Ғазабланган илон тақдири

9 Yan 2017 1630

    Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

“Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 134-оят).

 

    Аллоҳ таоло бу оятда тақводорларнинг бир қанча сифатларини зикр қилмоқда. Булар: фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қилиш, ғазабни ютиш ва одамларнинг хато ва камчиликларини афв этиш. Оятнинг охирида бу сифатларга эга бўлган тақводорлар муҳсинлар эканлиги, Аллоҳ таоло бундай муҳсинларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Ҳар бир инсон бу оятда айтилган сифатларни ўзида шакллантиришга, шу сифатлар билан безанишга уринмоғи лозимдир.
    Ғазаби келганда ғазабини ютиш ҳам тақводорлик белгиси экан. Ғазабини ичига ютувчилар муҳсинлар экан. Аллоҳ таоло ғазабини ичига ютувчиларни яхши кўрар экан.
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Сизлардан бирингиз ғазабланганида, тикка турган бўлса, ўтириб олсин, шунда ҳам ғазаб ундан кетмаса, чўзилиб ётиб олсин”, деганлар.
   Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса, оловдан яратилгандир. Оловни фақат сув билан ўчиргайсиз. Сизлардан кимки ғазабланса, дарҳол таҳорат олсин” деганлар.
    Ҳикоя қилинишича, бир дурадгор кеч тушгач, таомлангани уйига кетгандан сўнг бир илон унинг устахонасига кирди. Дурадгор одатда баъзи асбобларини иш столи устида қолдириб кетаверарди. Шу жумладан, аррани ҳам.
    Илон устахонанинг у ер-бу ерида судралиб юрди-да, стол устида турган арранинг устидан ўтди. Натижада, арранинг тиғидан унинг жисмига енгил жароҳат етди. Илон саросимага тушиб қолди ва арранинг тиғини тишлашга уринди. Қараса, оғзининг четларидан қон оқяпти. Илон нималар бўлаётганини англолмади ва ўзича “Арра менга ҳужум қиляпти” деб ўйлади. Арранинг “ҳужуми”дан ўлишини билгач, бор кучини тўплаб, охирги марта унга қаттиқ ташланишга қарор қилди. Илон аррани бутун жасади билан қаттиқ ўраб, уни сиқишга, бўғишга уринди.
   Эрталаб устахонага келган дурадгор иш столи устида турган аррани ва унинг ёнида ўлиб ётган илонни кўрди. Илоннинг ўлишига эса, ўзининг нодонлиги ва ғазаби сабаб бўлган эди.

Хулоса 


   Гоҳида ғазабланган пайтларимизда бошқаларга жароҳат етказишга уринамиз. Вақт ўтгандан кейин эса, бошқаларни эмас, ўзимизни жароҳатлаганимизни англаб етамиз.
   Ғазаб ақлларимизни эгаллаб оладиган, қалбларимизни боғлаб қўядиган шайтон бўлиб, гапираётган гапимизни, қилаётган ишимизни англолмайдиган даражада гапларимиз ёки феълларимизнинг телбевор бўлиб қолишига сабаб бўлади.
   Бас, шундай экан, ҳар доим, шу жумладан, ғазабланган пайтимизда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келтирилган суннатларига эргашайлик. Аллоҳ таолодан мағфират сўрайлик, ўрнимизни ўзгартирайлик, таҳорат олайлик. Токи ақлларимизни идора қила оладиган ҳолга етайлик. Ғазаб келган илк лаҳзаларда агар ғазабимизни енгмасак, ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам қаттиқ жароҳатлаб қўямиз.
    Аллоҳ таоло барчамизни ғазабини тиядиган тақволи, муҳсин бандалардан бўлишимизни, ғазаби келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қиладиганлардан бўлишимизни насиб қилсин, омин!


Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади