Динимизда бағрикенглик
20.7.2015 5722

    Қуръони карим нозил қилиниб, Ислом дини ер юзига тарқалди. Натижада жоҳилият давридаги турли-туман бидъату хурофотлар барҳам топиб, ҳақ билан ботил ошкор бўлди. Ҳалолу ҳаром, фисқу фужур, нажот ва ҳалокат йўллари баён этилди.
    Ўша дамлардан то ҳозирги кунимизга қадар ақида ва имон қалб билан боғлиқ жуда нозик масала бўлиб қолмоқда. Чунки, имонни мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Аксинча, инсон баён қилинган нарсаларни англаб имон келтирсагина айни муддао бўлади. Яъни, Исломга кириш эътиқод билан қалбда қаноат ҳосил қилиш орқали амалга ошади. Бу борада мажбурлаш йўқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Динда зўрлаш йўқ. Зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди» (Бақара, 256).
    Қалбларни тасарруф қилувчи Зот – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Шу сабаб қалбимизни ҳидоятга мойил қилиб қўювчи ҳам, унга муҳр урувчи ҳам Яратганнинг ёлғиз Ўзи! Биз қалбларга эгалик қилолмаймиз, истаган кишимизнинг кўнглини ҳаққа мойил қилиб қўёлмаймиз. Биздан жоизи фақат Исломнинг ҳақ дин эканини ҳикмат ва яхши мавъизалар билан тушунтириш, унга даъват қилиш холос. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!» (Наҳл, 125).
Ислом мукаммал дин. Унинг ҳар бир масаладаги кўрсатмалари батафсил баён қилинган. Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳақ билан ноҳақни ажрата оладиган ақл неъматини берган. Токи у орқали ўзига керакли йўлни танлаб олсин. Аллоҳ таоло одамни яратаркан, унга шайтонни енгиб, имон келтирадиган, ибодат қилиб, Аллоҳнинг ер юзидаги раҳбари даражасига кўтариладиган қобилият берган. Шундай йўл тутган киши фариштадан афзал саналади. Бунинг аксини қилган кимса эса, шайтонга эргашган бўлади. Эътиқод эркинлигининг берилиш ҳикмати ҳам ана шунда.
     Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида турли ривоятлар бор. Бир ривоятда, мадиналик Абул Ҳусайн номли бир мусулмон насроний динидаги икки ўғлини Ислом динини қабул қилишга мажбур қилади. Лекин улар кўнмайди. Шунда ота ва ўғиллар бу муаммони ҳал қилиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишган. У зот отани бундан қайтарганлар.
     Мазкур оят Ибн Касир тафсирида бундай шарҳланган: “Ҳеч кимни Ислом динига киришга мажбур қилманг. Чунки Ислом дини очиқ-ойдиндир. Унинг далил ва ҳужжатлари равшандир. Бировни унга киришга зўрлашнинг ҳожати йўқ. Балки, кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, унинг қалб кўзини очса, бирор далил туфайли Исломга киради. Худо асрасин, Аллоҳ кимнинг қалбини кўр қилиб, қулоқ ва кўзини муҳрлаб қўйса, уни мажбурлаб динга киритишдан фойда йўқ”.
    Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло имон ишини мажбурлаш ёки куч ишлатиш билан жорий қилмади. Балки бунга имкон ва ихтиёр берди. Аллоҳ таолонинг: “Агар Раббингиз хоҳласа, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлардилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” (Юнус, 99), деган сўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир. Агар Аллоҳ таоло истаса, барчани имонга мажбурлар эди. Шунда ҳеч ким У Зотга осий бўлмасди. Лекин буни ирода қилмади, балки танлаш ҳуқуқини берди”. Бу Аллоҳ таолонинг адолатидандир. Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон учун яратди. Бандаларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарди. Шу билан бирга дин ҳукмларини баён қилиб, уларга яхши ва ёмон амал қилишда ихтиёр берди. У Зот бандаларини синаш учун, гарчи қодир бўлса-да, улар хоҳишига аралашмай, уларни имонга мажбур этмади. Зеро, имтиҳон инсонга ҳужжатдир. Агар биров имтиҳонсиз дўзахга киргизилса: “Агар мени имтиҳон қилганингда, солиҳ бандалар сафида бўлардим”, деб даъво қиларди.
    Уламоларимиз ушбу маънони янада яхшироқ тушунтириш мақсадида бундай масал келтирганлар: “Устоз барча шогирдига аъло баҳо қўйиши мумкин, лекин бу мақсадга мувофиқ эмас. Ҳаракатчан, билимли ўқувчи билан танбал, безори болага бир хил баҳо қўйса, адолатсизлик бўлади”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида бундай деганлар: “Ушбу қоидага амал қилиниб, тарихда одамларни, бошқалар каби, Исломга мажбур қилиб киритиш бўлмаганидан, балки барча халқлар ўз ихтиёри, ишончи ва ақидаси ила Исломни қабул қилганидан, бу дин қаерга борса, ўша ерда ўрнашиб қолди. Мажбурий йўл билан тарқатишга уринилган ақида ва мафкуралар эса, бақосиз бўлди. Энг яқин мисол – коммунистик мафкура. Бу балони кишиларга тарқатиш учун бўлган ҳаракатдек кучли ва бардавом уриниш бўлмаган бўлса керак. Лекин озгина муддатдан сўнг коммунист раҳбарларнинг ўзи бу нарсани бошқалардан кўпроқ танқид қиладиган бўлиб қолишди”.
