ОҚИБАТ ЁДНОМАСИ
6.8.2015 3506

    Инсоннинг қадр-қиммати нимада? Буни тўлиқ таърифлашга уринсангиз, гапни одам боласи бошқа махлуқотлардан моҳиятан нимаси билан фарқ қилишидан бошлашга тўғри келади. Инсонда шуур деган нарса бор. Арабча бу сўз англаш, сезиш, фаҳмлаш, кечинма, ҳис-туйғу, ақл, идрок демак. Бошқа жонзотларда эса шуур ё йўқ, ё суст ривожланган бўлади. Демак, инсон – шуури билан: ҳис-туйғулари, олижаноб қалби, юксак онги, сезим ва кечинмалари билан инсондир.
    Бундан эса шундай хулоса чиқариш мумкин: қалби ҳассос, эзгуликни қадрлайдиган, гўзалликка ошуфта одам тўқимтабиат, дунёга фақат семириш учун келган, ўз манфаатидан бошқа нарсани ўйламайдиган каслардан жуда-жуда юксакда туради. Бу дунё аслида шундай одамлар билан обод. Асл инсонларнинг шуури ранг-баранг туйғулар манбаи, ақл-идрок парвози, олижаноблик ва яхшилик булоғидир. Хотиралар эса умрингнинг энг лазиз дамлари, шууринг чақнаган дамлар ҳақидаги эсдаликлар бўлиб, хотира бойлиги шуурнинг ёрқинлигига далолатдир.
    Аммо афсуски, болалик ва ёшлик йилларида дунёни эзгуликларга тўлиб-тошган маъво деб билган аксар олижаноб одамларда ҳам бу хислатлар кейинроқ камая боради, энг некбин кишилар ҳам ҳаётдаги қабоҳатларга дуч кела-кела, пировардида ожизлигига иқрор бўлиб, қолмишига унинг алами кучайиб, бирқадар лоқайд ёки инжиқ, кажбаҳс кишига айланиб қолади.
      Инсонда бунга қарши бирдан-бир иммунитет, менимча, хотира. Хотира борки, одам ўзлигини унутмайди, собит тура олади, яхшию ёмон кунларидан сабоқ чиқаради, иймони комиллашаверади. Ёшлик-навқиронлик дамларида киши асосан ўзи дуч келаётган одамлар, воқеа-ҳодисалар ичида бўлиб, таассуротига туртки бераётган манбалар гирдобида чарх урса, ёши ўта боргач воқеликдан четлашишга, ўтмишини эслаб, ундан ўзгача сабоқлар чиқаришга, ибрат олишга майл кўргазар экан, ортидан келаётган авлод – бола-чақаси, яқин кишилари, дилдошларини турмушнинг турли «мушт»ларидан огоҳ этишга, ўзи билган ҳақиқатларни англатишга тараддудланиб қоларкан.
    Филжумла, хотира китоблари мана шу тариқа юзага келади. Кейинги ўн йилликларда неча ўнлаб хотираномалар нашр этилди. Улар ичида тарихнинг турли даврларига оид: II Жаҳон уруши ветеранлари ҳақида, сал кейинги авлод – болалиги айни уруш йилларига тўғри келиб, зўр қийинчиликларга бардош бериб оёққа турган шонли оталаримиз тўғрисида, ҳатто яқин ўтмишда Гдлян-Ивановлар қутқусига дош бериб, бўҳтон талотўпларидан омон ўтган оғаларимиз ҳақида, ўз касбини бир умр ардоқлаб, шу соҳа (масалан, ўқитувчилик)нинг қаттиқ нонига қаноат қилиб, бир умр ҳалол-пок яшаб ўтган кишилар ҳақида талай ёдномалар босилиб чиқди.
     Албатта, бу китобларнинг барчаси савия жиҳатдан бирдай эмас. Чунончи, улар орасида аллақайси бир ресторанга «шеф» бўлиб ёки бирон омборга мудир бўлиб ўтган кишилар тўғрисидаги «эъжод» намуналари анчагина: қўли узун фарзанди буюртмасига кўра қўли калтароқ бирон қаламкаш томонидан бадиий тўқималарга ружу қўйиб битилган, қолмишига бу азизларнинг Ялтаю Сочиларда тушган анвойи суратлари тиқиштирилган бундай ёдномалар асосан қариндош-уруғ орасида тарқатишга, таниш-билишларга, маҳалла-кўйга совға қилиш мақсадида ёзилган бўлади ва бу муддаони тамомила уддалайди. Аммо гап бошқа ёқда.
