Жаҳолатга қарши маърифат билан

5 Okt 2017 646

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида “Жаҳолатга қарши маърифат билан” номли маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Бош имом-хатиби Одилхон Исмоилов, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Шайх Зайниддин жоме масжиди имоми ноиби Қосимхон Бойханов, психолог Ш.Ҳайитқулова ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда сўз олган Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Бош имом-хатиби Одилхон Исмоилов инсон ҳаётида илм-маърифатнинг тутган ўрни ҳақида гапириб, комиллик пиллапояларини илм билан забт этиш мумкинлигини таъкидлади. Жаҳолатга қарши ҳеч қачон жаҳолат билан курашиб бўлмаслиги, балки дунёни турли разолатлардан фақат илм-маърифат қутқаришини айтди ва ҳадиси шарифларда, муқаддас ислом динида инсонланинг туғилганидан то вафотига қадар илм олиш кераклиги ёзилганини изоҳлаб берди.

Шунингдек, имом-хатиб бугунги авлод дунё тамаддуни бешигини тебратган даҳо аждодларимизга муносиб ворис эканини унутмаган ҳолда бўш вақтларини фойдали ишларга сарфлашга, илм-ҳунар эгаллашга, одоб-ахлоқ борасида намунали ўқувчи сифатида доим савобли ишлар билан шуғулланишга ажратиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга меҳмонлардан керакли жавоблар олишди.