Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга исён қилиши, гапларини назарга илмаслиги
28.8.2015 5857

    Қуръони каримнинг кўп оятларида Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга нисбатан исёни ҳақида ҳикоя қилинган. Эътиборингизни Моида сурасидаги қуйидаги оятларга қаратамиз: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Мусо қавмига: “Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини эсланглар! Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб – тақдир қилиб қўйган бу муқаддас ерга дохил бўлинглар! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўрувчиларга айланиб қоласиз”, деганида, улар: “Эй Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўламиз”, дедилар. (Шунда) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом – марҳаматига муяссар бўлган икки киши: “Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, агар унга кириб олсангиз, шубҳасиз ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!” дедилар. (Қавм) айтди: “Эй Мусо, модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмаймиз. Бас, бор, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан урушаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутамиз). (Мусо) айтди: “Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродаримга эгаман, холос. Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажрат”. (Аллоҳ) деди: “Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда адашиб – улоқиб юрадилар. Сен бу итоатсиз қавмдан маҳзун бўлма” (Моида сураси, 20-26-оятлар).
    Бу оятлар бизга ўзининг балоғатли услуби билан узоқ тарихда бўлиб ўтган воқеаларни ҳикоя қилмоқда. Унда Бани Исроилнинг нақадар жоҳил экани, пайғамбарига исён қилгани, ўзининг ўткинчи лаззатларини ўйлаб, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилишдан бош тортгани зикр қилинмоқда.
    Мазкур қиссанинг қисқача баёни шундай: Аллоҳ таоло Бани Исроил кўз олдида Фиръавн ва қўшинини денгизга чўктириб юборганидан кейин Мусо алайҳиссалом қавми билан Шом диёри сари йўлга чиқди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилиб, қавмидан ўн икки нафар раҳбар танлаб олишни буюрди. Шундан сўнг ўша раҳбарларни Канъонийлар юрти бўлган муқаддас заминга юборишни тайинлади. Мақсад уларнинг яшаш тарзи ва аҳволларидан хабардор бўлиш эди.
    Мусо алайҳиссалом Аллоҳ амр қилган ишни бажарди. У раҳбарларни муқаддас замин халқи ҳақида маълумот олиб келиш мақсадида юбора туриб, “Кўрган нарсаларингизни мендан бошқага айта кўрманг!” деб таъкидлади. Раҳбарлар муқаддас заминга киришди. Унинг аҳолиси аҳволидан вофиқ бўлишди. Уларда куч-қувват кўплиги, таналари бақувват кишилар бисёрлигига амин бўлишди. Раҳбарлар қайтиб келишганда Мусо алайҳиссалом Бани Исроил жамоаси ичида эди. Улар Мусога: “Биз сенг юборган юртга бордик. Улар сигирлардан жуда кўп сут соғиб олар, асалдан ҳам кўп ҳосил олишар экан. Мана шу уларнинг баъзи мевалари. Устига-устак у ернинг аҳолиси ҳам жуда бақувват, шаҳарлари жуда мустаҳкам экан”, дейишди. Раҳбарлар ўз қавмини уруш қилишдан қайтарди. Фақат уларнинг икки нафари қавмга насиҳат қилиб, Мусо алайҳиссаломга итоат этиш, у билан бирга Канъонийлар ила урушишга чақирди. Аммо Бани Исроил ўша икки раҳбарнинг ҳам гапига унамади, қолган ўн нафар раҳбар йўриғига юрди. Бир сўз билан айтганда, Бани Исроил урушдан бош тортиб, ҳамма ёқни бошига кўтариб:

– Эй, қанийди, шаҳарда ёки одамлар ичида ўлиб кетсак эди, – деб йиғлай бошладилар.

