Амалда унутилаётган суннатлар
13.7.2018 617

Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни ҳақ элчиси ва одамзодга нажот қилиб юборган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Ислом умматига раҳмат бўлиб келган Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга саловоту-саломлар бўлсин. Дарҳақиқат, энг ҳақ сўз – Аллоҳнинг каломидир. Энг тўғри кўрсатма – Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларидир. Суннат бу – Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг қилган ишлари, айтган сўзлари ва амалларидир. Биз мусулмон уммати то қиёматга қадар мана шу суннатга амал қилар эканмиз, Иншоллоҳ Аллоҳнинг марҳамати Расулуллоҳнинг (саллоллоҳу алайҳи васаллам) шафоатига муяссар бўламиз. Лекин, вақт ўтиши билан баъзи суннатлар унутилмоқда, турмуш тарзимизда камаймоқда.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) шундай деганлар: “Йилдан-йилга одамлар суннатни унутиб, бидъатларни ўйлаб топадилар. Бу то суннат бутунлай йўқ бўлиб, фақатгина бидъат қолгунича давом этади”.

Ибн ал Қайюм (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: “Агарда одамлар суннатни амалда қўллашни тўхтатсалар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари узилади ва бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин”.

Зикр этилган бизнинг кунимизда унутилаётган суннатлар жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  1. Оёқ кийимни кийишда аввал ўнг оёқдан бошлаш, ечаётганда чапдан бошлаш.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизлардан кимдир пойабзалини киймоқчи бўлса, аввал ўнг оёқдан кийишни бошласин. Агар ечмоқчи бўлса, аввал чап оёқдан бошласин. Ва ҳеч бирингиз бир пой оёқ кийимни киймасин, ё иккисини кийсин ё иккисини ҳам ечсин”.

  1. Мисвок тутиш. Мисвок оғиз бўшлиғи ва тишларни тозалашда қўлланилади. Мисвокни куннинг исталган вақтида ишлатиш мумкин. Хусусан, мисвокни таҳоратдан аввал, намоздан аввал, Қуръон ўқишдан аввал, уйқудан тургандан сўнг ва уйқуга ётишдан аввал ишлатиш ҳақида аниқ кўрсатма берилган ҳадислар мавжуд.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимни машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим: уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишни буюрган бўлар эдим»

  1. Уйқу олдидан таҳорат олиш ва ўнг ёнбошда ётиш. Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар тўшагингга ётсанг, намозга қиладиган таҳоратингни қил ва ўнг томонинг билан ёт. Кейин: “Эй Аллоҳим, мен Сенинг ҳукмингга бўйсундим, ишимни Сенга ҳавола қилдим, (раҳматингдан) умид қилиб ва (ғазабингдан) қўрқиб Сенга суяндим. Сенинг (азобингдан) қутулиш ва қочиш мумкин эмас, фақат ҳузурингга қайтиш бор. Эй Аллоҳим, Сен нозил қилган Китобга ва юборган Пайғамбарингга имон келтирдим”, деб айт. Агар ўша тунда вафот этсанг, фитратда ўласан. (Кечаси) охири айтадиган сўзларинг мана шу калималар бўлсин!”дедилар”. Шунда мен бу дуони Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб ўқиб бердим. “Эй Аллоҳим, Сен нозил қилган Китобга имон келтирдим” деган жумлага келганимда, “Ва (Сен юборган) Расулингга...”, деган эдим, у зот: “Йўқ, “Сен юборган Пайғамбарингга... (деб айт)”, дедилар” (Бухорий, Абу Довуд, Ибн Хузайма, Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган).

Ушбу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳуга ётиш чоғида таҳорат қилишни айтиб, кейин уйқудан олдин ўқиладиган дуони ўргатганлари келтирилган.

Банда уйқудалик чоғида унинг руҳи танасини тарк этади. Агар у таҳорат ва дуо билан уйқуга кетса, тундаги амаллари шу билан тугаган бўлади. Бу иккиси энг яхши амаллардан экани маълум.

Инсон ухлаганда жони узилиши ёки шайтон васваса қилиш мумкин. Бундан сақланиш учун ҳам таҳорат билан уйқуга ётиш афзал. Қолаверса, киши таҳорат билан ётса, ёмон, шайтоний тушлардан йироқ бўлади.

