ИСЛОМ – ҚАЛБЛАРГА ШИФО ДИН!
20.10.2015 6712

Аллоҳ таоло айтади: “Ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят)

 

   Бугунги кунда ёшларимизнинг онгида муқаддас ислом таълимотларини тўғри шакллантириб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Телевидение орқали намойиш этилаётган диний-маърифий мазмундаги кўрсатувлар, даврий журнал ва газеталар, уламоларимизнинг янгидан-янги нашр қилинаётган китоблари, айниқса, интернет тармоғида оммалашиб бораётган миллий сайтлар ёшларимизнинг нафақат дунёвий балки диний дунёқарашларига ижобий таъсир ўтказмоқда. Аммо шунга қарамай баъзи нохуш ҳолатлар ҳали ҳам авж олган. Бунга мисол қилиб айни кунда долзарб бўлиб қолган ёш йигит ва қизларнинг ношаръий муносабатларини келтириш мумкин. Айрим ёш йигит-қизларимиз турли орзу-ҳавасларга учиб, миллий урф-одатларга риоя қилмай, динимиз таълимотларини пухта ўрганмай туриб бир-бирлари билан турли алоқалар боғламоқдалар. Энг ачинарлиси, бу ишлар оқибатида нафақат ўзлари аламли изтиробда қолмоқдалар балки ота-оналари ва атрофдагиларга ҳам кўп машаққат бўлмоқда.
      Динимизда бу каби ҳолатларни муолажа қилиш борасида жуда кўп кўрсатмалар келган. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”, деганларини эшитдим» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилганлар).
    Никоҳга тарғиб қилувчи бу каби ҳадисларни мўътабар китобларимизда кўп учратишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳланишни нафақат ўзларининг суннатлари, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар. Никоҳланишга вақтинча кодир бўлмаган мўминлар қандай қилиб номуносиб вазиятлардан сақланишлари ҳақида ҳам етарлича кўрсатмалар келган. Аммо илмсизлик ёки бошқа сабаблар туфайли аксарият ёшлар гуноҳга ботиб қолишмоқда.
    Қуйида ана шундай вазиятга тушган йигитнинг хикоясини ҳавола этмоқчимиз. Бунинг баёнини бироз ноанъанавий тарзда келтирамиз. Сабаби, қаҳрамонимизнинг барча кечинмалари маърифат ўчоғи бўлмиш muxlis.uz сайти орқали Шайх Зайниддин жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли билан ғойибона савол-жавобларида намоён бўлади. Аксарият савол-жавоблар сайтга жойлаштирилганлиги сабабли уларни қисқача келтирамиз.

 

***

13.11.2013 йил: Қори ака, анчадан бери Сизга маслаҳат ўрнида бир савол бермоқчи эдим. Ишхонада мен билан бирга ишлайдиган бир қизга кўнгил қўйиб ота-онамни совчиликка юборган эдим. Уйимиз таъмирланаётганлиги боис бу йил тўй қилолмас эдик. Қиз тарафдагилар бир йил узоқ муддат бўлганлиги сабабли аниқ бир тўҳтамга келмадилар. Биз бир жойда ишлаганимиз учун ўртамизада илиқлик пайдо бўлган. Лекин ишхона ва бошқа жойда пинҳона равишда учрашмаймиз. Фақат телефонда SMS орқали ҳабарлашиб турамиз. Бу ҳақида ота-онамизнинг ҳабарлари йўқ (балки сезишар). Мени қийнаётган савол шуки, бегона қиз ва йигит SMS орқали гаплашиб туришига динимиз тарафидан қандай баҳо берилади? Бу вазиятни тўғри ечилиши учун нима маслаҳат берган бўлардингиз? Орада у қизга ҳам совчилар кела бошлади. Уйдигиларим рози бўлишганда қиз тарафдагилар бошқа совчига розилик беришипти. Яна маслаҳат сўрадим.