    Мусо алайҳиссалом уларни қўрқоқлик ва исёнкорликдан қайтариб, зўравон кимсаларга қарши курашишга чақирди. Аммо қавм кўзи кўр, қулоғи кар ҳолида туғёнда давом этди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбориб, ўша муқаддас замин Бани Исроилга қирқ йил ҳаром қилингани, улар қилган исёнларига яраша жазо олишлари учун сарсон-саргардон ҳолларида ватангадо бўлиб адашиб юришларини маълум қилди.
     Бу қиссанинг қисқача изоҳи эди. Унинг тафсилотлари тафсир ва тарих китобларида келган. Баъзи муфассирлар ўша зўравон кимсаларнинг сифатларини шу қадар муболаға билан келтирадиларки, уни ҳеч бир соғлом ақл қабул қилмайди. Балки Ибн Касир айтганидек, ишончсиз бўлгани сабаб уни зикр қилишга киши ийманади. Энди юқорида келган оятлар изоҳини батафсилроқ келтирамиз.
     “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Мусо қавмига: “Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини эсланг!” Бу ерда Бани Исроилдан аҳднома олингач, улар ваъдага вафо қилмаганлари зикр этилмоқда. Яъни, эй Муҳаммад, Сизга тиш-тирноғи билан қарши чиқаётган яҳудийларга улар ота-боболарига Мусо томонидан қилинган хитобни эслатинг. Ўшанда Мусо уларга насиҳат қилиб:

– Эй қавмим, Аллоҳ сизларга берган неъматларини шукр ва итоат билан эсланглар! – деганди.

    Ҳа, Мусо алайҳиссалом Бани Исроил Аллоҳнинг амрига итоат этиш, У Зот берган неъматларга шукр қилиш билан янада кўпроқ инъомларга эришиши, илоҳий амрга бўйсуниш орқали абадий бахту саодат топишини чин қалбдан истарди. Зеро, Бани Исроилнинг ҳидояти уни хурсанд қилар, итоатсизлиги эса мушфиқ пайғамбарни ғамга ботирарди.
    “Орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини эсланг!” Бу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилга ато этган учта катта неъмат зикр қилинмоқда. Биринчи неъмат: Бани Исроилдан Мусо Ҳорун, Исҳоқ, Яъқуб ва Юсуф алайҳимуссалом каби пайғамбарлар чиқарилишидир. Аллоҳ таоло мазкур пайғамбарларни Бани Исроилни куфр, фисқу фужур ва исён зулматидан ҳидоят, тоат ва имон нурига чиқариш учун юборди. Иккинчи неъмат: Бани Исроилнинг мулку давлат эгалари қилиб қўйилиши. Бани Исроил аввалда Фиръавн қўл остидаги қуллар бўлиб, турфа хил азобу қийноқларни бошларидан кечиришарди. Аллоҳ уларни қулликдан озодликка, хорликдан азизликка олиб чиқди. Энди улар ўзлари хоҳлаган ишни амалга ошира оладилар, эрклари ўз қўлларида эди уларнинг. Устига-устак бошқа мамлакатларни маскан тутишлари, хизматкор ишлатишлари мумкин эди. Аввал улар бундай имкониятлардан маҳрум, ўзлари бировлар қўлидан эртадан кечгача оғир меҳнат қилардилар. Қулликдан кейинги озодлик, тангликдан кейинги фаровонлик каби улуғ неъматларни фақат покиза қалб эгаларигина эътироф этадилар, уларнинг қадрига етадилар. Бу неъматларни сақлаб қолиш зулм, адолатсизликдан тийилиш, Аллоҳга шукр қилиш билан бўлади. Учинчи неъмат: ўша замонда Бани Исроилдан бошқа бирон қавмга берилмаган улуғ неъматлар, кўрсатилган лутфу марҳаматлардир. Жумладан, устларига бедана ва ширинликлар ёғилиши, ўн икки қабилага етадиган булоқнинг отилиб чиқиши, денгизнинг иккига ажралиб, нариги тарафга эсон-омон ўтиб олишлари, ортларидан келган Фиръавннинг сувга ғарқ бўлиши ва ҳоказо. Бани Исроил бундан бошқа яна қанча неъматлар билан сийланганди. Шунча яхшиликка эришган қавм бунинг эвазига Аллоҳнинг амрига сўзсиз итоат этишлари лозим эди. Аммо ундай бўлмади. Бани Исроилга берилган ҳисобсиз неъматлар эслатилгач:

– Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб – тақдир қилиб қўйган бу муқаддас ерга дохил бўлинглар! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўрувчиларга айланиб қоласиз, – дейилди.

    “Муқаддас замин” дейилишига сабаб, у ерни пайғамбарлар маскан тутишган. “Муқаддас замин”дан мурод “Байтул мақдис”дир. Баъзилар буни “Арийҳо” бошқалар “Тур тоғи ва унинг атрофи”, дейишган. “Аллоҳ сизларга ёзиб қўйган”, деганда, сизларнинг яшашингизни тақдир қилган, сизлар пайғамбарга имон келтириб, унга итоат этганингизда, ўша ерни сизларга ваъда берган, маъноси тушунилади. Ёки унинг маъноси “сизларга намоз ва закотни фарз қилганидек ўша ерга киришингизни фарз қилган”дир.

   “Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар” оятида уларни қўрқоқлик қилиб, душмандан қочиб кетишдан огоҳлантирилмоқда. Яъни, эй қавмим, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутинглар, менинг ортимдан душман сари олға қадам ташланглар. Зеро, Аллоҳ сизларни муқаддас заминга киришга буюрди. Бироқ ғанимдан чўчиб ортларингизга қараб қочманглар, менга итоат этишдан бўйин товламанг! Акс ҳолда дунё ва охиратда ғалабани қўлдан чиқарасизлар, афсус-надомат қилиб қоласизлар! Агар буюрилган жойга кирмасангиз, Аллоҳнинг яхшиликларидан маҳрум бўласизлар!
     Мусо алайҳиссалом қавмини турли йўллар билан илоҳий фармонга бўйсунишга, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилишга чақирди. Инсофли, мулоҳазали кишилар турли-туман неъматларга буркаб қўйган марҳамати чексиз Зотнинг айтганларини сўзсиз бажаришлари лозим эди. Бироқ Бани Исроил бу Бани Исроил эди. Уларга мудом ваъз-насиҳат қилинса-да, лекин ғайратлари бўшлиги, кучсиз иродалари, бузуқ табиатларидан воз кечкилари келмасди. Қилинган шунча ваъз-насиҳатлардан кейин ҳам улар пайғамбарга тик боқиб:

– Эй Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўламиз, – дейишди. Яъни, эй Мусо, сен бизни киришга ундаётган жойда ғолиб кишилар бор. Улар ким билан жанг қилишса, албатта зафар қучишар экан. Биз улар билан курашишга қодир эмасмиз. Мана шу зўравон кимсалар муқаддас заминда эканлар, биз ҳеч қачон у ерга кира олмаймиз. Агар улар бирон сабаб билан чиқиб кетсалар, у ерга қийинчиликсиз кириб оламиз.
    Бани Исроил қавмининг бу гапи уларнинг нақадар қуёнюрак бўлганликларидан дарак беради. Сабаби улар ўз кучлари, ақл-фаросатлари билан ғалабага эришишни истамаяптилар, кимнингдир заифлашиши ҳисобга ерларни эгаллаб олиш пайидалар. Булар фаровон ҳаётга муносиб эмаслар. Улар шундай ҳаётга эришиш учун бирон иш қилганлари ҳам йўқ.
     Бани Исроил қўрқоқлик қилиб турган бир пайтда улар орасидан икки мўмин киши чиқиб, уларни Аллоҳ йўлида жанг қилишга, ғайрат кўрсатишга чақирди. Бу оятда шундай ифодаланган: “(Шунда) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом – марҳаматига муяссар бўлган икки киши: “Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан киринг, агар унга кириб олсангиз, шубҳасиз ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!” дедилар”.
    Бу ердаги икки кишидан мурод Юшаъ ибн Нун ва Колиб ибн Юқнодир. Улар ўнг икки раҳбар ичида эдилар. Аллоҳ таоло уларни икки сифат билан васф қилди. Биринчиси, “Аллоҳдан қўрқадиган”, яъни, Ёлғиз Аллоҳдан қўрқадиган, У Зотга тақво қиладиган, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган икки киши эди. Бу васфдан шу нарса маълум бўладики, Мусо алайҳиссалом ва ўша икки кишидан бошқалар Аллоҳдан эмас, кўпроқ душмандан ҳайиқишарди.
   Иккинчи васф, “Унинг инъом – марҳаматига муяссар бўлган”дир. Яъни, фақат Аллоҳдан қўрқадиган, қалбларида У Зотдан ўзгадан қўрқиш ҳиси бўлмаган, Аллоҳ уларга имон, собитқадамлик, Аллоҳнинг ваъдасига ишониш ва У Зотнинг амрига итоат этишдек улуғ неъматлар ила сийлаган икки мўмин киши:

– Улар устига дарвозадан киринглар, – дедилар. Улар бу билан қавмдаги қўрқув ва ваҳимани кетказиб, ғайрат ва жасорат ҳисини уйғотмоқчи бўлишди.

