АЛЛОҲГА МАКОННИ НИСБАТ БЕРИШ
1.3.2017 9716

Савол: Ассалому алайкум қори ака. Аллоҳ дин йўлида қилаётган хизматларингизни қабул қилсин! Бир илтимосим бор эди. Аллоҳга маконни тайин қилиш масаласида батафсил маълумот берсангиз. Олдиндан раҳмат!

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Нодон ва жоҳиллар васфлаган барча айбу нуқсонлардан пок бўлган оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!Аллоҳ ҳақида тафаккур қилишга чақириб, зоти ҳақида ўйлашдан қайтарган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! Барча ишларимизда эргашсак айни ҳидоятда бўлишимиз кафолатланган саҳобалар ва аҳли байтддан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин!
      Аслида бу савол ва таклифнинг келиб чиқиш манбаси ҳақида икки оғиз гапириб кейин саволга жавоб беришга ўтсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. 2013 йил соғлигимни тиклаш мақсадида чет элда жарроҳлик амалиётида бўлиб қайтдим. Чет элда даволаниб юрган кезларимда, ходимларимиздан бири менинг номимдан "Аллоҳ осмонда" номли мақолани расмий сайтимизда чоп қилган экан. Мана шу мақоладан сўнг, менга айнан ушбу мавзуда мурожаат қиладиганлар кўпайиб қолди.
     Қуйида ёзадиган маълумотлар Аллоҳга маконни тайин қилиш масаласида менинг шахсий фикр ва қарашларим бўлиб, бу борада менинг номимдан ёзилган ёки қаерлардадир айтилган сўзларга барҳам беради деган умиддаман.
     Аҳли Сунна вал-Жамоа эътиқодида Аллоҳга маконни нисбат бериш жоиз эмас. Бу ҳақда эътиқодимиз қоидаларининг асосчиси Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг "Тавҳид" китобларида шундай дейдилар:

"Аллоҳни макон ила васфлаб бўлмайди. Зеро ҳали ҳеч нарса яратилмасидан олдин ҳам Аллоҳ бор бўлган. Қуръондаги: "Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз" (Қоф:16), "Уч кишининг ўзаро шивирлашиб гаплашиши бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси У(Аллоҳ)дир" (Мужодала:7) оятларини Аллоҳ уч киши гапирганда тўртинчиси бўлиб ўша ерда туради, деб бўлмаганидек, Тоҳо сурасининг 5 оятини яъни "Раҳмон аршга истиво қилди" оятини далил қилиб Аллоҳ осмонда деб бўлмайди. Зеро макон нисбат бериш Аллоҳни улуғлаш ва буюклигини эътироф қилиш бобига кирмайди".(Иқтибос тугади)
     Агар: "Аллоҳ аршда" ёки "Аллоҳ осмонда", деб эътиқод қилинса, бу Аллоҳга нисбатан нуқсонни келтириб чиқаради. Чунки бу эътиқод остида Аллоҳ бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтади, яъни ўзгаради, деган ёмон тушунча ётади. Ким Аллоҳга нисбатан шундай эътиқодда бўлса. Уни мўмин деб бўлмайди. Чунки ўзгариш хусусияти, инсон ва мавжудодларда бўлади. Аллоҳ эса азалдан бор бўлган, асло йўқ бўлмайдиган буюк зотдир.
     Шунинг учун "Фатовойи ҳиндия" китобида "Аллоҳ осмонда" деб эътиқод қилувчилар борасида кескин фатво берилиб шундай дейилган:

 


يَكْفُرُ بِإِثْبَاتِ الْمَكَانِ لِلَّهِ تَعَالَى فَلَوْ قَالَ : ازخدا هيج مَكَان خَالِي نيست يَكْفُرُ وَلَوْ قَالَ : اللَّهُ تَعَالَى فِي السَّمَاءِ فَإِنْ قَصَدَ بِهِ حِكَايَةَ مَا جَاءَ فِيهِ ظَاهِرُ الْأَخْبَارِ لَا يَكْفُرُ ، وَإِنْ أَرَادَ بِهِ الْمَكَانَ يَكْفُرُ ، وَإِنْ لَمْ تَكُنْ لَهُ نِيَّةٌ يَكْفُرُ عِنْدَ الْأَكْثَرِ ، وَهُوَ الْأَصَحُّ وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى .

 

    "Аллоҳ таолога нисбатан маконни таъйин қилган киши куфр келтирган бўлади. Агар биров: "Аллоҳдан бирор макон холи эмас", деса (Яъни Аллоҳ ҳамма маконда бор, деб маконни унга нисбат берса) куфр келтирган бўлади. Агар: "Аллоҳ осмонда", деса ва бу сўзи билан Қуръон ва ҳадисда келган сўзларнинг зоҳирий маъносини айтаяпман холос, деса кофир бўлмайди. Аммо бу сўзи билан Аллоҳнинг макони осмонда, демоқчи бўлса куфр келтирган бўлади. Аммо бу сўзни айтганда ҳеч нарсани ният қилмадим, деса аксар олимлар наздида у ҳам куфр келтирган бўлади. Мана шу энг тўғриси ва фатво шунгадир".
       Биз Аҳли Сунна вал-Жамоанинг бу борадаги эътиқодини Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги икки оғиз сўзлари билан ифодалаш мумкин:

 

(كانَ اللهُ وَلَمْ يَكُنْ شَيْءٌ، وهوَ الآنَ عَلَى مَا كَانَ عَلَيهِ).

 

     "Ҳали ҳеч нарса йўқ пайтда ҳам Аллоҳ бор эди. У ҳозир ҳам шундай".
      Айнан Али розияллоҳу анҳунинг ушбу ибораларини Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам "Тавҳид" китобларининг кўп жойида зикр қилиб ўтганлар. Баъзилар Али розияллоҳу анҳу юқоридаги сўзларини уйдурма, дейишади. Лекин бу даъволарини йўққа чиқарувчи Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоят қилган қуйидаги ҳадисларини тилга олишмайди:

 

{ كَانَ اللهُ وَلَمْ يَكُنْ شَيْءٌ غَيْرُهُ }

 

      Яъни: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ бор эди. Ундан бошқа бирор нарса йўқ эди", дедилар.
      Аҳли Суннанинг Аллоҳ бирор маконга эҳтиёжи йўқлиги ва бирор мавжудодга ўхшамаслигига энг кучли далили Шуро сурасининг 11 оятидир:

 

{لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ }

 

     "У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир".
     Яна баъзилар: "Аллоҳ осмонда бўлмаса, нима учун қўлларимизни осмонга қарата дуо қиламиз", деб эътироз билдирса, уларга Аллома Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг "Фатҳул Борий" китобларида келтирган қуйидаги сўзларини айтамиз:

 

{السماء قِبْلة الدعاء كما أن الكعبة قِبْلة الصلاة}

 

     Яъни: "Каъба намозни адо қилиш учун қибла бўлганидек, осмон дуо қилиш қибласидир".

      Яна шуни билиб қўйиш лозимки, Қуръони карим, ҳадис шариф ва бошқа манбаларда "Аллоҳ осмонда" деган жумлалар мажозий маънода ишлатилган бўлиб, осмондан мурод улуғлик ва олийлик маънолари ирода қилинган. Бу эса шаръан ва ақлан жоиздир.
     Ҳижрий 520 йилда яшаб ижод қилган Шайх Муҳаммад ибн Валид Андалусий Моликий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам "Дуо қибласи осмондир", деб жавоб берганлар.
Аллома Мулло Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳам "Фиқҳул акбар" китобининг шарҳида шу фикрни билдирганлар.

       Хулоса қилиб айтганда Аллоҳга маконни таъйин қилиш ва нисбат бериш Аҳли Сунна эътиқодига хилофдир. Валлоҳу Аълам!
 

 

Одилхон Қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216404
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553