Ёнимиздаги улуғлар
11.7.2015 6234

Ёнимиздаги улуғлар

 

Муҳтарам юртбошимиз томонидан 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш йўналишидаги ишлар кўлами ва сифатини янада ошириш имкониятларини кенгайтирди. Шу ўринда, нуроний кексаларимизнинг ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти хусусидаги қуйидаги ёзишмаларни танлов ҳакамлар ҳайъати диққатига ҳавола қилишни лозим топдик.

 

Катта ҳовлининг хосияти

 

Болалик хотираларимни ўйлаётиб, кўп нарсани қўмсайман. Бувим айтган достонлар ва лапарлар, бобомнинг ўгитлари ...

 

Ҳаммасидан ҳам кўра, бобом ва бувим бошчилигида аҳил - иноқ яшаётган катта оилани жуда - жуда соғинаман. Катта оилада ҳамма муаммо ва ташвишлар ўртада, бамаслаҳат ҳал бўларди. Катта ҳовлида кичкина қувонч ҳам катта байрамга айланар, катта муаммолар эса кичрайиб қолар эди. Бу ҳовлидан бўлак чиқиб кетаётганимизда мен 5 ёшда эдим. Ўшанда мени янги ҳовлига кетишга чоғланган, кўч - кўронларимиз ортилган машинага чиқариш учун нақ 20 киши овора бўлган. Янги уйга боргач, анча вақтгача фурсат топилди дегунча катта ҳовлига, бобом-бувим олдига қочиб кетишни одат қилганман. Нимагадир мени доимо иш билан банд ота - онамдан кўра, улар яхши тушунишадигандек туйиларди.

               

Бугун бувисининг ёнида билиб - билмай уларга қўшилиб жойнамоз устида саждага бош қўяётган, калима қайтариб, бийрон тилларида Қуръони карим сураларини қайтараётган қизимни кўриб, унинг нурли келажагидан кўнглим хотиржам бўлади.

               

Оила ташвиши ва турмуш икир - чикирлари билан банд ота - она фарзанд учун доим ҳам вақт ажратиш имконига эга эмас. Ўригидан мағзи ширин, дейдиган бобо ва бувилар эса неваралари учун ҳар қанча вақт керак бўлса, ажратишга тайёр турадилар, уларга одамийлик, оила тарихи, урф - одатларимиз, ҳаётдан сабоқ берадилар.

               

Замон ёки одамлар дунёқараши ўзгарди, деган фикрни кўп эшитамиз. Бугун ёшлар турмуш қурди дегунларича бўлак бўлишга интилишади. Шунақаларга қараб ҳеч бўлмаса фарзандингизга раҳмингиз келсин, дегим келади. Айниқса, вақтимизнинг аксарият қисмини ишда, телевизор қаршисида, телефон ва интернет тармоғида ўтказаётган бир вақтимизда, бобо ва бувининг тарбияси – фарзанднинг энг катта эҳтиёжидир. Уларни бу бебаҳо неъматдан айирманг, катта ҳовлига тез - тез олиб боринг.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                     2014 йил, 21 январь.

 

Бобомдан юққан фазилат

 

"Ким билан ўсгансиз?" ош кўрган ёғли бармоқларини лунжида поклаётган отахон менга юзланди. "Бобом билан," саволдан ҳайронлигимни ифодалаш учун отахонга бироз тикилиб турдим. "Тушунарли," деди. Ҳайратим ошди.

 

Саволнинг мағзини эса анча вақтдан кейин – Бухорога, уйга борганимда, бобом билан эрталабки нонушта маҳали суҳбатлашиб турганимда англадим. Суҳбат асносида бобом икаламизни кўрсаткич бармоғимиз билан дастурхондан ушоқ териб ейишимизни ҳайрон кузатиб турган жиянимнинг ҳолати ўша отахоннинг нигоҳини эслатди.

               

Ҳа! Дастурхондан ушоқ териб ейиш менга бобомерос фазилат...

                                                                                                                       2014 йил, 23 март.

 

 

Бундан бир неча ойлар бурун бувимни туғилган кунлари муносабати билан уйга борганимда бобомни ҳовлида китоб мутолаа қилаётган ҳолда учратдим. Саксон ёшга етиб қолган бобомнинг қишнинг жонсиз қуёш нурлари тафтида берилиб китоб ўқиётганини кўриб, завқим келди. Бирпас адабиёт ҳақида суҳбатлашдик. Кечагидек эсимда саккиз ёшимдан бошлаб “Шарқ юлдузи” журналининг янги нашрини бобомдан ҳам кўра интиқроқ кутар эдим.

   

Болалик йилларимнинг адабиётнинг гўзал туйғулари, зиёси билан мазмунли ўтишига сабабчи бўлган бобомнинг китобларга ошнолиги унинг менга қилган энг катта совғаси бўлганига шубҳам йўқ.

            

                                                                                                                       2014 йил, 31 август.

 

Меҳрга зор кекса тиланчи

 

Доимгидек метро поездининг шошқалоқ эшиклари ёпилиб улгурмасидан топ - тоза, мармар платформага қадам ташладим. Саноқсиз туюлган зиналар орқали юқорига кўтарилиб, бетон устунли ер ости йўлида ҳар кунгидек бир оёқли, қўлтиқтаёққа суяниб олган, одамларга жонсарак кўзини тикиб, жулдур чопоннинг йиртиқ енглари орасидан чиқиб турган тўймасак кафтини узатаётган кекса тиланчига дуч келдим.