    “Агар мўмин бўлсангиз, Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!” Бу ерда Бани Исроил сабабларни юзага келтиргач, ишларини Аллоҳга топширишга, душманлари устига тўсатдан бостириб киришга азм қилишга чақирилмоқда. Бу ҳикматли насиҳатларни эшитиб, уларга “лаббай”, деб жавоб бериш учун Бани Исроилда эшитувчи қулоқ, англовчи қалб топилмади. Аксинча қилинган шунча панд-насиҳатларга бош тортиш ила жавоб бериб қўяқолдилар: 

– Эй Мусо, модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмаймиз. Яъни, улар насиҳатга парво қилмай, туғёнларида давом этиб: – Эй Мусо, ўша зўравон ва қудратли одамлар у ерда экан, биз сен айтган заминга зинҳор кира олмаймиз. Сабаби улар билан яккама-якка курашишга, юзма-юз олишишга қодир эмасмиз! – дейишди.
     Қавм амр қилинган ишни бажара олмасликларини таъкидлаш учун “Ҳеч қачон” дея ўз қатъиятсизликларини ифодалади. Бани Исроил муқаддас замин аҳолиси ҳаёт экан, у ерга кира олмасликларини баён қилгач, энди учига чиққан қўрқоқ ва беодобликларини исботладилар. Улар Мусо алайҳиссаломга қарата юзсизларча:

– Бас, бор, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан урушаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутамиз), дедилар. Яъни, мана шу заминга кириш сен учун керак бўлса, ўзинг ва Парвардигоринг бориб, ўша қудратли қўшинга қарши жанг қилаверинглар ва уларни юртларидан чиқаринглар. Биз эса мана шу ерда ўтирамиз, олдинга бир қадам ҳам силжимаймиз. Сабаби ҳар бир ғалаба ва яхшилик бизга зўравонлар билан урушиш орқали келади. Биз бунга муҳтож эмасмиз, унга рағбатимиз ҳам йўқ.
     Қавм саркашликда давом этгач, Мусо алайҳиссалом иложсиз қолди ва қўлини кўтариб Аллоҳга дуо қила бошлади: – Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродаримга эгаман, холос. Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин! Яъни, Мусо алайҳиссалом барча ғам-ғусса ва шикоятларини Аллоҳга арз қилиб, қавмининг бош тортиши ва қўрқоқлигини айтиб туриб: – Ё Раббим! Биласан, мен ўзим ва биродарим Ҳорунгагина эгаман. Бошқаларни бу ишга мажбурлай олмайман. Биздан бошқалар Сенга яхши ва ёмон кунларда итоат этишига ишончим комил эмас! Қавмим Сенга итоат этмади, фосиқлик кўчасига кирди. Шундай экан, ё Аллоҳ, улар билан бизнинг йўлимизни ажрат. Бизларга ўзимизга муносиб ҳукм қил, уларга ҳам ўзларига мос ҳукм қил. Зеро, Сен энг адолатли ва ҳикматли Зотдирсан! – дея илтижо қилди.
    Аллоҳ Мусо алайҳиссалом дуосини қабул қилди. Бани Исроил маънавий залолат қаърига ботганлари етмагандек улар зоҳирий-моддий залолатга кетиши баён қилинди: (Аллоҳ) деди: “Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда адашиб – улоқиб юрадилар. Сен бу итоатсиз қавмдан маҳзун бўлма”. Яъни, эй Мусо, муқаддас замин анави қўрқоқ ва осий кимсалар учун қирқ йил ҳаромдир. Шу муддат ичида улар саҳроларда сарсон-саргардон бўлиб тентираб юрадилар, зинҳор муқим бўлолмайдилар, бирон жойни макон тутолмайдилар. Уларнинг бу азоб-уқубатидан сира хафа бўлма! Тоатимиздан бўйин товлаганлари ва пайғамбарларига одобсизлик қилганлари сабаб Биз уларни шундай жазолаймиз.




Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи” китоби асосида тайёрланди

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216893
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24588