Эътиқодда ғулувга кетманг!
8.11.2016 8834

    Ғулув (الغلو) сўзи арабча “غلا”, “يغلو” феълидан олинган масдар, яъни иш-ҳаракат номи бўлиб, луғавий жиҳатдан ҳаддан ошиш, меъёрни билмаслик, маъноларига далолат қилади.
   Динда мўътадиллик чегарасини бузиб, ғулувга кетиш қадим-қадимларга бориб тақаладиган салбий ҳолат бўлиб, бу ҳолат барча динларда бўлган. Мисол учун, аҳли китоблардан насоролар Аллоҳ буюрмаса ҳам ўзларига роҳибчилик ва таркидунёчиликни лозим қилиб олганларида, шунингдек, Аллоҳнинг қули ва пайғамбари бўлмиш Ийсо алайҳиссаломни ўз инсоний мартабасидан юқорироқ мартабага қўйиб, илоҳийлаштирганларида ғулувга кетдилар. Аллоҳ таоло уларни динда ҳаддан ошишдан қайтариб: “Эй китоб аҳли, динингизда ғулувга кетманг ва Аллоҳ ҳақида фақат ҳақ сўзнигина гапиринг!” деди (Нисо сураси: 171-оят).
    Динда меъёрни билмаслик, Аллоҳ белгилаган чегараларни бузиб, ғулувга кетиш ҳолатлари афсуски, Ислом динидаги одамларга ҳам бегона эмас. Тарихдан яхши маълумки, кўплаб адашган тоифалар, залолатдаги фирқалар динда, эътиқодий масалаларда ҳаддан ошиб, ғулувга кетганлари учун тўғри йўлдан озиб, залолат ботқоғига ғарқ бўлганлар.
     Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, динда ҳаддан ошиш ва ғулувга кетиш ҳолатларининг асл сабаблари кўпинча, динни яхши тушунмаган ҳолда, шариат мақсадларини ва фиқҳ илмини чуқур билмай туриб, Аллоҳга чинакам ибодат қилиш, шариатни ҳаётга тўла татбиқ қилиш каби олий мақсадлар туфайли юзага келган. Яъни, инсон илмсиз бўлса, илмсизлик ва жаҳолат билан Аллоҳга ибодат қилмоқчи бўлса, у инсоннинг нияти ҳарчанд ўз кўнглида гўзал бўлмасин, тўғри йўлдан адашиб кетиши муқаррар нарсадир. Бу нарсани, Ислом умматида энг биринчи бўлиб майдонга келган хаворижлар тоифасининг мисолида кўришимиз мумкин. Мазкур тоифа диний билимлари чуқур бўлмаган ҳолда Қуръоний оятларни нотўғри таъвил қилиш оқибатида йўлдан адашди ва Ислом уммати бошига кўплаб кулфатларни келтирди. Ҳолбуки, уларнинг ибодатга мустаҳкамликлари, ибодатда ғайри табиий тиришқоқликлари бор эди. Аммо, бу нарса уларни залолатдан сақлаб қололмади. Шунинг учун ҳам ИЛМ динимизда энг муҳим ўрин тутади. Илмсиз инсон ақидани билмайди, натижада адашади. ИЛМсиз инсон фиқҳни билмайди. Натижада динни ўзига ва ўзгаларга ҳам қийин қилиб қўяди. Илмсиз инсон одамларни тўғри йўлдан оздиришга ҳарис бўлган турли бузғунчи оқим ва тоифаларнинг тузоғига осон илиниб қолади. Негаки, унда ИЛМ деб аталмиш мафкуравий иммунитет шаклланмаган. Залолатдаги тоифаларнинг ояту ҳадислар билан безатилган даъватларига қарши саҳиҳ илмдан ташкил топган бир қуроли йўқ унинг. Шунинг учун ҳам динимизда ИЛМ энг юқори ўринга қўйилган. Эътибор, қилинг! Аллоҳ таоло: “Бас, Билгинки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! Ва Ўз гуноҳинг учун ва мўмину мўминалар учун мағфират сўра!” (Муҳаммад сураси: 19-оят). Ояти каримада шунчаки, “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир!”, дейилмади. Ҳолбуки, бу сўз оламдаги энг буюк ҳақиқатдир. Мазкур энг улуғ сўзни олдидан ҳам билим сўзи келтирилмоқда. Бу эса илмнинг нақадар юксак ўрин тутишини англатади.
     Суфён ибн Уяйнадан илмнинг фазилати ҳақида сўрашганда, у киши мазкур ояти каримани келтирар эканлар, Аллоҳ таолонинг сўзни илмдан бошлаб, “Бас, Билгинки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! Ва Ўз гуноҳинг учун ва мўмину мўминалар учун мағфират сўра!” деганини эшитмадингми(?), Қарагин, Аллоҳ илмдан сўнг амалга буюрмоқда(!), дедилар.
    Шу боис ҳам буюк ватандошимиз Имом Бухорий ўзларининг энг буюк асарлари бўлмиш “ал-жомеъу-с-саҳиҳ”да “илм китобини” бошлар эканлар унга “боб ал-ъилм қабла-л-қавл ва-л-ъамал” яъни, “илмнинг сўз ва амалдан олдин эканлиги ҳақидаги боб” деган сарлавҳа билан боб очадилар.
     Илмнинг зарурати сув ва ҳаво каби балки, унданда кучлироқдир. Зеро, юқорида айтилганидек, илмсиз одам ҳарқанча обид бўлмасин адашиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари “саботул-ожизин”да:

Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил ибодат қилса елдур, -дейдилар.

 

    Кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда динда ғулувга кетишдан қайтарилган. Уламоларнинг якдил фикрига кўра, Ислом дини васатийликни тарғиб этадиган, мўътадил диндир. Ислом кўрсатмалари инсон эҳтиёжларини ҳисоблаб, мезонга солиб, жисмига аҳамият беришни, сиҳат-саломатлигига риоя қилиш кабиларга ҳам жиддий аҳамият берганини яхши биламиз. Бу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бундай деб таълим берганлар:

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Эй Абдуллоҳ! Сенинг ҳар куни рўза тутиб, ҳар кеча ухламай ибодат қилишинг ҳақида айтишди, шу тўғрими?” – дедилар. Мен: “Тўғри, ё Расулуллоҳ!” – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Ундай қилмагин, (айрим кунлари) рўза ҳам тутгин, (айрим кунлари) оғзинг очиқ ҳам бўлсин, кечаси ибодат ҳам қилгин, уйқуга ҳам ётгин! Чунки сенда ўз танангнинг ҳам ҳаққи бор ...” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

      Динда чуқур кетишдан ва ҳаддан ошишдан қайтариб Расулуллоҳ алайҳиссалом яна бундай дедилар: "Динда ғулув кетишдан эҳтиёт бўлинг! Зеро, сизлардан аввалги қавмларни ҳалокатга туширган нарса бу динда ғулувга кетиш эди”. Сўнгра, уч марта: “чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, “чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, “чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар” дедилар (Имом Муслим ривояти).
    Ҳаромни ҳалол деб билиш, гуноҳкор кишини кофирга чиқариш, Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни бирон-бир шарьий далилсиз, масалан қошиқ билан таом истеъмол қилишни ёки қўлга соат тақишни ножоиз деб билиш кабилар динда ғулувга кетиш бўлиб ҳисобланади.
    Ғулувга бориш илмий ва амалий масалаларга хос бўлмай, балки ояти карима тафсирларида шариат мақсадларига зид бўлган фикрларни баён қилишда ҳам кўриниши мумкин. Масалан, инсонларни Аллоҳ таоло мубоҳ қилган нарсалардан қайтариш, ояти карималар тафсирини бирон фикр ва ғояга мослаштиришга уриниш кабилар ҳам динда ғулувга кетиш бўлади. Шунингдек, бир инсонни мақтаса, ҳаддан ошиб, уни маъсум яъни, гуноҳдан пок деб ғулувга кетиши ёки бир кишини ёмонламоқчи бўлса, ҳаддан ташқари уни бадном қилиш ҳам шу жумлага киради.
     Динда ғулувга боришнинг икки тури мавжуд: Биринчиси, эътиқод нуқтаи назаридан ғулувга бориш бўлиб, бу жуда ҳам хатарли ҳисобланади. Аҳли Сунна вал Жамоадан ажраб чиққан турли фирқалар, залолатга ботган жамоалар, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларида ва ибодатда Унинг ягоналигида ғулувга борганлар, Аҳли байт аъзолари ва саҳобалар ҳақида ғулувга борувчилар, раҳнамо ва имомларини гуноҳдан пок деб эътиқод қилувчилар. Иккинчиси, амалий суратда ғулувга бориш бўлиб, доимо рўза тутишни ўзига вожиб қилиб олиш, уйланмасликка қасд қилиш, кечалари ухламай ибодат қилишга берилиш, гўшт емасликни мақсад қилиш кабилардир.
     Аллоҳ таоло ғулувдан қайтариб, яна шундай дейди: “эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (Ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан оғиб кетган қавмнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!” (Моида, 77).
      Ояти каримадаги хитоб зоҳирдан аҳли китобларга йўналтирилган бўлса-да, аслида унинг маъноси умумийдир. Яъни, бу ўринда хитоб аҳли китобларга қаратилган экан, биз мусулмонлар эса бемалол ғулувга кетсак, бўлаверар экан, деган тескари маънони чиқармаслик лозим. Зеро, усул ал-фиқҳ (фиқҳ асослари) илмидан маълум бўлганидек, шаръий далиллардаги эътиборли бўлган нарса, лафзнинг умумийлиги ҳисобланади, сабабнинг хослиги эмас. Яъни, бирор бир ояти карима ёхуд ҳадиси шарифнинг қайсидир сабаб туфайли нозил бўлиши ва ворид бўлиши уни фақат ўша ҳолатгагина чеклаб қўймайди, балки, ундаги мазмун ўз ичига олган барча ҳолатларга ҳам дахлдор бўлади. Шундай экан, юқоридаги ояти каримада қайтарилаётган ғулув масаласи, барчага тегишлидир.

 

Динда ғулувга кетишнинг айрим сабаблари ҳақида

 

    Динда ғулувга кетиш, яъни ҳаддан ошишга бир қатор сабаблар мавжуд бўлиб. Уларнинг барчаси шариатга хилоф бўлган ҳолатлардир. Қуйида ғулувга сабаб бўладиган нарсалар ҳақида мухтасар сўз юритамиз:

 