    Андижоннинг Бўз туманида Тўйчибой Мамасолиев деган бир ижодкор яшар экан. Тунов куни у кишининг «Яқинларим» деган мўъжаз бир китоби тасодифан қўлимга тегди. Даставвал, боягидай нашрлардан биридир-да, деган мулоҳаза сабаб, хушламайгина варақлаб кўрдим. Кейин… шўнғиб кетдим. Йўқ, ушбу нашр юксак бадиий бир асар ҳам, илмий кашфиётларга бой рисола ҳам эмас. Бор-йўғи, бир хотиранома. Аммо мени ром этган жиҳати унинг самимийлиги бўлди. Муаллиф ҳеч бир оҳанжама қўшмай, бадиий тўқималар билан безамай, болалиги ўтган давр манзарасини чизади, ота-оналари, устозлари, қўни-қўшнилари ҳақида сўзлайди. Андижоннинг бир пучмоғида камтарона яшаб, дунёга тўймай ўтган, аммо дунёнинг турли қийинчиликларидан тўйиб кетган яқинларининг – бу ёруғ жаҳондаги энг олижаноб, энг ҳалим кишиларнинг қиёфасини хоксорлик билан яратади.
     Муаллифнинг болалиги ўтган асрнинг эллигинчи йилларига тўғри келган. Бу даврда, гарчи уруш қасирғалари тинган бўлса ҳам, муҳтожлик, етишмовчилик ҳали одамларни гирибонидан бўғиб турар, мактабга қатнаётган боласига битта этик олиб беришдай арзимас нарса бутун оила учун зўр муаммо эди. Ўзбекка хос фидойилик, ўзи емай-ичмай, боласига илиниш, фарзанд учун ҳар қандай машаққатларни бўйинга олиш лавҳаларини ҳаяжонсиз ва шундай аждодларимиздан фахрланмай ўқиб бўлмайди.
     Ота, кўзи оғриб, Марғилонда даволаниб қайтиб келган. Оила аъзоларининг севинчи ичига сиғмайди. Кечки пайт ош тўла лаган энди дастурхонга қўйилган пайтда дарвоза шарақлаб очилиб, колхоз раиси ва бригадир бостириб кириб келишади. «Қайси гўрда эдинг, ишга чиқмаяпсан?» деб ўдағайлайди раис уй эгасини бола-чақаси олдида ҳақорат қилиб. «Касал эдим, даволаниб келдим, раис бува, мана дўхтурнинг қоғози…» дейди ота шамгин ҳолда. Справкани йиртиб ерга отган раис унга бир мушт тушириб, «Қани, олдимга туш!» дея, оч-наҳор, касал одамни судрагандай қилиб опчиқиб кетади. «Дадам қўрқиб, уларнинг олдига тушди, – деб ёзади муаллиф. – Опаларим йиғлаб эргашишди. Анчадан сўнг қайтишиб, «Дадам сушилкада пахта қуритяпти», деб бизни тинчлантиришди. Дастурхондаги ош заҳарга айланди. Қорнимиз оч бўлса-да, таомга қўл узатмадик…».
     Назаримда, юқоридаги аянчли лавҳада ўтган асрнинг бошларида туғилган, зўрлик билан колхозга тортилган, ўз бошига тушмаган бўлса-да, қулоқ қилинган, қатағонга учраганларнинг мудҳиш тақдирига гувоҳ бўлган, ҳали уруш, ҳали ундан кейинги тикланиш қийинчиликлари ичра кун кўрган жабрдийда ўзбекнинг бир характери чизиб кўрсатилган. Албатта, фарзанднинг униб-ўсишида онанинг ўрни беқиёс. «Азизларим» китобида муаллиф онаизорини қўмсаб эслайди, унинг содда-самимийлигини, барчага бирдай меҳрибонлигини ўнлаб саҳифаларда ибрат мақомида васф этади. Бу табиий, зеро фарзанднинг онага соғинчи чексиз. Аммо кимнинг қандайлигини ўзгаларнинг унга муносабати аниқроқ кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, бир лавҳани эътиборингизга ҳавола қилсак:

«…Тошкентга борганимда устознинг уйига ўтдим. Мени кўриб хурсанд бўлди. Ўтиришимиз билан, одатга кўра, онамни сўради:

– Онанг яхшими, соғлиқлари жойидами?

