Инсон ва унинг қадр-қимматини мужассам этган муҳим ҳужжат

5 Dek 2017 221

2017 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрами муносабати билан диний соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, профессор Акмал Саидов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ҳам сўзга чиқдилар.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг раҳбар ходимлари, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети талаба-ёшлари қатнашди.

 

Йиғилишда сўзга чиққан нотиқлар Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топаётганини таъкидлашди. Ҳақиқатан, бугунги мамлакатимиздаги янги-янги ўзгаришлар ва янгиланишлар замирида мана шу Асосий Қонунимиз ётади. Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилганини бежиз эмас, албатта. Бунинг тагида ўта чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан ҳам муҳтарам Президентимиз якунига етаётган 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилган эдилар.


Таъбирда маъруза қилган профессор Акмал Саидов Конституциямиз қабул қилиниши тарихи, мазмун моҳияти ва айниқса, мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги аҳамияти тўғрисидаги зарур маълумотларни тақдим этди. Жумладан, Акмал Саидов Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилгани, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш мумкинлигини таъкидлади. А.Саидов сўзида давом этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўша даврларда Олий Кенгаш депутати сифатида Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганини атрофлича тушунтириб берди. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозараларда Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг иштироки тўғрисида сўзлади.

Шунингдек, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари соҳибқирон Амир Темур давлатчилигининг энг зарур жиҳатлари ҳам “Темур тузуклари” асарида ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидладилар. Амир Темурнинг давлатчилиги, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан ва меъморчиликка оид қарашлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш асосида бошқариш, ҳар бир масалада эл манфаатини ўйлаб иш тутиши билан боғлиқ ибратли фазилатлари “Темур тузуклари”да жамлангани муфтий ҳазрат томонларидан изоҳланди.


Йиғилиш якунида «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланган бир гуруҳ идора тизими ходимларига эсдалик нишонлари топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати