Ақиқа ҳақида муҳим 5 саволга жавоб
10.11.2016 35356

Ақиқани сўйиш вақти 

 

Савол: Фарзанд учун қилинадиган ақиқани қачон сўйиш керак? Мен бу ҳақида икки хил маълумот эшитдим. Уларнинг қай бири тўғрилигини билолмадим: баъзилар 21 кун ичида ақиқа қилса бўлади дейишди. Яна баъзилар, 7-чи, 14-чи ва 21-чи кунларида сўйилади, деб айтишди. Бу маълумотларнинг қай бири тўғри? 

 

Жавоб: Бисмиллаҳ, валҳамдулиллаҳ. Суннатга мувофиқ, фарзанд туғилганининг еттинчи ёки ўн тўртинчи, ё бўлмаса, йигирма биринчи куни ақиқа жонлиғи сўйилади. 

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْعَقِيقَةُ تُذْبَحُ لِسَبْعٍ أَوْ لأَرْبَع عَشَرَةَ أَوْ لإِحْدَى وَعِشْرِينَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

   Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ақиқа еттинчи ёки ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни сўйилади”, деганлар (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да, Табароний “Авсат”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ). Термизий аҳли илмлардан нақл қилишича, ақиқани еттинчи куни сўйиш мустаҳабдир. Агар ўша куни сўя олмаса, ўн тўртинчи куни, у кунда ҳам сўймаса, йигирма биринчи куни сўяди (Ободий, “Авнул маъбуд”). 
    Ҳадиси шарифларда айтилганидек, ақиқани еттинчи, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилиш афзал. Аммо бу қўйни фақат ўша кунлардагина сўйиш керак дегани эмас. Чунончи, хоҳлаганлар бола туғилганидан бир кун ўтиб ҳам ақиқа қилиши ёки имкони топилмаганлар кейинчалик – йигирма биринчи кунидан кейин ҳам ақиқа қилишлари мумкин. Бунда банданинг имконига қаралади. Агар у сафарга кетиши керак бўлиб қолса ёки бошқа ишлари шошилинч бўлса, бола етти кунлик бўлгунича ҳам ақиқа қилаверади. Қурби етмаса, қачон имконини топса, ўшанда ақиқа қилади. Бунда ёшнинг аҳамияти йўқ. Масалан, бир инсон ёши қирққа кирганида мусулмон бўлди ёки Ислом моҳиятини англаб етди. У ўғилларига, катта ёшда бўлсалар ҳам, ақиқа қилиши яхшидир. Сабаби қилинмаган ишни то умрнинг охиригача қилиб қўйиш керак бўлади. Демак, ақиқада банданинг молиявий ҳолати инобатга олинади. Қарз олиб ақиқа қилиш ёки ўзи қарздор, қийин аҳволда бўла туриб ақиқа қилиши мумкин эмас. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!

 

Ақиқа гўштини муҳтожларга тарқатиш 

 

Савол: Ассалому алайкум. Мен бир масала юзасидан сизлардан маслаҳат олмоқчи эдим. Аллоҳга шукр, яқинда ўғил фарзандли бўлдим ва унга яхши ниятда “Билол” деб исм қўйдим. Динимизда чақалоқ туғилганидан кейин қилинадиган амаллардан бири бўлган ақиқани моддий ҳолатимга қараб қилмоқчи эдим. Ушбу маросимни қандай ўтказиш тартибини билмайман. Бир ёки икки жонлиқни сўйиб бечораларга тарқатиш кифоями ёки яна бошқа амалларни ҳам бажариш керакми? Илтимос, шу ҳақида тушунча беринг? 

