Китобхон меҳрини қозониш
Ўз халқи танимаган, ўз халқи севмаган ёзувчини жаҳон китобхони севишига ишонмайман.
* * * * *
Оддий китобхон ақалли иккитагина шеърини шавқ билан ёддан ўқиб юрадиган шоир – ҳақиқий шоир. Оддий китобхон ақалли иккитагина қаҳрамонининг қисматидан ларзага тушиб, узоқ йиллар эслаб юрадиган ёзувчи – ҳақиқий ёзувчи.
* * * * *
Иккита энг холис ҳакам – китобхон ва вақт синовидан ўтган асар ҳақиқий асардир.
* * * * *
Кўпчилик қалам аҳлининг битта ожизлиги бор: ҳаммаси – “биринчи”! Ҳолбуки, ким “биринчи”, ким “юзинчи”, ким умуман “ҳеч нечанчи эмас” – китобхон билан вақт ҳал қилади.
* * * * *
Чинакам ижодкор бўлиш учун одамда истеъдод, билим, меҳнат, изланиш ва албатта виждон бўлиши керак.
* * * * *
Асарнинг ҳақиқий эгаси ёзувчи эмас. Асарнинг ҳақиқий эгаси – ўқувчи! Китобхони йўқ асар эгаси ташлаб кетилган ҳовлига ўхшайди.
* * * * *
Яхши фарзанд ота умрини давом эттиргани каби яхши асар ёзувчи умрини давом эттиради.
* * * * *
Бир марта кўришга арзийдиган кино, бир марта томоша қилишга арзийдиган спектакль, бир марта эшитишга арзийдиган қўшиқ, бир марта ўқишга арзийдиган китоб, бир марта ишлатиладиган шприцга ўхшайди. Албатта, буларнинг ҳам ўз ўрни бор. Фақат... шприц одамни даволаса, бундай асарлар одамни майиб қилади. Ўзини эмас-ку, дидини...
* * * * *
Дунёда сенга чин дилдан ихлос қўйган, асарингни бағрига босиб ўқийдиган битта китобхон бўлса, шу биргина китобхон учун ижод қилсанг арзийди!
* * * * *
Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, буюриб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди! Худо китобхон меҳридан бегона қилмасин!
Ўткир Ҳошимов ижодидан тайёрланди