Аъзолар нурини кўпайтирадиган амал
Нуайм ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинишича, у Абу Ҳурайра таҳоратда юзини, қўлини елкасигача, оёғини болдиригача юваётганини кўрган экан. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу унга: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта умматим қиёмат куни таҳорат сабабидан юз ва қўл-оёқларидан нур таралиб турган ҳолда чақириладилар. Шундай экан, ким юзидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, шундай қилсин!” деб айтганларини эшитганман”, деган (Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратнинг қанчалик фазилатли эканини чиройли ўхшатиш билан баён қилиб, доим таҳорат олиб, намозни бекаму кўст адо этадиган умматларига башорат бермоқдалар. Ҳадисда таъкидланишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом охиратда умматларини қўл ва оёқларидан таралаётган нурдан таниб оладилар.
Қиёмат куни ҳамма ёқ қоронғи, одамлар саросимада, кўпчилик юзини зулмат қоплаган бўлади. Лекин, таҳоратни мукаммал бажариб, намоз ўқиган мўминларларнинг юз ва қўл-оёқларидан ўзига хос нур таралиб туради.
Абу Ҳозим айтади: “Абу Ҳурайра намозга таҳорат олаётганда унинг орқасида қараб тургандим. У қўлини юваётиб таҳорат сувини икки қўлтиғигача етказди. Шунда мен: “Эй Абу Ҳурайра, бу қандай таҳорат бўлди?!” дедим. У бўлса: “Эй Бани Фаррух, сизлар шу ерда эдингизми? Агар шу ердалигингизни билганимда, бундай таҳорат қилмасдим. Мен халилим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача боради”, деб айтганларини эшитганман”, деди” (Муслим, Насоий ва Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг Айладан Адангача бўлган (масофа)дан узоқроқ ҳавзим қордан ҳам оппоқ, сут аралаштирилган асалдан ҳам ширинроқдир. Унинг идишлари юлдузлар саноғидан ҳам кўп. Мен худди киши бегоналар туясини ўз ҳовузидан тўсгани каби одамларни ундан тўсиб тураман”, деганларида, одамлар: “Эй Расулуллоҳ, сиз ўша куни бизни танийсизми?” деб сўрашди. У зот: “Ҳа, сизларда бошқа умматларда йўқ белги бўлади. Сизлар менинг ҳузуримга таҳорат сабабидан юз, қўл ва оёқларигиздан нур таралиб турган ҳолда келасизлар”, дедилар (Муслим ва Ибн Можа ривояти). Айла Қуддус шаҳрининг бошқа номи. Адан эса, Ямандаги шаҳар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаннатдаги ҳавзлари жуда кенг. Унинг атрофида беҳисоб идишлар қўйилган. Хоҳлаган банда ховуздан сув олиб ичади. Ўша ҳовузнинг суви қордан оппоқ ва сут қўшилган асалдан ҳам тотлироқ экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерда умматларини таҳорат сабабидан баданларидан таралиб турадиган нурдан таниб оларканлар.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни сажда туфайли умматимнинг юзидан, таҳорат сабабидан қўл-оёқларидан нур чиқиб туради” (Термизий ва Аҳмад ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Зир ибн Ҳубайш Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, бир киши: “Эй Расулуллоҳ, сиз кўрмаган умматларингизни (қиёмат куни) қандай таниб оласиз?” деб сўраганида, у зот: “Таҳорат сабабидан уларнинг юз ва қўл-оёқларидан нур ёғилиб туради”, деганлар (Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).
Одилхон қори Юнусхон ўғли