Бахиллик ва баднафслик
21.1.2017 4508

   Бахиллик, хасислик, очкўзлик ва баднафслик энг тубан маънавий иллатлардан ҳисобланади. Инсон ўзини ўзи тафтиш қилиб юрмаса, ўз нафсини қийнаб бўлса ҳам сахийликка, олийжанобликка одатлантирмаса бундай илатларга мағлуб бўлиши ҳеч гап эмас.
    Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қораланган ёмон хулқлардан бири бахилликдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

“وَلاَ يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ هُوَ خَيْرًا لَّهُمْ بَلْ هُوَ شَرٌّ لَّهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُواْ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ”

 

    Маъноси: “Аллоҳ уларга Ўз фазлидан ато қилиб қўйган нарсаларда бахиллик қилувчи кимсалар бу ишларини ўзлари учун яхшилик деб ўйламай қўя қолсинлар. Балки, бу ишлари улар учун ёмонликдир. Ўша бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак!” (Оли Имрон сураси: 180-оят).
     Бахиллик Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида мазаммат қилинади, барча улуғ зотлар, олиму фозиллар, зоҳиду обидлар томонидан қораланади ва барча халқларда жирканч ва тубан хулқ деб билинади.
    Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُو " яъни, "кимки, нафсининг бахиллигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчи кимсалардир" (Ҳашр сураси: 9-оят).
   Ояти карима бениҳоя чуқур маънога эга. Агар бироз фикр юритсак, бахиллик нафсда мавжудлиги, нафслар бу разилликка ўта мойил эканлигини тушунамиз. Шу билан бирга ундан қутулиш, сақланиш ҳам мумкинлигини англаймиз.
    Ояти каримада бахиллик сўзи шу сўзнинг асли бўлмиш "бухл" лафзи билан эмас, балки, "шуҳҳ" сўзи билан ифодаланган. Мазкур "шуҳҳ" сўзи ҳам "бухл" (бахиллик)нинг синоними ҳисобланади. Бироқ улар ўртасида маълум фарқлар мавжуд.
    Уламолар шуҳҳ сўзини таърифлар эканлар, қуйидаги сўзларни айтадилар: "шуҳҳ бахилликнинг энг ашаддий кўринишидир", "шуҳҳ нафақат ўзгаларга балки, ўз нафсига ҳам бахиллик қилишдир", "шуҳҳ оддий бахиллик эмас, балки, ҳирс ва очкўзликка қоришган бахилликдир" ва ҳоказо.
    Ўзидан, ўз нафсидан қизғаниб, имкони бўлса ҳам ўзига пул сарфламайдиган, ўзи учун керакли нарсани харид қилмайдиган инсонлар гўёки риёзат қиляпмиз, нафсимизни тарбиялаяпмиз, деб ўзларини хурсанд қилиб юрадилар. Ҳолбуки, ўзига бахиллик қиладиган кимса бахилларнинг энг ёмони бўлади. Зеро, бундай бахилликнинг тузалиши ниҳоятда мушкул. Чунки, йиллар давомида бахиллик табиатга айлангандагина инсон шундай бўлиб қолади.
    Ўзига бахиллик қиладиган кимса ўзгаларга ҳам бахиллик қилиши табиийдир. Зеро, ўз нафсининг қадрига етмаган, ўзига ачинмаган, ўзига сахий бўлмаган инсоннинг ўзгаларга ачиниши, ўзгаларга нисбатан сахий бўлиши мумкин эмас. Шундай экан ҳечқачон бу ишни нафс тарбияси ва зоҳидликка боғлаб бўлмайди. Бу иллат қандай қилиб йиллар давомида шаклланиб, илдиз отиб, нафсда мустаҳкам ўрнашган бўлса, худди шу тариқа йиллар давомида олиб бориладиган муолажага муҳтождир. "Илм бу ўрганиш билан, ҳилм эса ҳалимликка ҳаракат қилиш билан ҳосил бўлади" дея ҳадиси шарифларда айтилганидек, саховат ва олийжаноблик ҳам секин-секин сахийликка нафсни ўргатиш орқалигина шакллантирилади. Бундан бошқа йўл йўқ. Сахийликка нафсни ўргатиш шунчаки, ўзига ўзи: сахий бўлиш кераклиги ҳақидаги фикрни сингдириш билан эмас, балки, амалий тарзда, оз-оздан одамларга эзгулик қилиш, моддий жиҳатдан муҳтожларга, қийналиб қолганларга ўз нафсини қийратиб бўлса ҳам яхшилик қилиш ва шу ишидан хурсанд бўлиб, Аллоҳдан ажр умид қилиш ва доимий равишда очиқ қўл бўлишга интилиш билан ҳосил қилинади.
   Ҳа, инсон ўзгаларга холис эҳсон қилар экан ўша эҳсонининг кўламига қараб унинг аммора нафси қийналади, талвасага тушади ва зўр бериб бу ишдан қайтаришга ундайди. Ояти каримада айтилгани каби шайтон унга "агар бу пулингни бериб юборсанг ўзинг муҳтож бўлиб қоласан" каби сўзлар билан фақирликдан қўрқитади. Шунда инсон шайтоннинг эмас балки, Аллоҳнинг ваъдасига қулоқ тутиши маъқулдир. Аллоҳ эса саховат ва эҳсон учун мағфират ва фазлни ваъда қилади.
    Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бахиллик ва баднафсликдан қайтариб шундай дейди:

