Кексаларни эъзозлаш-- инсоний бурчимиз
Умр - инсон учун берилган энг бебаҳо неъмат. Унинг ҳар бир фасли ўзига хос. Болалик, ўсмирлик, ёшлик ва кексалик. Бир - бирини тўлдирувчи ушбу паллаларнинг сўнгги босқичи, халқимиз орасида парилик даври дея эътироф этиладиган қарилик ёҳуд кексалик ҳаётнинг мазмунини англашни ўргатувчи даврдир. Бежиз мулоҳазамни ушбу сўзлар билан боғламадим.
Қадриятларимизнинг бебаҳо кўринишларидан бири – бирдамлик, ҳамжиҳатлилик билан ўтадиган тўй ва маъракаларни бир кўз олдимизга келтирайлик. Давранинг тўрида ўтирадиган боболаримиз, супра бошида ун элаб, хамирга қўл солиб берадиган нуроний бувиларимизнинг ҳар бир айтадиган сўзлари, ибратли гаплари даврадаги ёшлар учун бир хазинадек бўлиб келган. Ёши улуғ инсонларга бўлган бу ҳурмат, иззат - икром халқимизнинг қон - қонига сингиб кетган. Шу боисдан ҳам бу анъана бугунгача бардавом.
2015 йилнинг юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан «Кексаларни эъзозлаш йили» сифатида эълон қилинганлиги, йил билан боғлиқ ишлаб чиқилган давлат дастури асосида олиб борилаётган эзгу ишлар ҳам нуронийларимизга бўлган юксак эътибордан далолат беради.
Касбим тақозоси билан Бухоро вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида ўтказилаётган тадбирлар, учрашувларда иштирок этиб келяпман. Маълумки, ҳар йили 9 май - “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида 2 - Жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари давлатимиз раҳбари фармонлари асосида алоҳида рағбатлантирилиб турилади. Бу йилги байрам тадбирлари 2015 йил «Кексаларни эъзозлаш йили» билан ҳамда 2 - жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан янада ўзгача кечди. Ана шундай тадбирларда иштирок этиб, жуда катта таассурот олдим. Сабаби, ҳар бир учрашувларда қадри улуғланган юртдошларимиз, бобою бувиларимиз билан суҳбатлашар эканман, уларнинг айтар сўзларида шукроналик ҳисси мужассам эканлигига гувоҳ бўлардим. Гарчи ҳаётнинг аччиқ кунлари, уруш даври қийинчиликлари уларнинг нуроний чеҳрасига ажинлар тўлдирган бўлсада, кўзларида қувонч ифода топган эди. Сана муносабати билан вилоят ҳокимлиги ва масъул идоралар ходимлари билан Ғиждувон шаҳридаги хонадонлардан бирида бўлдик. Бизни кутиб олган хонадон соҳибларидан бири меҳмонхонага чорлади. Саломлашиб, кирар эканмиз, уйнинг тўрида ўтирган нуроний отахон - бизни қарши олдилар. Бу инсон иккинчи Жаҳон урушининг суронли йилларини бошдан кечирганлардан бири - 92 ёшли Ҳасан ота Ҳақбердиев эдилар. Айни 18 ёшида тинчлик учун курашга отланган бу инсон башарият учун кўплаб талафотлар келтирган урушнинг даҳшатларига бардош бериб, унинг синовларидан ўтади. Халқимиз осойишталиги учун ўз жонини тиккан ва урушда бир оёғидан ажралиб, ногирон бўлиб қайтган отахон тинчлик дунёдаги энг улуғ неъмат эканлигини бот - бот такрорлар дедилар: «Тинчликнинг қадрига етинг, мен урушга бир оёғимни ташлаб қайтдим. Қайтганимда ҳовлида онам ва укам бор эди. Онамнинг кўзлари хиралашиб қолган, ночор аҳволда эдилар. Очарчилик йиллари эди. Бир бурда нон топиб ейишнинг ўзи катта бахт эди, биз учун. Яшаш учун курашдик. Меҳнатдан чарчамадик. Бугунги кунларимиз биз учун энг катта бахт. Тинчлик улуғ, унинг қадрига етинг! »
Биз отахон билан суҳбатлашар эканмиз бошдан кечирганларини сўзлаб бераётган бу инсонни тинглаб, кўз ўнгимда суронли уруш йиллари гавдаланди. Гарчи болалигимда ёзувчиларимизнинг 2 - Жаҳон уруши ҳақида ёзган бир қатор асарларини мутолаа қилган бўлсамда, ушбу жанггоҳларда фидойилик билан тинчлик учун курашган инсон қаршимда ўтирганини кўриб, кўзимда ёш халқаланди. Тирик тарих бўлган бу инсон билан қайта - қайта суҳбатлашгим келарди. Шу куни Бухоро вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари у кишига “Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик – юбилей - медалини топширар эканлар, фидойи ватандошимизнинг кўзларидаги қувонч ёшини кўриб қаттиқ таъсирланиб кетдим. Дарҳақиқат, юртимизда инсон қадри улуғдир. Кексаларимизга бўлган эътибор юксак даражада. Ўз ҳаёт йўли билан келажак авлодга ўрнак бўладиган бобою бувиларимизнинг ҳар бир айтар сўзлари биз учун жавҳардек қимматли эканлигини яна бир бор англадим.