               

Майдам йўқлиги туфайли одатимга кўра юзимни буриб, ундан кўзимни олиб қочиб ўтаётган эдим, мендан олдинда кетаётган, чамаси 40 ёшлардаги кишининг қари тиланчига салом бериб, сўрашганига, пул бермаган бўлса ҳам, қариянинг уни узундан - узоқ дуо қилганига гувоҳ бўлдим. Шунда бир хатоимни англадим – негадир шу вақтгача тиланчига пул берсангина дуо қилади, деб ўйлаган, бу кекса инсон аввало ҳурматга муҳтож эканлигини ўйламаган эканман.

                                                                                                                              2014 йил, 3 апрель.

 

Шу ўринда ...

 

Кекса ота - онанинг қизига мактуби

(номаълум муаллиф кундалигидан)

 

Жигарбандим, қизим! Ўтаётган кунларнинг залвори мени тобора тузалмас дард – кексалик қаърига ғарқ қилмоқда. Сендан ягона ўтинчим – сабрли бўл. Ҳаммасидан ҳам, илтимос, ҳаётнинг мен яшаётган палласини тушунишга ҳаракат қил. Бир гапни юз маротаба такрорлаганимда ҳам, буни юзимга солма. Мени тингла, илтимос! Болалигингни эсла – тунлари кўзинг уйқуга кетгунча такрор-такрор айтган эртакларимни эсла. Сенинг гап - сўзларинга кўнмасам, мендан ранжишга шошилма. Болалигингда сени ювинтириш учун ортингдан чопганларим, сени кўндириш учун тоқат билан минг баҳоналар тўқиганимни эсла.

    

Нимадандир бехабар қолсам, мени айблама. Ҳар куни сенга овқатланиш, кийиниш одоби тўғрисида эринмай ўргатган сабоқларимни сабр билан эсла ва менга ҳам билмаганимни донолик билан ўргат. Суҳбат асносида фикримни йўқотиб қўйсам, бетоқатланма, мени эси пастликда айблама.

               

Ҳар лаҳзада сенинг ёнимда бўлишинг мен учун ҳаётдаги энг қадрли нарса эканини унутма. Кексалик оёқларимдан маҳкам сиққанида сени болалигингда меҳр билан қучганим каби мени ҳам бағринга ол. Шу кунлар келганида кўнглингни чўктирма.

               

Сени кўриш иштиёқи билан яшашимни унутма, мен умримнинг сўнгги дақиқаларини меҳр - муҳаббат оғушида ўтказмоқни исташимни тушунишга интил. Мен билан ўтказган ҳар бир дақиқангни менга инъом этилган мукофот ва бахт, дея қабул қиламан, ҳар лаҳзангга дуо қиламан. Айтмоқчиманки, кексайиб қолган инсон учун фарзандлар меҳридан ҳам буюкроқ гашт йўқ. Сени яхши кўраман, болам!

 

Ота - она ибрати

 

(Доктор Абдул Қалам – жамоат арбоби, Ҳиндистоннинг 2002 - 2007 йиллардаги президенти)

               

Инсон камолотида унинг атрофидаги одамларнинг феъл-атвори, юриш - туриши, гапираётган сўзлари муҳим тарбия воситасидир. Болалик хотираларим орасида ота - онам билан боғлиқ қуйидаги воқеа ҳеч ёдимдан кўтарилмайди.     

               

Ўшанда чамаси 6 ёшлардаги бола эдим. Онам машаққатли иш кунидан қайтиб, ҳар кеч биз учун нон пиширар, ош - овқат тайёрлар эди. 

 

Бир куни вақт алламаҳал бўлган, ишдан ҳориб қайтган онаизорим доимгидек шоша - пиша биз учун кечки овқат қилаётан эди. Бир оздан кейин у отамнинг олдига овқат ва нон қўйди. Менинг икки кўзим нонда эди. Кимдир ноннинг куйганига эътибор берармикан, деган хаёлда кутиб турдим. Лекин отам чети қорайган нонни индамасдан чайнади ва мендан мактабдаги куним қандай ўтганини сўради.

               

Унга қайтарган жавобимни эслай олмасам ҳам, овқатдан кейин волидамнинг отамга нон бир оз ўтиб кетганини минг хижолат билан айтгани кечагидек қулоғим остида. Отам ўша куни жилмайиб туриб, онамга “Азизам, куйган нон менга ёқади - ку,” деди.

               

Ухлашдан олдин отамга хайрли тун тилаш учун унинг олдига кирдим ва ундан куйган нонни ростдан ҳам яхши кўриш - кўрмаслигини сўрадим. Отам мени бағрига босиб, қаттиқ қучоқлади.

               

“Ўғлим, онанг кун узоқ ишлаб, жуда чарчаган. Бир марта куйган нон есам, менга бирор нима бўлмайди. Лекин, ўша маҳалда айтилган биргина ёмон сўз онангни қаттиқ жароҳатлаган бўлар эди,” деди.

               

Биз барчамиз хом сут эмган бандалармиз. Аммо, айниқса биз – ёши катталар ёнимизда улғайиб келаётган ёш авлод учун ҳар бир ҳаракатимизнинг тарбия эканлигини унутмайлик.

 

                                                                                                                              Шуҳрат САТТОРОВ

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 229180
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 101249
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 51193
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 49401
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

25686