Шарҳ сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.

 

Оятлар сони: 8.

 

Тартиб рақами: 94.

 

Сура маъноси: очиш, кенг қилиш.

 

Суранинг бошқа номи: алам нашроҳ, иншироҳ. 

 


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

1. (Эй Муҳаммад,) Биз кўксингизни очмадикми?

 

Пайғамбарлик оғир юкини кўтара олишлари учун, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қалбларини очиб қўйди. Шу сабаб у зот ваҳий таълимотларини қабул қилдилар, имон ва ҳикматларни кўксиларига жо айладилар.

 

2-3. Биз елкангизни босиб турган (оғир) юкингизни олиб қўйдик.

 

Аллоҳ Ўз Расулига пайғамбарлик ва рисолат юкини енгил қилиб қўйди. Натижада у зот қалблари хотиржам ҳолда даъват қиладиган, имон йўлида ҳар қандай синовларга бардош берадиган юксак хулқ соҳибига айландилар. Қолаверса, Аллоҳ бандаларидан аксарияти қалбини Исломга мойил қилиб қўйди. Баъзи муфассирлар бу оятни “Биз жоҳилият даврида қилган “гуноҳ”ларингизни кечирдик” деб тафсир қилишган.

 

4. Ва Биз Сизнинг зикрингизни баланд қилдик.

 

Аллоҳ таоло дунё ва охиратда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақомларини юқори кўтарди. Буни у зот бутун оламларга раҳмат қилиб юборилишлари, шаҳодат, азон, такбир, ташаҳҳудда Расулуллоҳ номлари зикр қилиниши, мўминлар у зотга саловот ва саломлар йўллашлари, итоат этишга амр қилинишлари мисолида кўришимиз мумкин.

 

5. Албатта қийинчилик кетидан енгиллик бор.

 

Агар банда сабр билан Аллоҳга таваккул қилса, танглик ортидан кенглик, машаққатдан сўнг енгиллик, албатта келади.

 

6. Албатта машаққат ортидан осонлик бор.

 

Бу ерда мўминлар сабрга чақирилиб, мусибат ва кўргиликлар вақтинча экани, ҳали олдинда ёруғ кунлар кутиб тургани яна бир бор таъкидланмоқда. Ҳасан розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “ – Албатта қийинчилик кетидан енгиллик бор – ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хурсанд бўлинглар, сизларга енгиллик келди. Битта машаққат икки енгилликни зинҳор енга олмайди”, дедилар” (Ибн Жарир, Ибн Мардавайҳ ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).

 

7. Бас, қачон фориғ бўлсангиз, (ибодатга) ҳаракат қилинг.

 

Яъни: дунё ишларидан, бандаларни даъват қилишдан фориғ бўлсангиз, Аллоҳга ибодат қилинг, У Зотга дуо қилиб, ҳожатларингини сўранг, ибодатда мустаҳкам бўлинг!

 

8. Ва Парвардигорингизга рағбат қилинг.

 

Амалларингизга савобни фақат ва фақат Аллоҳдан умид қилинг, У Зотга дуо-илтижо ва тазарру қилинг!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли