ҲАЛОЛ КАСБ ҲАМ ИБОДАТДИР
18.5.2018 449

Динимиз инсонларни дангасалик, ялқовлик қилиб бошқаларнинг ҳисобига кун кечиришдан қайтарди ва уларни ўз меҳнатлари билан топган ҳалол пул эвазига яшашга тарғиб қилди.

Аллоҳ таоло Жума сурасининг 10-оятида марҳамат қилиб айтади:

 فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِوَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўминларни ибодатларини адо этиб бўлгандан кейин ер юзига тарқалиб, саъй-ҳаракат қилиб, ҳалол ризқ топишга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло ризқ йўлларини кўпайтириб қўйган. Кимдир деҳқончилик, кимдир тижорат, кимдир ўқитувчилик, кимдир шифокорлик қилиб пул топади.

Демак, ризқ йўллари жуда кўп. Банда ўша йўлларга кириши, ризқ келиши сабабларини бажо келтириб, заминга сочиб қўйилган ризқини исроф қилмай териб ейиши керак.

 Томоқдан ўтган луқманинг энг ширини қайси?  

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ مِنْ أَطْيَبِ مَا أَكَلَ الرَّجُلُ مِنْ كَسْبِهِ"  رواه الإمام أحمد

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Киши ризқланадиган энг ширин таом, ўз касби орқали еган таомидир», дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

Буни қаранг, Аллоҳ энг суюкли пайғамбарларига «Сизлар динимни етказиш билан банд бўласизлар, шунинг учун сизларга садақа олиш ҳалол», деса ва умматлари ҳар кун ўз пайғамбарларига садақа қилиб турса бўларди-ку! Лекин Аллоҳ энг яхши кўрган бандаларига ҳам касб ва ҳунар билан шуғулланишни амр қилди.

Пайғамбарлар ҳам ўз касби ва меҳнати эвазига кун кечирган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ، وَإِنَّ نَبِيَّ اللهِ دَاوُدَ عَلَيْهِ السَّلامُ كَانَ يَأْكُلُ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ

«Ҳеч ким қўл меҳнати билан топиб еганидан яхши таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан кун кўрар эди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида: «Мен сизларнинг ораларингизда аҳли аёлига яхшилик қиладиганларнинг энг афзалиман», деганлар. яъни оила боқиш, аҳли аёлнинг моддий таъминотида ҳам мен сизларга намунаман демоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга нафақа қилиш учун гоҳида баъзи нарсаларни сотар ёки сотиб олар эдилар ва ўша савдонинг пулидан тушган фойдадан аҳлларига нафақа қилардилар.

Бундан ташқари, у зотнинг оналаримизни нафақа билан таъминлаш учун Ҳайбарда ажратиб қўйган ерлари ҳам бор эди. Ўша ердан тушган даромадни оналаримизга нафақа қилиб берардилар.

Яҳё алайҳиссалом дурадгорлик қилиб кун кечирганлар. Мусо алайҳиссалом чўпонлик қилганлар ва ҳоказо.

Хулоса қилиб айтганда, динимиз ҳалол касб қилишни ибодат даражасига кўтариб, бандаларга ўз меҳнати билан ризқ топишни, тамагирлик иллатидан сақланишни буюрди.

 

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

 

 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 48331
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

4500