Икки жуфт қўлқоп
16.7.2016 5371

“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

   

    Бу воқеа Қуръони каримнинг ўзбекча маънолари “Шарқ юлдузи” журналида босилиши тугаган, 1992 йилда содир бўлган эди. Маъноларни ўқисам ҳам ичига киришга кучсизлик қиладиган, бўйинбоғ тақиб, попка кўтариб юрадиган пайтларим. Қиш қаттиқ келди. Попкани қўлқопсиз кўтариб юрсам, қўлим совуқдан ачишади. Шундай кунларнинг бирида, қайсидир ташкилотга бориб, қўлқопимни йўқотиб чиқибман. Кўргулик экан, деб бошқасини сотиб олдим. Бир қанча вақт ўтиб, унисини ҳам, худди ўшандагидек вазиятларда йўқотдим. Яна сотиб оламанми, қўлқопсиз юрсам, юра қолай, деган қарорга келдим, лекин бир-икки кунда совуқ жонимдан ўтиб кетди. Шунда, беихтиёр нола қилибман: “Эй, Аллоҳ! Кўриб турибсан, икки жуфт қўлқоп йўқотдим. Мен ҳам ҳеч бўлмаса, бир жуфтини топиб олай!” 

Бу гап бир онлик ҳиссиёт маҳсули эди, жиддий айтмаган эдим, лекин, қаранг-ки, бир неча кун ўтиб, қўлқоп топиб олдим... 

Шом вақти кирган, автобусда уйга қайтаяпман. Қор ҳафсала билан ёға бошлади. Юнусободдаги бекатимга етиб келганимда қор ер юзини юпқагина қилиб, ёпиб бўлган эди. Атрофда одамлар сийрак. Кўчани кесиб ўтаётганимда, трамвай бекати тугаган жойда, қор остида бир нима қорайиб ётганини пайқаб қолдим. Олиб қарасам, бир жуфт қўлқоп экан. Ка-аттакон! Мотоцикл ҳайдовчилари тақиб юрадиган, бошмолдоқ кирадиган уяси алоҳида, қолган бармоқлар эса, бир ўрага тушгандек бўлгулик халта! Матоси дағалдан дағал! Ҳеч қанақа иссиқни тутмайди, фақат шамолдан тўсиши мумкин, холос. Шунда Аллоҳга қилган нолам ёдимга тушди. Тушдию, “эркалик” билан хитоб қилибман: “Эй, Аллоҳ! Мен бу қўлқопни нима қиламан? Мотоцикл минмасам! Буни кийиб, попкамнинг бандини ҳам ушлолмасам! Манга шу керакмиди?” 

Топилмадан хурсанд бўлмасам-да, уни попкамнинг чўнтагига, йўл-йўлакай ўқиладиган газета-журналлар солиб қўйиладиган чўнтагига тиқиб қўйдим-да, йўлимда давом этдим. 

Уй (квартира)га келиб, қўлқопни попкамдан чиқариб, иш столимга ташлаган эдим, ўғлим қизиқсиниб олди ва қўлларига кийди, “Зўр-ку! Қаёқдан олдиз?” – деди. “Нимаси зўр экан?” – деб зарда қилдим. Шунда ўғлим қўлини “халта” ичидан чиқариб кўрсатди. Не кўз билан кўрай-ки, унинг панжаси жун ипдан тўқилган, ҳар бир бармоқнинг ўз уяси бор, чиройли қўлқоп ичида эди! 

Топиб олганим, йўқотганим каби, икки жуфт экан! Аллоҳ — Эшитгувчи ва Сахий! 

Жун қўлқоп кўп қишларда қўлларимни совуқдан асради, Аллоҳга шукрлар қилдим. Энди, орадан шу-унча вақтлар ўтиб, хавф қиламан: “Ахир, ўша қўлқоплар менга ўхшаган бир банданинг буюмлари эди-ку! Демак, бировнинг зарари ҳисобига ҳузур қилиб фойдаланган эканман-да?” 

Буёғи қандоқ бўлди, дейман ўзимга. Бир нарса озгина тасалли беради. Ўша қўлқопларни Аллоҳ менга атаб, хоссатан яратган бўлиши мумкин-ку. Одамларнинг кўз олдида ётган харсангтошни туяга айлантириб, ўрнидан турғизган Зот учун икки жуфт қўлқоп нима деган нарса?! 

Шундай бўлса ҳам, ҳозирги кунларда кимдир: “Мен ўшанақа қўлқоп йўқотган эдим”, деса, эвазини қайтаришга тайёрман. 

Қўлқоп – ўткинчи бир матоҳ. Лекин ўша воқеа менга ибрат бўлди, шекилли, Аллоҳни гўё кўриб турибману, халоскор дўстимга мурожаат қилгандек, ичимда гапириб қўяман, биронта қийинчилик ёки кўнгилсизликни енголмасам, жимгина нола қиламан. Шунда ё шароит менинг фойдамга ўзгариб қолади, ё хаёлимга халоскорона бир фикр келади. Буларни “Аллоҳ ижобат қилди”, дейман ёки “Аллоҳ дилимга солди”, дея қабул қиламан ва яна шукроналар айтаман. 

 

Қудрат Дўстмуҳаммад 
2016 йил, 25 июн

 

 

www.qadriyat.uz 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 97653
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 43576
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 30913
  • Қайнона ва келин муносабатлари

    Бошқа миллат вакилларининг кўпчилиги биз ўзбекларнинг оилавий ҳаётимизга, яъни, қариндош уруғларнинг бир-бирларига бўл…

    6.82015 29783
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

17279