Ватан ҳимоячилари эъзоз-эҳтиромда

15 Yan 2017 1585

   Ватан – улуғ тушунча. Уни асраб-авайлаш, ривожига муносиб ҳисса қўшиш, ёвлардан ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи. Зеро, ҳадиси шарифларда “Ватанни севмоқ имондандир”, деб бежиз айтилмайди. Она юрт ҳимоясида жасорат кўрсатганлар эса асрлар оша қадр ва эъзоз топади, ҳеч қачон унутилмайди, қалбларга муҳрланади. 
   Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Шайх Нажмиддин Кубро, Амир Темур ва бошқа кўплаб мард-жасур боболар жасорати тарихнинг зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган. 14 январнинг юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланиши замирида ҳам ана шундай мард фарзандларга бўлган юксак ҳурмат ва эътибор мужассам. 
   Байрам муносабати билан, тасдиқланган йиллик режага мувофиқ, Одилхон қори Юнусхон ўғли бошчилигидаги Шайхонтоҳур тумани Шайх Зайниддин жоме масжиди жамоаси томонидан масжидга туташ маҳаллаларда истиқомат қилувчи 20 нафар ҳарбий фахрийлар, афғон уруши қатнашчилари зиёрат қилинди, суҳбатлашилди, дуои хайрлар қилинди. Шундан сўнг, ҳарбийлар хонадонларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 
   Ватан мудофаасида камарбаста бўлган барча мард ва жасур юрт посбонларини, ҳарбий хизматчиларни байрам билан муборакбод этамиз! Мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталини таъминлаш йўлидаги машаққатли фаолиятингизда улкан зафарлар тилаймиз!

 

 

Шайх Зайниддин жоъме масжиди матбуот хизмати