Кофирнинг жаннати
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бир куни от устида йўлдан ўтиб борардилар. Отнинг эгар-жабдуғи, югану узангиларигача қимматбаҳо буюмлар билан безатилганди. Ўзлари ҳам яхши кийинган, эгниларида қимматбаҳо мўйнали пўстин бор эди. Бир насроний чуқурда ахлат тозалар экан, Имом Аъзамни кўриши билан тезда чуқурдан чиқди ва от юганидан ушлаб, имомни саволга тутди.
– Эй имом, шошманг, сизда саволим бор, – дея бақирди. Ҳазрати Абу Ҳанифа отни тўхтатиб:
– Сўра-чи, кўрамиз, – дедилар.
– Эй имом! Пайғамбарингиз: “Дунё кофирларнинг жаннати, мўминларнинг зиндони”, деган. Шу тўғрими? – деди насроний.
– Ҳа, тўғри, – дедилар Нўъмон ибн Собит ҳазратлари.
– Эй имом, инсоф қилинг, бир менга ва бир ўзингизнинг аҳволингизга қаранг, қайсимиз жаннатда, қайсимиз зиндондамиз? – деди насроний.
– Эй кофир, агар сен жаҳаннамни кўрганингда, бу ҳолингга кўп шукр этардинг. Агар мўминлар ҳам жаннатни кўрганларида, бу безаклар, зебу зийнатлар уларга ортиқча юк, дунё уларга зиндондай бўларди, – дедилар Имом Аъзам.
Насроний буюк имомнинг бу муборак сўзларини эшитгач, ҳеч нарса дея олмади. Маъюс ва мулзам бўлди. От жиловини қўйиб юборди.
Йўлдош Эшбек