Қишлоғимизда ( Ғиждувон туманидаги Хосакент қишлоғи) Унсин буви деган ёши улуғ инсон яшаб ўтдилар. Эсимда, болалик пайтларим, бувимнинг дугоналари бўлганликлари учун у кишининг ҳовлиларига тез - тез борар эдик. Ёки бир қишлоқда яшасак ҳам баъзан бувим хат ёзиб ўртоқларига бериб юборар эдилар. Мен хатни олиб у кишининг ҳовлиларига кирганимда у киши балх тути остидаги каравотда доим нимадир тикиб ўтирар эдилар. Ўша пайтлар Унсин ая ҳақида ҳеч нима билмас эдим. Йиллар ўтиб ёшим улғайгандан сўнг онахоннинг ҳаёт йўллари, сабр - тоқатларини эшитиб таъсирланганман. Унсин буви турмуш қурганида 17 ёшида бўлган экан. 18 ёшли турмуш ўртоғи Тўрақул бобо 2 - Жаҳон урушига кетганида қорнида боласи билан қолган бу аёл садоқат билан эрини кутиб яшайди. Ўғли Жўрақулни дунёга келтириб, вояга етказади, ўқитиб, уйли жойли қилганида 2 - Жаҳон уруши аллақачон тугаган эди. Бироқ Унсин буви ҳамон турмуш ўртоғи Тўрақул бобони кутар эди. Аччиқ қисмат уни яқинидан айирганини билсада, доимо турмуш ўртоғи дарвозадан кириб келаётгандай унинг йўлига кўз тикарди.…
Йиллар ўтди. Фарзанди улғайиб, бир этак набиралар қуршовида дориломонликда яшаган Унсин аяга қишлоқдагилар бу қадар ҳурмат кўрсатишининг сабаби онахоннинг сабр - тоқати, метин иродаси эди.
Муҳтарам юртбошимиз мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллиги муносабати билан қилган маърузаларида ҳар қандай жамиятда ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик унинг маданийлик даражасини билдиришини алоҳида эътироф этиб ўтган эдилар. 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши ҳам юксак инсонийликнинг кўринишидир. Аслида нуронийларимиз ўлмас маданиятимизнинг тирик тарихи ҳамдирлар. Боиси, қадимдан халқимиз орасида “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Кекса оқиб турган дарё” деган сўзлари қўлланиб келинган. Ота - оналарга қилинган хизмат ҳам ҳаж даражасида кўтарилган. Фарзандлар ардоғида, невара чеваралар қуршовида юрган бобою бувиларимиз бир вақтлар ўз ота - оналарига ҳам шундай ҳурмат кўрсатишган. Бу эса катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатишнинг аввало тарбиядан бошланишининг исботидир. Мумтоз адабиётимизнинг йирик вакили Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида шундай сатрлар бор:
Бошни фидо айла ато қошиға
Жисмни қил садқа ано бошиға
Тун кунингға айлагали нур фош
Бирисин ой англа бирисин қуёш
Ота - онани ҳурмат қилиш фарзандлар учун мажбуриятдир. Уларни бу иккисига хизматни бирдек қилиш, хизмат қанча ортиқ бўлса ҳам кам деб билиш лозимдир. Яъни, мутафаккир, “Отанг олдида бошингни фидо қилиб, онанг учун бутун жисмингни садқа қилсанг арзийди. Туну кунингга нур бериб турган икки инсоннинг бирисин ой деб бил, бирисини қуёш” деб таъкидлайдилар. Шунингдек оналарга бўлган ҳурматни шоир “Арбаин” асарида шундай таърифлайди:
Оналарнинг оёғи остидадир
Равзаи жаннату жинон боғи
Равза боғин висолин истар эсанг
Бўл онанинг оёғин тупроғи
Ҳа, Жаннат оналар оёғи остидадир. Ота - онамиз, уларга бўлган ҳурмат, кексайганларида қадрлаш халқимизга хос қадриятдир. Неча йиллик тарихга эга бу анъаналаримиз бугун ҳам бардавом. Эътирофлиси, у юртимизда қонунан мустаҳкамлаб қўйилганидир. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боб, 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.”дея белгилаб қўйилгани ҳам кексаларимизга бўлган ҳурматни ўзида намоён этади.
Ҳаёт чархпалак мисол. Умр ўтаверади. Ёшлик кексаликка ўз ўрнини бўшатиб беради. Нуроний кексаларимиз ҳамиша эъзозу қадрга лойиқдир.
Дилноза Ўринова