Нима деб жавоб қилишимни билмай қолдим. Устоз аҳволимни кўриб, дарҳол сезди:

– Онанг ўтдиларми?

Индамай бош қимирлатдим. Иккаламиз ҳам жим қолдик. Секин билдирмай Тоҳир акага қарадим. Кўзлари бир нуқтада. Мени кўрмайди, кўзларидан ёш томаяпти».

     Тошкенти азимда, дорилфунунда ишлайдиган бир олим Андижоннинг узоқ қишлоғидаги бир кампирнинг вафотидан қайғуриб кўз ёши тўкиши ўз-ўзидан бўлмайди. Бу, ким бўлмасин, ҳар бир одамнинг самимий меҳрга, оқибатга талпинишини, устоз бу меҳрни ана ўша содда қишлоқ аёли сиймосида топганини кўрсатади.
   Яна нима десак?.. Муаллиф энг яқин жигарларининг меҳрибонлигини, шунингдек бир маҳаллада бирга яшаб, қариндошлардан-да яқинроқ бўлиб кетган қўни-қўшниларининг энг инсоний, асл ўзбекона, ибратли ишларини қаламга олади, қалбига беҳад яқин туйғуларни тафсиллайди.
    Яхши қўшиқ. У қанақа бўлади? Хонандалар бор – овози кучли, ширали, ҳар қанақа талабга жавоб беради, октаваларни истаганича чўза олади. Бор овозини қўйиб қич-қирганида концерт залидаги биллур қандилларга ларза тушади. Ҳамма олқишлайди… Мен санъатшунос эмасман, балки яхши қўшиқ шундай бўлиши керакдир. Аммо менга, паст ё баланд овозда айтадими, товуши ширалими ё ширасиз, бу унча муҳим эмасдай туйилади. Қўшиқ куйланганда хонанданинг кимлигини унутсанг, ўзингни ҳам унутсанг, қўшиқ оҳанрабоси сени, хаёлларингни узоқ-узоқларга олиб кетса, кўнглингда қачонлардир жилва қилган, энди унути¬лаёзган туйғуларингни ёдингга солса, тугагач, сочилган хаёлларингни жамлаб, атрофга назар солсанг, бир қатра бўлса ҳам олижаноброқ, некбинроқ бўлиб қолсанг, қўшиқ хаёли сени кун бўйи, кунлар бўйи тарк этмаса. Мен учун энг аъло қўшиқ – шу. Хонанданинг овози яхши бўлгани дуруст, аммо қалби, самимияти муҳим…
     500 нусхада чоп этилган, юпқагина бу китобни ўқир эканман, хаёлан болалигим кўчаларида елдим, югурдим, унутилаёзган ҳиссиётлар тағин ёдимга тушди, кўнглим бир қадар ёришди. Асарнинг ютуғи шунда эмасми?
    Хотира китоблари… Улар нафақат соғинч туйғулари ифодаси, балки аввало ибрат саҳифаларидир. Ёзилган, босилиб чиқаётган ҳар бир ёдномада, Тўйчибой аканинг ёдномасидаги каби, ота-она, бошқа яқинларимизнинг ана шундай мунаввар ҳаёт йўллари ёритилса, уларнинг жамулжамидан заҳматкаш, самимий ўзбек халқининг менталитети бор бўйи билан юз кўрсатган бўлар эди. Ва бу ёшларни аждодларимизнинг энг олижаноб удумлари ва тутумларини эъзозлаш руҳида камол топтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 92849
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 40806
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 29807
  • Қайнона ва келин муносабатлари

    Бошқа миллат вакилларининг кўпчилиги биз ўзбекларнинг оилавий ҳаётимизга, яъни, қариндош уруғларнинг бир-бирларига бўл…

    6.82015 29171
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

15527