 

وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا إِنَّ رَبَّكَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ وَيَقْدِرُ إِنَّهُ كَانَ بِعِبَادِهِ خَبِيرًا بَصِيرًا

 

яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз. Шубҳасиз, Раббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир”. (Исро сураси, 29-30 оятлар)
      Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

 

وَعَنْ جَابِرٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ قَالَ: «اتَّقُوا الظُّلْمَ فَإِنَّ الظُّلْمَ ظُلُمَاتٌ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَاتَّقُوا الشُّحَّ فَإِنَّ الشُّحَّ أَهْلَكَ مـَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَاءَهُمْ وَاسْتَحَلُّوا مَحَارِمَهُمْ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ

 

    Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Зулм қилишдан сақланинглар. Чунки зулм Қиёмат кунида (эгаси учун) зулматлар бўлади. Ва яна хасислик ва баднафсликдан сақланинглар. Чунки баднафслик сизлардан аввалги умматларни ҳалок қилди ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди", дедилар.
     Бахиллик фақат пул бериш, таомлантириш каби улуғ фазилатлардан ўзини тийишда чекланиб қолмайди. Ўзидаги ҳунар, билим ёки касбни шогирдларига ўргатмаслик ҳам бахилликка киради. Керак бўлган ўринда обрў ва мартабасини ишлатиб одамларга яхшилик қилмаслик ҳам бахилликнинг бир кўринишидир.
     Иймон билан бахиллик бамисоли ўт билан сув каби бир-бирига ёт нарсалардир
    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: "لَا يَجْتَمِعُ شُحٌّ، وَإِيمَانٌ فِي قَلْبِ رَجُلٍ مُسْلِمٍ" яъни, "мўъмин кишининг қалбида ҳам бахиллик, ҳам иймон жам бўлмайди" (имом Аҳмад ривояти).
Бахиллик турли даражаларда бўлади дедик. Уларнинг баъзилари закот, ўз қарамоғидагиларнинг таъминоти каби инфоқ қилиш фарз бўлган ишларда бахиллик қилиш бўлса, баъзилари инфоқ қилиш ихтиёрий ва мустаҳаб бўлган ўринларда бахиллик қилишдир.
    Қуръони карим оятларига диққат назари билан боқадиган бўлсак, кўрамизки, кўплаб ўринларда олийжаноблик, карамлилик, саховат, шижоят ва сидқ-ростгўйлик у ёки бу кўринишда мадҳ этилади. Айни чоғда буларнинг зидди бўлган бахиллик, олчоқлик, қўрқоқлик ва ёлғончилик мазаммат қилинади. Ҳадиси шарифларда ҳам шу ҳолат кузатилади. Аввалги уч хислат қораланиб, кейинги уч хислат турли кўринишларда тарғиб этилади. Сабаби, буларнинг ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканлигидадир. Олийжаноб фазилатларни касб қилиш истагидаги инсон аввалги уч иллатдан йироқ бўлиши ва унинг зидди бўлган кейинги уч хислатни ўзида тарбиялаши лозим. Зеро, қўрқоқ инсон саховат қилиш лозим бўлган ўринда фақир бўлиб қолишдан қўрқади. Ота-онасига, хотин, бола-чақасига ёхуд дўстларига саховат қилмоқчи бўлса нафси ва шайтони турли нарсалар билан қўрқитади. Демак сахий бўлиш учун ҳам жасорат керак экан.
    Жубайр ибн Мутъим разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан Ҳунайн маъракасидан қайтар эдилар йўлда У зотга аъробийлар учраб, у кишидан (мол) сўрай бошлашди. Охири у кишини ҳолу жонларига қўймай (ёпирилиб, тиканакли) самура дарахтига тақаб қўйишди. Ҳатто унинг тиканлари у кишининг ридоларини илиб олди (ва ридолари дархтда қолиб кетди). Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтаб: "ридоимни беринглар, Аллоҳга қасамки, мана шу дарахтнинг тиканларичалик (беҳисоб) миқдорда туям бўлганда ҳеч иккиланмай уларни ўртангизда тақсимлаб берган бўлардим. Сўнгра, мени бахил ҳам, ёлғончи ҳам, қўрқоқ ҳам эмаслигимни кўрардингиз!" (Имом Бухорий ривояти).
    Набий алайҳиссаломнинг саховатлари ва олийжанобликлари аслида ҳикоя қилишдан, мисол келтиришдан беҳожат бўлган нарсадир. У кишининг ҳаётлари олийжанобликдан, турмушлари саховатдан иборатдир. Уйларида тарқатилмай турган икки тилло пул намозда у кишининг ҳаловатларини ўғирлагани ва фарзни ўқибоқ ҳужраларига кириб мазкур пулни садақа қилиб, кейин хотиржам суннатларни ўқиганлари ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. У зот одамларнинг энг карамлиси эдилар. Ҳунайн кунида Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя, Уяйна ибн Ҳиснга юзта туя инъом қилганлар. Бир аъробий нарса сўраб келганда, икки тоғнинг орасига узанган водий тўла сурув-сурув қўйларни тортиқ қилиб юборганлар. Шунда ҳалиги аъробий ўз қавмига қайтиб бориб, "эй қавм! Мусулмон бўлинг, зеро, Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган кимсанинг беришидек берар экан", деганди.

