Ари воқеасидан олинган ҳикмат

10 Yan 2017 3485

    Ярим тунда кенжа фарзандим безовталанганидан уйғониб кетдим. Бунга сабаб уй ичида учиб юрган ари экан. Чироқни ёқиб, хона шифтида катта қовоғарини кўрдим. Дераза тирқишидан кирган бўлса керак. Уйқуда ётган болаларни чақмасин деб арини ҳайдамоқчи бўлдим. Аксига олиб, шифтдаги қалдирғочнинг бўш инига кириб кетди. Табиийки, у ердан чиқариб олишнинг иложи йўқ. Индан чиқишини кутишга қарор қилдим. Анча вақт ўтди, аридан дарак йўқ. Уйқум қочди: ўз ҳолатимдан ўйга толдим. Қалдирғоч инига кириб кетган ари қайтиб чиқадими, чиққан тақдирда ҳам, кимнидир чақадими-йўқми, Худо билади. Мен бунга тўсқинлик қилолмаслигим аниқ. Миямда бир оғриқли мулоҳаза: кўриниб турган нарсанинг фойдали эканини билсак, қанчалик қийин бўлмасин, уни қўлга киритиш ёки зарарли бўлса, бартараф этиш пайига тушамиз. Бироқ биз кўрмасак-да, бизни кўриб турган, ҳар бир ҳаракатимиз тугул, кўнглимиздан ўтаётган ўй-фикрлардан ҳам воқиф Зот – Аллоҳ таолога ибодатда эринчоқлик қиламиз.
    Шуларни ўйларканман, қанчадан-қанча тунларни ғафлатда ўтказганимни эслаб, пушаймон бўлдим. Дарҳол таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқидим. Сўнг дуоларимни ижобат этишини сўраб, илтижо қилдим. Вужудимда ажиб енгиллик ҳис этдим. Салом бериб, турарканман, хонтахта устида карахт ётган қовоғарига кўзим тушди. “Субҳаналлоҳ!” дея меҳрибон Зотни улуғладим.

 

Жамшид Норчаев,
Тошкенттиббиёт Академияси доценти

 

Манба: www.irfon.uz