Никоҳ тўйи
Ҳар бир миллатнинг ўзига хос турмуш тарзи, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар, феъл-атвори, урф-одати бор. Одатда миллатлар авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтадиган ва бошқа миллатлардан ўзлаштирилган одат ва анъаналарга риоя қилади. Уларни “миллий мерос” деб эъзозлаб асрайди. Бу ҳол барча миллатларга хос.
Бу ўринда мусулмонларга тўйлар қандай бўлиши лозимлигини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда ворид бўлган ҳадиси шарифларни эслатиб қўймоқчимиз. Тўй ҳам Аллоҳга тоатнинг бир кўринишидир. Унинг розилиги ва тавфиқига сабабдир.
Тўй никоҳни эълон қилиш учун, одамлар фалон йигит фалон қизга уйланганини билишлари, шубҳа ва гумон бартараф бўлиши учун йўлга қўйилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳни эълон қилишни ва хабарини одамлар орасида ёйишни буюрганлар. Тўйдан мақсад одамларни зиёфатга чақириш. Яъни, таом пишириб, одамларни уни ейишга таклиф этишдир. Қўй сўйиб тўй қилиш фазилатлидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Сафия розияллоҳу анҳо онамизга уйланганларида бўтқа ва хурмо, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланганларида эса, қўй сўйиб тўй ўтказганлари бир неча ҳадисларда баён қилинган. Уйланганини айтган саҳобалардан бирига Пайғамбаримиз: “Бир қўй сўйиб бўлса-да, тўй қил”, деганлар.
Никоҳни эълон қилишнинг ҳикмати уни одамларга билдириш, эр-хотиндан гумонни даф қилиш, никоҳ ақди сабабли Аллоҳ таолонинг инсонларга берган неъматини изҳор этишдир. Зеро, никоҳ ақди хотинни эрига ҳалол қилади. Хотиннинг онасини эрга, эрнинг отасини хотинига ҳаром қилади.
Аёлни уйга киритиш
“Аёлни уйга киритиш” деганимизда эрнинг хотини қўлидан тутиб, уйига олиб кириши тушунилади. Аёлнинг эр уйига бу тарзда кириши эр-хотинлик ҳаётининг бошланишидир. Аёлнинг эр уйига кириши унинг бир оиладан иккинчи оилага, бир уруғдан иккинчи уруғга ўтиши демакдир. У ота-онаси ва туғишганлари бағрини тарк этиб, эрининг “умр шериги”га айланади. Худди шу гап “эр” бўлиб хотинидан масъул бўлган эркакка ҳам тегишли. У энди оила олдидаги барча бурчларини уддалаши керак бўлади.
Эр ҳам, хотин ҳам ўрталаридаги “биринчи учрашув” лаҳзасига руҳий ҳозирлик кўришлари лозим. Бу учрашувдан олдин эркак хотини билан тотув яшашга, унга сабр, идрок билан яхши муомала қилишга ўзини ҳозирласин. Бу нарса осон эмаслигини, муҳим ва жиддий ишга қадам қўяётганини кўз олдига келтирсин. Аёл ҳам “эрка қиздан” жавобгар хотинга айланишдек муҳим ишга ўзини тайёрласин. Уларнинг ҳар бири нимага қадам қўяётганини, ўзларини масъулиятга садоқат кутаётганини билишлари керак.
Мазкур иборанинг ишора маъносига – қўшилишга келсак, эр-хотин бу ишни насл қолдириш, жинсий аъзони зинодан асраш, шаҳватни ҳаромдан қайтариш восита деб қарашлари лозим.
Табрик ва ҳадялар
Тўй куни ва тўй ўтганидан сўнг, одатда, кишилар янги эр-хотинни уйланиш ва турмушга чиқиш билан табриклаб, эзгу истаклар билдиришади, улар ҳақига дуолар қилишади. Шунингдек, уларга ҳадялар ҳам тортиқ этишади. Шариатимизда бу хусусда нималар ворид бўлган?
1. Табриклаш.
Исломдан олдин араблар янги турмуш қурганларни “Тотув ва ўғилли бўлинглар”, деб табриклашарди. Бу уларнинг ўғилни қиздан ортиқ кўришлари одатига биноан эди. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ундан яхши ва фазилатли дуони ўргатганлар. Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланган инсонни кўрганларида “Аллоҳ таоло сизга фаровонлик ато этсин ва ўрталарингни яхшилик билан боғласин”, дер эдилар”.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жобирдан: “Уйландингизми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деб жавоб берганида, Расулуллоҳ: “Аллоҳ таоло сизларга фаровонлик ато этсин”, дедилар.
Имом Ибн Можа Уқайл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Уқайл Бани Жушам қабиласидан бир аёлга уйланганида, унга: “Тотув ва ўғилли бўлинглар”, дейишди. Уқайл: “Бундай деманглар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, “Парвардигоро, уларга фаровонлик ато эт”, деб айтинглар”, деди.
2. Ҳадялар.
Одамлар янги турмуш қурганларга ҳадя тортиқ қилишга одатланишган. Бу хайрли ва тавсия қилинадиган амалдир. Зотан, у шаръан тавсия этиладиган ҳадялар жумласига киради. Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадяни олардилар ва ҳадя берганлар ҳадясининг ўрнига бирон нарса қайтарардилар”.
Саволлар ва жавоблар
Савол: Меҳмонхона ва кўнгилочар жойларда ўтказиладиган тўйларнинг ҳукми нима?
Жавоб: Тўйларнинг қаерда ўтиши эмас, қандай ўтиши муҳим. Ресторанларда ҳам ҳалол-покиза тўй қилиш мумкин.
Савол: Эр-хотинга тортиқ этилган ҳадя кимники бўлади?
Жавоб: Ҳадя эрга берилган бўлса, эрники, хотинга берилган бўлса, хотинники бўлади.
Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг “Эр-хотинлик асослари” китобидан