 

16.04.2014 йил: Эрталабдан юборган саволимга 3 соатда жавоб олдим. Унда совчи устига совчи қўйиш ҳаромлиги, сабаби бу хиёнат, биродарининг ҳаққини поймол қилиш ва ҳурматини топташ билан баробарлиги айтилган эди. Қуйидаги жумлалар эса менга анчагина далда бўлди: “Бундай ҳолатда Аллоҳга таваккул қилиб, Ўзидангина ёрдам сўрашингиз керак. Сабаби биз ожиз бандалар кўп нарсани билмаймиз. У Зот ғайбни билади, биз учун нима фойда-ю, нима зарар эканини билади. Сиз ҳозир яхши кўраман деётганингиз ўша қиз билан оила қуришингиз сиз учун хайрли бўлмаслиги мумкин. Балки бу ишларда ҳам бир ҳикмат бордир. Шу сабаб ҳар қандай ҳолатда ишларимизни Аллоҳга топшириб, У Зот нимани ирода қилган бўлса, шу нарсага рози бўлишимиз керак”.
    Ишлар мен ўйлагандек бўлмаганлиги сабабли катта изтиробга тушдим. Бундай вазиятда ёлғиз Аллоҳгагина юкиниб қоларкан киши. Дардимга шифони динимдан қидирдим. Руҳий тарбияга, сабрга оид китоблар ҳақиқатни юзага чиқара бошлади. Берадиган саволларимнинг ҳам мазмуни ўзгарди.

 

04.08.2014 йил: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатни янада зиёда қилиш учун кўпроқ нималар қилишимиз керак?

 

16.08.2014 йил: Бугун сайтда чоп этилган "Сабр турлари" мақоласини ўқиб ўзим учун кўп ибратлар олдим. Аллоҳ биз мухлис ўқувчиларингизга қилаётган яхшиликларингиз эвазига улкан ажрлар ато этсин! “Сабр фазилати” номли китобингизни қаердан олсак бўлади?

 

21.08.2014 йил: ...Менга насиҳат қилсангиз. Аллоҳдан асл мўминларга ҳос шижоат, ғайрат, сабр сўраб дуо қилсангиз. Сўнгги пайтда қанча ҳаракат қилмай бироз тушкун ҳолатга тушиб қолаяпман. Шайтоннинг ҳар дақиқа васвасасини сезаяпман. Лекин имкон қадар ибодатни кўпроқ қилиб Аллоҳдан паноҳ сўраяпман. Яна бир илтимосим бор эди. Агар эсингизда бўлса 4 ҳил қисқа дуо ҳақида алоҳида мақола қилиш режаси борлигини айтган эдингиз. Имкони бўлганда шу мақола ҳам чоп этилса, биз мухлис ўқувчиларингиз уларни Аллоҳнинг раҳматидан умид қилган ҳолда доим ўқиб юрсак.

 

09.09.2014 йил: ... Бир китобда “агар Аллоҳ бандасини мартабасини Ўзининг ҳузурида кўтармоқчи бўлса, унга синов юборади” деб ўқигандим. Яна ҳар кимни ҳам Аллоҳ Ўзини тоатига лойиқ кўрмас экан. Сўрамоқчи бўлганим, Аллоҳга суюкли бўлишнинг ҳам аломатлари борми?

 

