Филиппинлик муслиманинг садоқати
Бир кишнинг ўлими яқинлашди. Ўғилларини чақириб, уларга васият қилди. Катта ўғлини чақириб: "Ўғлим мен бир вақтлар ҳеч кимга айтмасдан хорижлик аёлга уйланганман. Мана бу унинг манзили. У Филиппиндаги мусулмонлар истиқомат қиладиган маҳаллада яшайди. Зиммамдаги масъулиятни адо қилиш учун ўша аёлимнинг олдига бор", деди ва кўп ўтмай оламдан кўз юмди. Отасининг вафотидан сўнг мерос тақсимлаш маҳкамасида отанинг болалари йиғилди. Қози меросни тақсимлаётган пайтда отаси айтган васият катта фарзанднинг ёдига тушди ва қозига меросга ҳақли бўлган яна бир аёл борлигини ва у хорижда яшашини айтди. Қози ўша аёл келмагунча мерос тақсимланмаслигини билдирди.
Катта фарзанд Филиппинга учиб борди ва отаси берган манзил бўйича ҳалиги аёлни қидирди. Минг машаққат ва қийинчиликдан сўнг унинг манзилини топди ва эшикни тақиллатди. Ўранган аёл эшикни очиб, "Хуш келибсиз. Мен сизни танидим. Мен сизнинг отангизнинг хотиниман. Отангиз ўлгани ҳақидаги хабар менга етиб келди. Аллоҳнинг иродаси экан", деди. Йигит "Мен сизни ўзим билан олиб кетгани келдим. Отамнинг меросларин тақсимлаётган эдик. Маҳкама қозиси сиз келмагунча меросни тақсимламаслигини айтди. Шунга сизни ўзим билан Риёзга олиб кетаман", деди ва аёлни Риёз шаҳрига олиб келди. Аёлга меросдан 800 минг реол (267 минг доллар) улуш тегди. Аёл катта фарзанддан Умрани адо қилиши учун Маккага олиб боришини илтимос қилди. Сўнг биргаликда бориб умра қилди ва Жидда аэропортидан Филипинга учиб кетди.
Орадан тўрт йил ўтиб катта фарзанд отасининг хотинини яъни ўгай онасини соғиниб зиёрати учун Филипинга келди. Манзилга етиб келганда, қараса яна ўша эски кўримсиз камтарона қурилган уй. Уйга киргач ўгай онасидан нима учун қўлида шунча маблағ бўла туриб, фаровон яшаш ўрнига оддий ва содда ҳаёт кечираётганини сўради. Аёл катта фарзандни шаҳар марказига олиб борди ва у ердаги Катта исломий марказни кўрсатди. Марказда минглаб ёш талабалар Қуръон ёдлаш, араб тили тўгаракларига қатнаётганини ва марказ олдида "Етимларни оталиққа олиш" ташкилотини кўриб ҳайратланди. Марказнинг устидаги ёзувни кўриб ҳайрати янада ошди. Чунки Марказ раҳматли отасининг номи билан номланган эди. Аёл катта фарзандга: "Меросдан менга етган пулнинг барчасини мана шу марказга сарфлаб, бу марказни отангизни номига садақайи жория қилиб қўйдим", деди. Катта фарзанд бу аёлнинг эрига бўлган садоқатини кўриб йиғлади ва ўз юртига қайтгач укаларини йиғиб отасидан қолган 5 миллион реол(1 миллион 667 минг доллар)ни барчасини йиғиб, етим-есир, бева-бечора ва толиби илмларга ғамхўрлик қиладиган бир нечта хайрия жамғармаларини ташкил қилди ва уларни отасининг номига садақайи жория қилиб қўйди.
Филиппинлик муслима аёл ўзининг гўзал хулқи ва тақвоси билан марҳум эрининг болаларига охиратни дунёдан устун қўйишни ўргантган эди.
Одилхон қори Юнусхон ўғли таржимаси