 

Қарз беришдаги бахиллик.

 

    Одамлар, қарз бермасликни бахилликдан санамайдилар, ҳолбуки, қарз беришда бахиллик қилиш ҳам бахилликнинг турларидан бири ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: إِنَّ السَّلَفَ يَجرِي مَجرَى الصَّدَقَةِ Мазмуни: "албатта, қарз садақа ўрнида қабул қилинади" (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадиси шарифда эса ким бир кишига икки марта қарз берса, албатта ўша миқдорни садақа қилган савобини олиши айтилган.

 

Пайғамбаримизнинг бахилликдан паноҳ сўрашлари

 

    Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бахилликдан доимий равишда паноҳ сўраб юрганлар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиб юрардим. У киши бирор манзилга тушсалар кўпинча шундай деётганларини эшитардим:

 

"اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ، وَالْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَالْجُبْنِ وَالبُخْلِ، وَضَلَعِ الدَّيْنِ وَغَلَبَةِ الرِّجَالِ"

 

яъни: "эй Аллоҳ, мен Сендан ташвиш ва ғамдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан ҳамда қарз юкидан ва одамларга хор бўлишдан паноҳ беришингни сўрайман" (Имом Бухорий ривояти).
    Баъзилар саховатли бўлиш учун аввал битмас-туганмас даражда бой бўлиб олиш керак деб ўйлайдилар. Бу жуда ҳам ҳато тушунча. Чунки, саховат ва карам инсоннинг қўлидан олдин қалбига ўрнашадиган олий туйғу ҳисобланади. Бу туйғу инсонни ўта бадавлат бўлмаганда ҳам имкон доирасида ўзгаларга эзгулик қилишга, қалбларга шодлик улашишга ундайди. Агар саховатпеша бўлиш учун катта бойлик шарт қилинганда саҳобаи киромлар ийсор хислати учун Қуръони каримда мақталмаган бўлардилар. Ахир, ийсор деб ўзига керак бўла туриб, ўзга инсоннинг эҳтиёжини ўзидан баланд кўришга айтилади.
     Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон имкон борида, вақт борида атрофидаги ҳожат соҳибларига яхшилик қилиб, ҳожатини раво айлаб, карам ва олийжаноблик қўлини чўзиши керак экан. Мол ҳам, фарзандлар ҳам фойда беролмайдиган кунда асқотар экан бу.
     Ҳечқачон фалон ишимни битирай кейин сахий бўламан, одамларга яхшилик қиламан, пистон йилдан кейин молим фалончага етгандан кейин уёғига секин-секин хайр-эҳсон қилишни бошлайман демаслик керак экан. Чунки, мол-дунё инсонга иқбол этиб, юзланиб келган пайтда эҳсон ва яхшилик билан тугаб қолмайди. Аллоҳ бериб турган пайтда ҳарқанча саховат қилсангиз, арзийди. Қачонки, дунё юз ўгириб, ортга қайта бошласа унда ўз-ўзидан саховат қилолмай қоласиз. Шу маънода бир араб шоири айтган экан:

Гар боқар дунё сенга, сарф эт улусға борини,
Чунки дунёда вафо йўқ, ўзгариб тургай мудом.
Келса, сарф эткан ила кам бўлмағонидек бутун,
Зиқналик бирла ани сақлаб қололмассан тамом.

     Яна бир ориф киши инсон ўта хасислик ва зиқналик билан ўзига ҳам, ўзгага ҳам ишлатмасдан пул йиғса, унинг бу иши бор-йўғи мол-дунёга хизматкорлик ва қўриқчиликдан иборат эканлигини қуйидаги назмий сатрлар ила эслатар экан, шу ҳолатда мол эгаси ҳаётлигида машаққат билан йиғиб-терган молини яхшиликка ишлатмас экан, вафот этгач, унинг барча мол-мулки унга раҳмат ҳам айтмайдиган, миннатдор ҳам бўлмайдиган қайсидир меросхўрига ўтиб кетиши ва натижада мазкур меросхўр унинг йиғиб-терган дунёси ҳушига келганидек ишлатиши муқаррарлигини таъкидлайди. Агар у мазкур мол-дунёни гуноҳ ва ҳаром ишларга сарфласа ўзўзидан молнинг асл эгасига ҳам гуноҳи етиб боради.

Бўлуб мумсик агар мол йиғсанг, эй жон,
Қўруқчисан пулингга ҳамда посбон.
Ўзунгдин бошқаға ночор берурсан,
Сўзу мақтовсиз анга топширурсан.
Егай ҳеч ўйламасдин тўплағонинг,
Сен эрсанг, ерда мадфун жисму жонинг.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 68196
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9909