  1. Тунги беҳуда гап-сўзларни қўйиб, эртароқ уйқуга ётиш. “Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи васалам) ҳуфтон намозидан аввал ухлашни, хуфтон намозидан кейин сўзлашни ёқтирмас эдилар” (Бухорий ривояти). Лекин илм олиш, илм бериш, яхшиликлар қилиш ва шу каби ишларда суҳбатлашиш мумкин. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) мусулмонларнинг ишлари юзасидан Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан кечалари суҳбатлашар эдилар.
  2. Азон айтишга иштиёқманд бўлиш, масжиддаги жамоат намозига шошилиш ва жамоатнинг энг аввалидан жой олишга ошиқиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муаззин овози етган жойгача мағфират қилинади ва унга барча ҳўлу қуруқ гувоҳлик беради», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг жамоат ила ўқиган намози унинг уйидаги ва бозоридаги намозидан йигирма беш баробар кўп бўлади. Бундоқ бўлишининг сабаби, қачон у яхшилаб таҳорат қилса, сўнгра масжидга чиқса. Уни масжидга намоздан бошқа нарса чиқармаган бўлса, босган ҳар бир қадимида, албатта, бир даража кўтарилиб, бир гуноҳ ўчирилади. Бас, қачон намоз ўқиса, модомики намозгоҳида турар экан, агар таҳорати кетмаган бўлса, фаришталар унга саловот айтиб туради.

«Эй, бор Худоё, унга саловот юборгин. Эй, бор Худоё, унга раҳм қилгин», дейдилар. Сизлардан бирингиз модомики намозга интизор бўлар экан намозда турган ҳисобланади», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Хуфтон намозини жамоат ила ўқиса, худди кечасининг ярмини ибодатла бедор ўтказгандек бўлади. Ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди кечанинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

  1. Муаззининг кетидан азон сўзларини такрорлаш. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, азонни эшитсангиз муаззин айтаётган нарсани айтинглар», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Бухорий: «Сўнгра менга саловот айтинглар. Чунки, ким менга бир саловот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн саловот айтади. Кейин, менга васийлани сўранглар. Бас, у жаннатдаги бир манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандагагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга Васийлани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлур»ни зиёда қилган.

 

  1. Ухлашдан аввал ўринни қоқиш. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз тўшагига ётмоқчи бўлса, изорининг ичи билан уни 3 маротаба қоқсин. Зеро у унда нима борлигини билмайди» дедилар”. («Саҳиҳул Бухорий» 6320).

Ухлашдан олдин уч маротаба ўринни қоқиш суннатида илмий тарафдан ғарб олимлари томонидан исботланган. Олимлар инсон ухлаётган пайтида танасидан ўлик ҳужайралар кўрпага тушишини, улар вақтида тозаланмаса, кўпайиб, унга қайтиб ётган инсоннинг жисмига ёпишиб, касалликлар келтириб чиқаришини, ҳар турли йўл билан тозаланса ҳам кетмаслигини, маълум қисми қолишини, айнан уч бора қоқиш билан мазкур ўлик ҳужайралар кетишини аниқладилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг «Сизлар кўриб турган нарсалар билан қасам ичурман. Ва сизлар кўрмайдиган нарсалар билан ҳам» (Ҳааққоҳ сураси, 38-39) деганидан биз, бу кўриш даражамиз билан кўришга қодир бўлмаган олам ҳам борлиги маълум бўлади. Замонавий илм ҳам кўрпа-тўшакларимизда бизга кўринмайдиган, инсоннинг тўкилиб тушган териси билан озуқланадиган каналар мавжудлигини исботлайди. Уларнинг умри бир ой. Урғочиси бир бор тухум қўйганида ҳар гал 20-30 та қўяди. Муносиб ҳарорат ва 50-80 % ли намликда шиддат билан кўпаяди. Ушбу ҳадисда ўринни қўл билан эмас, изор билан қоқишга буюришлари, инсон ўзи билмаган ҳолда зарар юққан қўлини оғизга ё бурунга теккизиб зарарланмаслик учундир. Изорнинг ич томони билан қоқишлик эса, унинг ташқи кўринишини асраш учундир.

  1. Таниган ва танимаганга, ҳатто ёш болаларга ҳам салом бериш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббатлашмагунингизча мўмин бўла олмайсиз. Ўзаро муҳаббатлашишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни кенг ёйинглар» (Муслим 54).

Собит ибн Убайддан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар ўтирган масжидга кeлдим. У киши «Қачон салом бeрсанг, эшиттириб бeр, чунки салом Аллоҳ таоло томонидан кeлган муборак, пок такбирдир», — дeди. (Бухорий ривояти)

Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот ёш болалар ёнидан ўтиб кетаётиб, уларга салом бердилар-да, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам шундай қилардилар”, деб айтдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

  1. Янги кийим кийганда дуо қилиш. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, сўнгра: «Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, агар улардан бири янги кийим кийса, унга: «Эскитгин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди».(Сунан эгалари ривоят қилганлар.)

Ғуслни таҳорат билан бошлаш. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривот қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам агар жанобатдан ғусл қилсалар икки қўлларини ювиб, сўнгра намозга таҳорат олгандек таҳорат қилардилар. Сўнгра бармоқларини сувга тиқиб, у билан сочлари остига етказардилар. Кейин устларидан уч ҳовуч сув қуярдилар. Сўнгра таналарининг барчасига сув қуярдилар.” (Насаий ривояти.)

 

 

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 51188
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

5301