Абдуллоҳ ибн Масъуднинг Қуръонга эътибори
26.7.2015 4230

     Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръони каримга бутун эътиборини қаратди. У одамларни Қуръонни тушунишга, Қуръонга амал қилишга, Қуръонни тиловат қилиш ва ёд олишга ундади. Қуръон билан боғлиқ бу муҳим ишларни тинимсиз эслатиб турди. Ибн Масъуд Қуръон билан доим бирга бўлишни, унутиб юбормаслик учун ёд бўлганларини такрорлаб туришни энг муҳим масала, деб уқтирди. Ибн Масъуд одамларни сурама-сура ўрганишга қизиқтирар экан, ўзи бу залворли ишларнинг бошида турарди.

    Табароний ривоят қилади: “Ибн Масъуд оятларни ўқитиб: “Бу оят ер юзидаги барча нарсадан яхшироқдир”, дерди. Бу мажозни Қуръоннинг барча оятлари ҳақида айтарди”. Бошқа ривоятда айтилишича, эрталаб одамлар келган пайтда Ибн Масъуд ҳовлисида бўларди. Уларга:
– Ҳар кунги жойингизда ўтиринглар, дерди. Кейин Қуръонни ўрганган кишилар ёнидан ўтаркан:
– Қайси сурани ёд олдинг, эй фалончи? – деб сўрарди. У киши қайси оятни ёд олганини айтарди. Ибн Масъуд унга кейинги оятни тиловат қилиб, шундай дерди:
– Бу оятни ўрган. Чунки у осмонлар ва ердаги нарсалардан яхшироқдир.

    Ҳалиги киши бу оятга назар солар, гўё унга Қуръонда бундан яхшироқ оят йўқдек туюларди. Ибн Масъуд чиройли услуб ва таъсирли калималар билан Қуръон тиловатини тарк этишнинг ёмон оқибатлариларидан огоҳлантирарди. Ибн Масъуд ваҳий нозил бўлиб турган бир пайтда яшаб, нубувват бағрида тарбия топган киши эди. У шогирдларининг Қуръонни кўр-кўрона ёдлаб, шу билан кифояланиб қолишларини истамас, қуруқ тиловат ва узундан-узоқ тафсирларга хоҳиши йўқ эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд шогирдларига Қуръоннинг огоҳлантиришлари ҳақида жиддий фикр юритишга, унинг калималари билан қалбларни ҳаракатга келиши, Қуръоннинг огоҳликка чақирувчи оятларини жон қулоғи билан тинглаб, ҳукмларига бўйсуниши лозимлигини уқтирарди. Ибн Масъуд айтади: “Қуръонни кеманинг елканидай ёзиб, ҳар тарафга сочманг, шеър каби тез ўқиманг. Қуръоннинг мўъжизалари олдида тўхтанг, сўнгра ҳайрат билан қалбларни олға унданг. Сурани қачон тугатаркинман, деган хаёл билан Қуръонга яқин йўламанг”.
     Абу Ҳайён Ашжаъий Ибн Масъуддан шундай ривоят қилади. Ибн Масъуд менга Қуръондан ўқиб беришимни сўради. Мен унга: “Сиз ўзингиз менга бу оятни таълим бериб ўқитганмиз-ку!” дедим. Шунда у айтди: “Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим.
– Менга Қуръондан ўқиб бер, – дедилар.
– Эй, Аллоҳнинг Расули! Ахир Қуръон ўзингизга нозил бўлган, биз уни сиздан ўргандик-ку! – дедим.
– Ҳа, – дедилар Расулуллоҳ. – Лекин Қуръонни ўзга кишидан тинглашни хуш кўраман, – дедилар.
     Абдуллоҳ шогирдлари билан мажлис қуриб, Қуръоннинг маъноларини уларга тушунтирар, оятларнинг нозил бўлиш сабабларини ойдинлаштирарди. Шу тарзда шогирдлар Қуръоннинг қамрови ва асосий мақсадларини фаҳмлаб олардилар, унинг ҳукмларини билиб, носих ва мансухларини ажратардилар. Ўқитиш, тинглаш, тафсир қилишдан сўнгги марра – шогирдлари билан бирга илм майдонидан амал майдонига кўчиш, сўзлар ўлкасидан мажбурият йўлига ўтиш эди. Ибн Масъуд шогирдларини Қуръон чегараларидан чиқмасликка ўргатди, фарзларни маҳкам ушлашга ўргатди, ҳаромни тарк этиш, ёмон нарсалардан узоқлашиш масъулиятини зиммаларига юклади. Абдуллоҳ ибн Масъуд шогирдларига: “Қуръон унга амал қилиш учун нозил қилинган. Шундай экан, Қуръон таҳсили амалга айлансин. Ҳали шундай қавмлар келадики, ҳассани безагани каби Қуръонни сайқаллайди. Улар сизларнинг яхшиларингиз эмас. Беамал олим уйи тўла дори-дармон бўла туриб, дори тополмай юрган беморга ўхшайди. Қаршида лаззатли таомлар мўл-кўл бўлса-да, таомга зор қорни оч кишига ўхшайди”, деб насиҳат қиларди.

Абдусаттор Шайхнинг “Абдуллоҳ ибн Масъуд” номли китобидан

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216891
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24588