АҚИДА НИМА?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам етказган барча нарсаларнинг ростлигини тасдиқлаб, кўнгил боғлаб ишонилиши лозим нарсалар “ақида” дейилади1. “Ақида” сўзининг кўплик шакли “ақоид”дир. Ислом ақидаси мусулмон кишини маълум нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуидир.
Мулло Али Қори “Фиқҳул акбар”га қилган шарҳида “ақида” сўзига шундай таъриф берилган: “Ақида шундай илмки, унда эътиқод қилиш лозим нарсалар ҳақида баҳс юритилади”.
Ақида илмининг мақсадлари қуйидагилар:
1. Динга бўлган ишончни мустаҳкамлаш.
2. Диний ақидаларни қатъий далиллар билан исботлаш, улар ҳақидаги шубҳаларни аритиш.
3. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён этиш.
4. Дин асосларини ботил аҳлининг шубҳаларидан сақлаш.
Ақида илмининг асосий мақсади – бандани икки дунё саодатига эриштириш.
Энг тўғри ақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобаларидан нақл қилинган. Бу “Аҳли сунна вал жамоа” ақидаси дейилади.
1 “Ақида” сўзи “тугиб қўйиш”, “бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш” маъносидаги “ақд” ўзагидан ясалган.