 

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Имкони бор одам фарзанди номидан ақиқа қилса яхши бўлади. Имконини тополмаганлар ақиқа сўймасалар ҳам зарари йўқ. Зеро, шариатимизда молиявий ибодатлар банданинг ҳолатига қараб бўлади. Ақиқа қилишга қудрати етмаган одам қарз олиб бўлса ҳам ақиқа қилиши керак, деган гап йўқ шариатимизда.Ақиқа жонлиғини сўйгандан кейин тадбир уюштириб одамларга тарқатиш шарт эмас, балки бунда муҳими жонлиқнинг сўйилишидир. Уни қай тартибда тарқатиш одамнинг ўзига боғлиқ: хоҳласа, гўштини қўни-қўшни ва қариндош-уруғларга, яна камбағал-бечораларга тарқатсин, хоҳласа, дастурхон ёзиб, одамларни меҳмонга чақириш ҳам мумкин. Аммо бундан кўра энг ҳақдор одамларга тарқатиш афзал. Сабаби ошга қорни тўқ ва бой кишилар ҳам келади. Ночорлар эса доим ҳам тадбирларга таклиф этилавермайди. Масаланинг шу томонини инобатга олиш керак. “Мухлис.уз” сайтининг “Оила ва никоҳ” бўлимидаги “Болага ақиқа қилиш” мақоласини ўқиш орқали ақиқа ҳақида қўшимча маълумотга эга бўлишингиз мумкин. 

 

Қарздор одам ҳам ақиқа қилиши керакми? 

 

Савол: Ассалому алайкум, қори ака. Менда иккита савол бор эди: менинг одамлардан озгина қарзим бор. Шуни тўлаб келмоқдаман. Насиб қилса, тез кунларда қарзимдан қутуламан. Яқинда қиз фарзандли бўлдим. Одамлар, “Ақиқа қилиб ош беришинг керак”, деб маслаҳат беришди. Мен эса, “Қарзим бўла туриб қандай ақиқа қиламан, ақиқа қилиб қўй сўйишга қурбим этса ҳам қарзим бор-ку, одамлар нима деб ўйлайди”, десам “Унда битта қўй сўйиб ночорларга тарқатиб, ақиқани ният қилиб қўйгин”, дейишяпти. Шунга нима дейсиз. Шу иш тўғри бўладими? Иккинчи саволим: ақиқа неча ёшгача қилинади? Олдиндан раҳмат! 

 

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Жумҳур уламолар, ақиқа қилишни мустаҳаб бўлган суннатлардан эканлигини айтишган. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз уламолари бу амални баъзи ўринда мубоҳ, баъзида “татоввуъ” деб атайдилар. Кейинги сўз мустаҳаб маъносига тўғри келади. Ақиқани 7, 14 ёки 21 кунликда қилса, яхши. Аммо бу муддатда қила олмаса, қачон қудрати етса, ўшанда қилади. Ақиқа қилишга ҳеч ким мажбурланмайди. Аммо иложини топган заҳоти қилиш афзал. Сабаби боланинг маълум ишлари ақиқага боғлиқ бўлади. 

 

Назр қурбонлиги ва ақиқани жамлаш мумкинми? 

 

Савол: Ассалом алайкум. Бир ҳолатни тўғри тушунишда маслаҳатингиз керак эди. Бир неча йил илгари “агар Аллоҳ ўғил, қиз фарзанд берса, Унинг йўлида бир қурбонлик қиламан” деб ният қилгандим. Шукрки, бу ниятим амалга ошди. Мен қилган бу ниятим “назр қурбонлиги” деб ўйлаб юрардим. Яқинда Сайфиддин Сайфуллоҳ томонидан таржима қилинган “Қурбонлик рисоласи” китобини варақлаганимда у ерда шукрона қурбонлиги ҳақида ўқиб қолдим. Ҳозирда фарзандларим борлиги учун шукрона қилиб қурбонлик қилишдан илгари назр қурбонликни қилишим лозимми? 

 

Жавоб: Вва алайкум ассалом. Назрга вафо қилиш вожибдир. Бу Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади: “Ва назрларини тўла адо қилсинлар!” (Ҳаж, 29). Бошқа оятда Аллоҳ Ўзининг аброр бандаларининг дунёдаги ҳаётлари ҳақида хабар қилиб, улар назрларига вафо қилишлари, қиёмат кунидан қўрқиб туришларини айтган. 
Назрга вафо қилиш лозимлигига ҳадисларда ҳам ҳужжат бор. 


عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ نَذَرَ أَنْ يُطِيعَ اللهَ فَلْيُطِعْهُ وَمَنْ نَذَرَ أَنْ يَعْصِيَهُ فَلاَ يَعْصِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَصْجَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ. 


    Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Аллоҳга итоат этишни назр қилган бўлса, бас, У Зотга итоат этсин! Ким У Зотга осий бўлишни назр қилган бўлса, бас, осийлик қилмасин!” (Бухорий, Сунан соҳиблари, Доримий, Молик, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти). Ушбу ривоятда тоатга қилинган назрга вафо қилиш вожиб экани, маъсиятга қилинган назрни тарк қилиш лозимлиги айтилмоқда. 
    Назр қурбонлиги ва ақиқани жамлаш имкони йўқ. Сабаби улар иккови алоҳида ибодатдир. Назр қурбонлик қилишни назр қилиш билан бўлса, ақиқа фарзанд туғилиши билан бўлади. Назр қурбонлиги ва ақиқанинг ҳукми ҳам икки хилдир. Назрга вафо қилиш вожиб. Фарзанд туғилганида унинг номидан ақиқа қилиш эса суннатдир. Назрга бой ҳам, камбағал ҳам вафо қилиши керак. Ақиқани имкони йўқ камбағал одам қилмаса ҳам зарари йўқ. 
   Назр қурбонлигининг гўштидан соҳиби емайди, балки ҳаммасини камбағал ва бечораларга тарқатади. Ақиқа қурбонлигининг гўшти ўзгаларга тарқатилиши билан бирга ундан хонадон соҳиблари ҳам ейишлари мумкин. 
   Умумий қоида шуки, агар икки ибодатнинг асоси бир бўлса, уларда ниятни жамлаш жоиз. Масалан, жунубликдан ва жума куни қилинадиган ғуслни жамласа бўлади. Шунингдек, жума кунги ва ийд кунининг ғуслини, жунубликдан ёки ҳайздан қилинадиган ғуслни ҳам ҳам жамлаш мумкин. Аммо икки мустақил ибодатда алоҳида-алоҳида ният қилиш лозим. 
    Демак, сиз аввало назр қурбонлигини қиласиз. Ундан кейин қодир бўлсангиз, ақиқа қиласиз. Валлоҳу аълам! 

 

Рамазонда ақиқа қилиш мумкинми? 

 

Савол: Ассалому алайкум. Рўза ойида икки ўғлимни хатна қилдириб, кейин қўй суйиб ифторлик қилмоқчиман. Иккала ўғлимга ҳам ҳали ақиқа қилмаганман. Рўза ойида шу ишларни килиш мумкинми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат! 

 

Жавоб: Ақиқани йилнинг исталган вақтида қилиш мумкин. Жумладан, Рамазон ойида ҳам ақиқа қилса бўлади. Фақат бу ишлар рўза тутишга халал бермаслиги керак. Кейин меҳмондорчилик саҳарлик ёки ифторлик пайтида бўлади. Маълумки, Рамазонда кун давомида таом истеъмол қилинмайди. 
    Яна бир нарса борки, ақиқа қиламан, деб фарз бўлган Рамазон ойи рўзасини тутишда камчиликка йўл қўйиш яхши эмас. Шу сабаб кўпчилик ақиқа ва никоҳ тўйларини Рамазондан ташқари вақтларда ўтказадилар. Рамазон ойи йилда бир марта келади. Уни ибодат, зикр, тасбеҳ ва Қуръон тиловати билан ўтказиш яхши. Турли тадбирлар эса бандани ибодат лаззатидан тўсади. 



Одилхон қори Юнусхон ўғли 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216278
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24539