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ.

 

     Абдураҳмон ибн Язиддан ривоят қилинади: “Мен Алқама ва Асвад билан Абдуллоҳ ибн Масъуд олдига кирдик. Шунда Абдуллоҳ: “Биз Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ўсмир эдик, (уйланишга) бирон нарса топа олмасдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, бас, уйлансин. Зеро у кўзни пастга қаратувчи ва фаржни зинодан сақловчидир. Кимда-ким қодир бўлмаса, рўза тутсин. Сабаби бу унинг учун бичилиш (сақловчи)дир”, дедилар”, деб айтди” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий ва Аҳмад ривояти).
      Биз ривоятда “никоҳ” деб ўгирган сўз арабча матнда “баъа” деб келтирилган. Мазкур лафз тилимизда “никоҳга ҳар тарафлама – ҳам жинсий, ҳам иқтисодий, ахлоқий тарафдан тайёр бўлиш” маъносини англатади. Демак, банда балоғатга етиб, ақлини таниб, никоҳга ҳар томонлама тайёр бўлса, унга уйланиш, никоҳланиш фарз бўлади. Акс ҳолда қодир бўла туриб, оила қурмай юриш, зино ва шу каби бузуқ ишларга йўл очади. Бу эса жамиятнинг бир бўғини бўлган оилалар тинчлигига, йигит ва қизларнинг нотўғри йўлларга кириб қолишига сабаб бўлади.
      Бу ривоятда оила қуришга иқтисодий тарафдан қодир бўлмаганлар учун ҳам фойдали тавсия берилмоқда. Бундай йигитлар рўза тутишлари керак. Шунда шаҳвоний ҳирс бироз бўлса ҳам сусаяди, зинодан сақланиш, кўзни тийиш осонроқ бўлади. Лекин бу вақтинча ҳолат. Барибир ҳаракат қилиб никоҳланиш, фарзанд кўриш, аҳли оиласи билан бахтли ҳаёт кечирмоғи даркор.
      Исломда никоҳ ёши қандай эканини билиш учун юқоридаги ривоят лафзларига эътибор қаратамиз. Биз “ёшлар” деб ўгирган сўз ривоятнинг арабий матнида “шабоб” деб ифодаланган. Мазкур сўз тилимизда “балоғатга етган ва ўттиз ёшгача бўлган йигит” маъносини англатади. Демак, балоғатга етган, ақлини таниган ва оила қуришга тайёр бўлганда ёшларни уйлаб қўйиш, қизни узатиш лозим. Ривоятларнинг бирида кечиктириб бўлмайдиган ишлар сирасига бўйига етган қизни узатиш ҳам киритилган.
      Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирда 16-17 ёшли қизлар турмушга тайёр эмаслиги, туғруқ ҳолатида қийналиб қолаётгани айни ҳақиқатдир. Шу боис уларни 19-20 ёшларида турмушга бериш лозим кўрилмоқда. Йигитлар эса 20-22 ёшларда оила қуришлари тавсия қилинмоқда.
      Исломда қиз ёки ўғилни мажбурлаб никоҳлаш мумкин эмас. Зеро қиз ва ўғилнинг розилиги билан никоҳ қилинади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, биз қиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, отаси унинг розилигисиз турмушга бераётганини айтганида, у зот қизга ўз ихтиёри билан турмушга чиқиши мумкинлигини айтганлар. Демак, ёшларни мажбуран, ота-она ўзлари хоҳлаганларига беришлари жоиз эмас. Бунда фарзандлари розилиги билан иш тутилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Баъзи жоҳил оталар: “Қиз меники, уни хоҳлаганимга бераман” ёки “ўғлим сўзимни икки қилмайди”, деб ўз билганларича иш тутадилар. Тўғри фарзандлари отанинг гапини ерда қолдирмай, тавсия қилинган қизга уйланишлари ёки турмушга чиқишлари мумкин. Аммо бу ерда кўнгил, мойиллик, деган нозик туйғулар ҳам борки, оила мустаҳкамлигида булар асосий омиллардан саналади.

 

Хикоят Худайберганова

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216837
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24587