     Агар ақли ҳавою нафси ва турли тўсиқлардан устун келса, албатта, динни мажбурланмаган ҳолда қабул қилишга ундайди. Шунга кўра, ҳар ким ўз виждони ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда бирор динни танлаши, бунда ҳеч қандай зўравонлик бўлмаслиги лозим. Бу масала Бош Қомусимизда ҳам ўз аксини топган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда).
     Аллоҳ таолога бутун вужуди билан юзланмоқчи бўлган инсонга эътиқод эркинлиги керак. Эътиқод (виждон) эркинлиги ҳар бир инсоннинг шахсий ҳақи ҳисобланиб, бу борада ўз ҳурриятига эга. Ҳеч ким унга босим ўтказишга ҳақи йўқ. Чунки юқорида таъкидланганидек, имон-эътиқод масаласи ҳар бир кишининг виждонига боғлиқ. Шундай экан, бу масалада ташқаридан ҳукм ўтказилмайди. Чунки мажбурлаш инсоннинг диндан нафратланишига сабаб бўлиши мумкин. Зотан, диёнат билан мажбурлаш бир-бирига зид. Қўрқитиш, уриш ва қийнаш кабилар билан бировнинг эътиқодини ўзгартириш амри маҳол.
   Ҳидоят Аллоҳ таолодан. Бу борада гап борганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибнинг Ислом динига киришга мажбур этмаганлари ривоят қилинади. Барча Пайғамбарларнинг вазифаси Аллоҳнинг амри (дини)ни бандаларга етказиш, уларга дунё ҳаёти имтиҳон эканини эслатиш, шу билан бирга умматларига ўз амаллари билан намуна бўлиш эди. Жумладан, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз” (Ғошия, 21–22), деган.
    Ислом қилич кучи билан тарқалган диндир, деб жиҳодни нотўғри талқин қилган кимсалар Аллоҳ таолога ёлғон ва бўҳтон қилувчилардир. Зеро, Исломда жиҳод ватанни, ақидани ҳимоя қилишдир, бировни Исломга киритишга мажбурлаш эмас. Тарихдан биламиз, жиҳод ҳеч қачон Ислом давлатини қуриш ёки динга мажбурлаб киритиш учун жорий этилмаган. Агар шундай бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бу борада ўрнак бўлар, Макка мушриклари билан урушар, Ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилар эдилар. Аммо бундай бўлмади. Мусулмонларнинг фатҳи ҳам диний эркинлик йўлида бўлгани маълум. Улар қаерга борсалар, дастлаб Исломга чақирганлар, буни хоҳламаган кишиларга ўз динида қолишини таъминлаганлар. Шулардан бирортасини танламай уруш қилмоқчи бўлганлар билан урушганлар.
     Кўпчилик «Динга мажбурлаш йўқ» иборасини нотўғри тушунади. Бу қоидадан ўрнида фойдаланиш керак, бошқача мақсадда эмас. Баъзилар айтганидек, “Динда мажбурлаш йўқ, қачон хоҳласам, Ислом ҳукмларига амал қиламан”, дейиш мутлақо хатодир. Тўғри, дин танлашда мажбурлаш йўқ. Ҳар ким ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилсин. Аммо динни танлагач, унинг кўрсатмаларига амал қилиши шарт. Зотан, шундай йўл тутиш мантиққа тўғри келади. Дунёда бирор-бир жамият бизга шерик бўлсанг, кифоя. Билганингни қилавер, демайди. Балки, қонун-қоидаларига амал қилган кишиларнигина ўз аъзоси ҳисоблайди. Шунингдек, баъзи кишиларга мусулмонлик вазифасини бажариш зарурлиги эслатилса, дарҳол: «Динга мажбурлаш йўқ», дейди. Бу эса мазкур далилдан тескари фойдаланиш, уни суиистеъмол қилишдир. Тўғри, яҳудий ё насроний ёки мажусий бўлса, уни Исломга мажбуран киритиш йўқ. Лекин мусулмонлик даъвосини қилиб турган киши вазифасини адо этмаслиги айни хатодир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг: “(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин” (Каҳф, 29). Ояти каримадан ҳам англашиладики, инсонни мажбурлаш мумкин эмас, балки унга ихтиёр берилган. Хоҳласин, ҳидоят йўлини ихтиёр қилсин, унинг натижаси яхшилик ва савобдир. Йўқса, ҳалокат йўлини танласин, унинг оқибати надомат ва азобдир. Зотан, бандаларнинг ҳаммаси имонга келса ҳам, куфрга кетса ҳам, Аллоҳ учун бирор фойдаси ёки зарари йўқ.
    Аллоҳ таоло инсонни ўз ихтиёри билан ақли, фикри ва мулоҳазасини ишга солиб, имон ҳақиқатини тушуниб, У Зотга ўз ихтиёри билан эътиқод қилишини хоҳлайди. Шунда банда билан фаришта ўртасида фарқ бўлади. Шундай экан, “Динда зўрлаш йўқ” деган оятни мусулмон бўлмаган кишини Ислом динига киришга мажбур қилинмайди, деб тушуниш керак. Бу эса, инсоннинг ҳурмат-эътибори, унинг ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоясидир. Агар динга кириш Аллоҳ таоло томонидан мажбурий бўлганида, синов дунёнинг моҳияти йўқоларди. Аллоҳ таоло барчамизни Исломда собитқадам қилсин. Омин!

Толибжон ҚОДИРОВ







Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 215933
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24508