Тийн сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.

 

Оятлар сони: 8.

 

Тартиб рақами: 95.

 

Сура маъноси: анжир.

 

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозида Тийн сурасини тиловат қилганлар (Табароний, Ибн Абу Шайба ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

1. Анжир ва зайтунга қасам...
     Аллоҳ таоло бу оятда анжир ва зайтун билан қасам ичиб, уларнинг манфаати кўплигига ишора қилмоқда. Ҳақиқатан, анжирнинг инсон танасига фойдаси катта. Уни таом ўрнида ҳам истеъмол қилиш мумкин.
       Муфассирлар оятда анжир ва зайтун орқали улар кўп ўсадиган юрт – Байтул Мақдис назарда тутилаётганини айтиб ўтишган. Бу юрт пайғамбарлар диёри, ваҳий нозил бўлган муқаддас макондир.

 

2. Тури Сийнийнга қасам...
       “Сийнийн” ҳабашча сўз бўлиб, “чиройли”, “муборак” каби маъноларни англатади. Тури Сийнийн Сийнода жойлашган тоғ бўлиб, унда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан сўзлашган, Фиръавн олдига бориб, тўғри йўлга даъват қилишга буюрган.

 

3. Ва мана шу осуда шаҳарга қасамки...
        Оятдаги “осуда шаҳар”дан мурод Маккаи мукаррамадир. Макка шаҳри тинчлик диёридир. Унга кирган одам ҳар қандай хавфдан холи бўлади. Ҳатто вабо касали ҳам бу маконга таҳдид сололмайди. Унда уришиш, сўкишиш, ҳайвон ва ўсимликларга зарар етказиш мумкин эмас. Қолаверса, бу юртда пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилиб вояга етдилар. Бу ҳам Макканинг шарафини янада юқори кўтаради.

 

4. Албатта Биз инсонни энг гўзал шаклда яратганмиз!
      Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар сони беҳисоб. Лекин улар ичида инсон энг мукаммали, энг чиройлисидир. Аввало, у тик қомат қилинди, аъзоларининг барчаси бир-бирига мутаносибдир. Инсонга ақл берилди. У яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата билиш хусусияти эга.

 

5. Сўнг уни “асфаласофилин”га қайтардик.
      Аммо қанчалар чиройли ва хушсурат бўлмасин, агар банда ғафлатга ботса, ақлини ишлатмай, дунё лаззатларига берилса, Парвардигорини унутса, у энг паст даражага – ҳайвон даражасига тушиб кетади. Чунки у инсонга хос бўлган ақл юритиш ва тўғри йўлдан кетишни билмади, фақат моддий эҳтиёжларини қондириш пайида бўлди.

 

6. Фақат имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларгина (бундан мустаснодирлар). Бас, улар учун чексиз мукофот бордир.
       Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган, дунёда солиҳ амаллар қилган мўминлар асфаласофилиндан сақланадилар. Аллоҳ улар қилган савобли амаллари сабаб охиратда чексиз ажр-мукофотлар ато этади.

 

7. Бас, ҳисобни ёлғон дейишга сени нима ундаяпти?
     Эй инсон, сен Аллоҳ бандаларини энг чиройли суратда яратганини билганингдан кейин ҳам нима сабабдан Яратган Зот қиёмат куни махлуқотларини қайта тирилтиришини, уларни ҳисоб қилишини инкор қилмоқдасан?!

 

8. Ахир, Аллоҳ ҳукм қилувчиларнинг энг Одили эмасми?!
       Ҳа, Аллоҳ энг адолатли ҳукм қилувчидир. Бандаларига заррача зулм қилмайди. Кофирларнинг насл-насаби “тоза”, обрўъ-эътибори баланд, мол-дунёси кўп бўлса ҳам, аммо куфр йўлини танлаганлари боис жаҳаннамга тушадилар. Мўминлар, гарчи дунёда кўп машаққат чеккан бўлсалар-да, иззат-икром қилинган ҳолда жаннатга кирадилар. Охиратдаги бу ҳукм энг ҳақ, энг одил ҳукмдир!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли


Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216920
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24589