ЎЛМАСУН
Алишер Навоий
ЎЛМАСУН
(ғазал)
Ёридин ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасун,
Жумлаи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.
Мен бўлай овора то ишқимдин айлаб гуфтугуй,
Оти онинг ҳар киши оғзиға мазкур ўлмасун.
Жонима бедоду зулмин, ё Раб, улмиқдор қил,
Ким анинг ошиқлиғи ҳар кимга мақдур ўлмасун.
Мен худ ўлдум, лек ҳар ошиққи, бордур покбоз,
Навҳа тортиб мотамим тутмоқда маъзур ўлмасун.
Панд ила кўнглум уйин қилма иморат, эй рафиқ,
Бизни бузди, ҳаргиз ул, ё Рабки, маъмур ўлмасун.
Кечалар ул гул чекар эрмиш қадаҳ, эй тонг ели,
Воқиф ўл ҳолимни айтур чоғда маҳмур ўлмасун.
Ёр васлиға қувондим, қовди куйидин мени,
Эй Навоий, ҳеч киши давлатка мағрур ўлмасун.
(маъноси)
Бадномлигим, расволигим ўзимники. Кўплар суратига бино қўйса, обрў, ҳурмат, эътиборталаб бўлса, мен ошиқ, ҳуд-беҳуд бу хил тушунчаларни ер билан яксон қилдим. Биргина ёрим бор эди, унданда айрилдим, ҳижрондан бўлак ҳеч нарсам қолмади.
Бироқ, мажнунлик учун шериклик ёт экан! Мен бундайин савдони бошқаларга раво кўрмайман.
Алломалар илм ўқиб, ирфонга эришса, мен ошиқ бор ҳақиқатни айрилиқ давридаёқ англаб етдим! Ёр билан боғлиқ ҳар нарса ва ҳолат азиз, ўзи каби номи ҳам қадрли. Унинг исмини зикр қилиш учун зокир нафс иллатларидан холи, пок хаёлли ва эзгу ниятли бўлиш шарт.
Мен ўз ишқимдан сўзлаш билан шу даражада банд бўлайки, бошқаларда ишқ бобида гапиришга имкон қолмасин.
Мақсадим васл эди, насибам ҳижрон бўлди. Буни ошиқликнинг қисмати деб қабул қилдим. Бундан хафа ҳам эмасман. Зеро, ошиқликнинг энг улуғ мақоми сабрдир.
Кун етиб, унинг дарди ғолиб келиб вафот этсам, “покбоз” ошиқларнинг мотам тутиб йиғи-сиғи қилишлари муносиб иш эмас. Шу сабабли фироқ жунунлиги уларни четлаб ўтишини истайман. Зеро, ҳар ошиқнинг ўз мавқеи, даражаси ва ҳоли бор.
Ҳайрат, ачиниш ва пушаймонликни туяётган яқинларим менинг сархушу бехушликни тезроқ тарк этишимни исташади, турли ўгит ва насиҳатлар орқали ақл мезони билан иш кўришга чақиришади. Бироқ ҳар қандай маслаҳат амалда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолди. Мен ошиқ кўнглини кўтармоқчи бўлганлар, мени олдингидек соғлом кўришни истаганлар энди мақсадларига эришолмайдилар.
Чунки, кўнгил уйим батамом бузилиб бўлган. Қолаверса, ўзим ҳам бу кўнгил уйининг тикланишини сира истамайман.
Эмишки, ёр кечаларни майхўрлик билан ўтказади. Эй шамол, менинг ҳолимни унга етказар чоғингда воқиф бўлгин-ки у маст ҳолда бўлмасин!..
Ҳижрондаги азобларим ўз интиҳосини топди. Интилишларим самараси ўлароқ, ёр васлига эришдим. Бироқ, наздимда бу улкан давлат, яъни ёр васли завқу шавқи мени мағрур қилмаслиги лозим. Ҳар қандай кибр, талтайиш ошиқни не азоблар билан эришилган бахтдан мосуво қилиши мумкин.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ, Гулноза ОДИЛОВА тайёрлади