Биринчи сабаб. Барча иллатларнинг боши бўлган жаҳолат, яъни билимсизлик. Аллоҳ таолонинг Қуръони карими ва Пайғамбар алайҳиссалом Суннатларини, салафи солиҳлар йўлини, шариат мақсадларини, жамият манфаатига доир тартиботларни, ғайридин, мунофиқ, фосиқ, бидъатчи ва мусулмон кишига тааллуқли қоидаларни билмаслик. Шундан келиб чиқиб, ўз вақтида хаворижлар гуноҳ ва маъсият соҳибларини куфрда айблашган. Хаворижлар маслагининг асл-илдизи мўътадилликдан чиқиб, динда ғулув кетишга бориб тақалади. Уларнинг йўлдан озиб, залолатга кетишларига асосий сабаб илмсизлик, носоғлом онг билан бир қаторда динга нисбатан ҳаддан зиёда жонкуярлик, ортиқ даражадаги ғайрат ва шижоат эди. Ҳаддидан ошган ҳар бир нарса зиддига айланади, деганларидек, хорижийларнинг динга ўта ҳамиятли ва ғаюрликлари ҳатто ўз йўлларига юрмаган саҳобаи киромларни ўлдиришни савоб деб билишга ва бу ишни Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгу амаллардан деб ҳисоблашга олиб келди. Катта гуноҳ содир қилганларни кофирга чиқаришди. Хорижийларнинг баъзи фирқалари ҳатто кичик гуноҳ туфайли ҳам кишини кофирга ҳукм қилиб юбораверишади. Ҳазрат Алини, Усмонни, Талҳани, Зубайрни ва Муовияни (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) ва ҳазрат Али ва Муовия (разияллоҳу анҳумо)га эргашган ёхуд уларни куфрга нисбат бермаган барчани кофир деб эълон қилишди. Сўнгра уларга қарши уруш очиб, молу жонларини ҳалол санашди. Хаворижлар ўзларининг илмсизликлари туфайли Қуръони карим оятларини нотўғри талқин қилишарди. Умумий маънодаги ояти карималарни фақат зоҳири бўйича тушуниб, уларни муайян кимсаларга ҳам тегишли ҳисоблашарди.

 

Иккинчи сабаб. Уламолардан юз ўгириш, улардан узоқлашиш, улар билан мулоқотда бўлишдан қочиш. Уламолар илмидан фойдаланмаган тоифалар албатта тўғри йўлдан адашиб ҳаддан ошишга мойил бўладилар ва динда ғулувга кетадилар.

 

Учинчи сабаб. Шариатга доир қонун-қоидаларга тааллуқли маъноларни ўзгартириш ёки уларни нотўғри талқин этиш, барча далилларни жам этмаслик, балки, бир далилни қўллаб, иккинчи далилни инобатга олмаслик. Бу айниқса ғулувга борган хавориж ва муътазилий сингари оқим тарафдорларида яққол кўринади. Улар ваъид, яъни азоб ҳақидаги далилларни қабул қилишади, аммо башорат ва умид борасидаги хужжатлардан батамом юз ўгиришади.

 

Тўртинчи сабаб. Фаҳму идрок ва фиқҳ илмида камолотга етмаганларнинг етук уламоларга мурожаат қилиш ўрнига ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг зоҳирий маъносига мувофиқ иш тутишлари. Булардан ташқари ижтиҳод қилишга лойиқ бўлмаганлар томонидан ижтиҳод қилиш, ихтилофли масалалар, фитналарга доир ҳадислар билан машғул бўлиш, шахсий ғаразларга мувофиқ фикр юритиш, хавойи нафс ва асоссиз ғоялар атрофида талашиб-тортишиш, тоифагарчилик, миллатчилик, амри маъруф, наҳий мункарни тарк этиш, дин аҳли ва уламоларни ҳурмат қилмаслик, қонун устуворлиги йўқолиши, ахлоқсизлик, беҳаёлик ва андишасизлик кабиларнинг барчаси жамиятда диний ғулувга сабаб бўлиши мумкин.

 

     Ислом шариати осонлик ва енгилликка асосланган бўлиб, улар ҳеч қачон умматни оғир ва машаққатли амалларга ва йўлларга чорламайди, балки енгил ва осон амалларга ундайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб шундай дейди: “... Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”. (Бақара сураси, 185-оят).
      Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам башорат бериб бундай деганлар: “Мен (жаҳолат ва ғулувдан пок бўлган) бағрикенглик ва олийжаноблик дини билан юборилдим” (Имом Аҳмад ривояти).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ифрот ва тафритдан холи бўлган мўътадил дин бўлиб, ҳар ишда васатийлик ва мўътадилликка тарғиб қилади, динда ҳаддан ошиш ва ғулувга кетишдан қайтаради. Мусулмонларни ўзаро меҳрибон, шафқатли ва муҳаббатли бўлишга даъват этади.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216423
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24554