Аллоҳ бағрикенг ва кечиримли бўлишни буюради
11.7.2015 7069

Кечиримли ва сабр - тоқатли бўлиш ислом динининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 199 - оятида шундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”. Оятдаги “афв” сўзининг тафсири турлича келган. Баъзи муфассирлар у – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш десалар, бошқалари закот вожиб қилинмасдан олдин бойлардан олинадиган садақалар деб изоҳлаганлар. Лекин биринчи тафсир маъқулроқдир. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар.

 

Исломнинг бутун тарихи ана шу асосий тамойилни жамиятнинг ижтимоий ҳаётига жорий қилишнинг ёрқин мисоли бўла олади. Жаҳон  тарихидан маълумки, мусулмонлар динлараро беҳисоб тўқнашувлар ва биродаркушлик урушларидан азоб чекиб ётган янги ерларга озодлик, тинчлик ва диний эркинлик олиб келганлар. Ислом дини турли маданиятлар, тил оилалари ва диний конфессияларга мансуб халқларга бир само остида тинч ва осойишта яшашни таъминлаб берди.

 

Усмонлилар империяси 700 йил мобайнида бирорта ҳам миллатлараро тўқнашувларсиз улкан жўғрофий кенгликларда ўзининг қудратли давлатини сақлаб қолиш билан бирга, ўз таркибига кирган сон - саноқсиз халқларга диний эркинлик, тинчлик, осойишталик, ўз динларига бемалол эътиқод қилиш муҳитини яратиб бера олди. Ислом ақидаси нозил қилинган биринчи йилларданоқ мусулмонлар марҳаматли ва раҳм-шафқатли диндорлар сифатида ном қозонишди, улар ҳамиша энг адолатли ҳукмдорлар бўлишди. Кўп миллатли мусулмон давлатлари таркибидаги барча этник гуруҳлар ўз динларига эътиқод қилишда ҳамиша эркин бўлишган, бунинг устига қавмлари ҳаётини ўз динларининг ҳуқуқий ва диний қонунларига биноан қуриш ҳуқуқига эга бўлишган.

 

Мусулмонларга хос бўлган ҳақиқий диний эркинлик Аллоҳ таолонинг ҳақ амр-фармонларига биноан ҳаётга тадбиқ этилгандагина инсониятга тинчлик ва осойишталик олиб келади. Бу ҳақиқат Қуръони каримда баён этиб қўйилган: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).

 

Аллоҳ таоло мўминларга кўп марталаб хабар берадики, кечиримли бўлиш ва раҳм - шафқат инсоннинг ҳақиқий хислати ҳисобланади ҳамда ўзида ана шу ахлоқ қирраларини тарбиялай олган киши Парвардигорнинг юксак ажр - мукофотларига сазовор бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда яна шундай хабар берадики, инсон ҳатто очиқ-ойдин адолатсизлик қилинса ҳам афв - кечиримли, марҳаматли бўлиши мўминларга хос фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятлари орқали шундай деб марҳамат этади: “(Эй Муҳаммад), сиз мудом улар тарафидан қилинган бирон хиёнат устидан чиқасиз. Магар улардан (Исломни қабул қилган) озчилик кишиларгина хиёнат қилмайдилар, холос. Бас, уларни афв этиб, кечириб юбораверинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади” (Моида, 13).

 

Ислом мўминларга амр этган ахлоқий сифатлар энг улуғ фазилатлар ҳисобланади ва инсониятга тинчлик, осойишталик, адолат олиб келади. Айни пайтда ҳозир террор деб аталаётган ваҳшийлик – бу қотиллар, жоҳил мутаассибларнинг иши бўлиб, унинг Қуръони карим даъватига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўзларининг қонли ёвузликларини дин софлиги учун кураш ниқоби остида амалга оширишга уринаётган террорчиларнинг ваҳшийлигига қарши маърифат воситасида кураш олиб боришнинг ягона йўли - одамларда Қуръони каримнинг ҳақиқий даъвати ва ахлоқий кўрсатмаларини шакллантиришдир. Бошқача айтганда, Ислом таълимоти ва Қуръон даъвати бу асло террор мафкурасининг пайдо бўлиш манбаи эмас, балки террорчиликни таг - томири билан тугатиш йўлидир.

 

                                                                                                     Нозимжон Иминжонов

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 183065
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

23159