07.03.2015 йил: Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ҳурматли Одилхон қори ака, бугун Сизга йўллаётган саволларимни яна бирини (Совчи устига совчи қўйиш ҳукми қандай?) сайтга жойлаштирилганини кўриб беҳад қувондим. Лекин бу сафарги қувонч ўзгача, Аллоҳ таолонинг биз ожиз бандаларига Ўзининг хикмати ила йуборган тақдирига шукрона қувончдир! Алҳамдулиллаҳ! Сал кам бир йил олдин бу саволни йўллаётганимда қанчалик ғафлатда, жаҳолатда бўлган эдим. Бугун эса Аллоҳ таолонинг чексиз инояти ила қалбимда хотиржамлик. Аллоҳ бу ҳолатимизни бардавом айласин. Ҳар нарсада Аллоҳга таваккул қилиш, устимизга келган қувончу-ғамнинг фақат Аллоҳданлигига иймон келтириш, доимо сабру-шукрда бўлиш ва У Зотнинг ҳар ишида улкан ҳикмат борлигини англаб етиш биз бандаларнинг бурчларимиздан экан... Сизга йўллаган саволларимга жавоб олган бўлсамда, кўрсатмаларингизга гоҳида амал қилмаган пайтларим ҳам бўлди, Аллоҳ Ўзи кечирсин. Мен “ёқтирган” қиз ўша йигитга турмушга чиқди, Аллоҳ бахтларини исломда, иймонда бардавом қилсин. Албатта, қалбимга катта изтироб тушди. Банданинг бошига тушган бу каби синовларда (умуман, барча ҳолатларда) нажот фақат Аллоҳдан экан. Буни тўлиғича ўзимдан ўтказдим. Аввалидан етарлича диний илмимиз бўлмагани сабабидан ношаръий, суннатга ҳилоф муомалаларга йўл қўйдик. “Яхши кўриш”, “севиш”, “гаплашиб юриш”, “узундан-узун орзулар қилиш”... Қанчалар кўр бўлган эканмиз... Ўйлаган нарсам амалга ошмагандан кейин Аллоҳга юкиндим. Илмлиларнинг уғитларини синчковлик билан ўргандим. Изтироб пайтида Аллоҳдан нажот сўраш ўзгача бўлар экан. Аллоҳ бизнинг юртимизда илмли инсонларни кўп қилган. Сайтингиздан сабрга оид барча мақолаларни ўқиб чиқдим, шайх хазратларининг руҳий тарбияга оид маърузаларини тингладим. Қалбим анча таскин топа бошлади. Ибодатларни кўпроқ масжидларда қилишга одатландим. Аллоҳ меҳрибон. Гуноҳга йўл қўйган бўлсак ҳам бизга “йўқотганиз”дан ҳам кўра ҳайрлироқ нарса ато этди назаримда. Бу Ўзига бўлган муҳаббат. Дини ислом арконларини маҳкам ушлаган банда кам бўлмайди, иншааллоҳ. Устоз, Аллоҳ тоалодан менга ўхшаб солиҳа жуфт талабида юрган бандаларига сўраганимиздан афзалини ато этишини, мустаҳкам иймон ила доимо шариат аҳкомларига риоя қилиб икки дунё саодати насиб этишини сўраб дуо қилсангиз!

 

***

 

    Ҳа, ислом дини ана шундай қудратли дин. Исломга мухлис бўлганларга энг изтиробли дамларда ҳам нажот калитлари бор. Хикоямиз қаҳрамони шундай пайтда қалбига қуйидаги сўзларни муҳрлаб олган эди: "Дўстим, нега ғамгинсиз? Нима сабабдан кўнглингизга қил ҳам сиғмайди? Ғамлар юки елкангиздан босиб, чўктирадиган даражада оғирми? Балки яқин инсонингизни соғингандирсиз ёки ишларингиз юришмаяптими, бирон синовдан ўта олмаяпсизми? Кутган нарсангиз кечикяптими? Орзуларингиз четта қолиб кеттими? Меҳрга, ширин сўз, далдага мухтожмисиз? Қўйинг, хаммасини ортга ташланг, чунки биламан, ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади... Сиз учун қила оладиганим – Аллоҳ енгиллик, қалбингизга ёруғлик берсин! Айтмоқчи бўлганим, дунёда мукаммал яшаётган инсоннинг ўзи йўқ. Ишонмасангиз, атрофингизга теранроқ нигоҳ билан қаранг. Шунда ҳаммаси Аллоҳнинг хақлиги ва каломи Қуръонда: “Батаҳқиқ, биз сизларни машақатда яратдик” деган оятига тақалади (Балад сураси, 4-оят). Қалбингизни хотиржам қилинг, чунки Аллоҳ хотиржам қалбларга назар солади".
       Аллоҳ таоло барчамизни иймонда, исломда, ихлосда собитқадам қилсин!

 

Каримов Элёр

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216345
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24552