Нью Жерсилик ўқитувчи мусулмон ўқувчисини гўзал тарзда қўллаб-қувватлади
Рамазон ойининг ҳар тонгги тўртини синф ўқувчиси Ториқ Абдулҳолиқ эрта саҳарда туриб оила аъзолари билан саҳарлик қилади ва тонгги ибодатни адо этиб мактабига жўнайди.
Мана бир неча йилдирки АҚШнинг Нью Жерси штати Линден шаҳарчасида истиқомат қилувчи Ториқ кун давомида еб-ичиб юрадиган тенгқурларининг орасида ёлғиз ўзи рўза тутади. Лекин бу йили унинг шериги пайдо бўлди. Бу унинг бошқа диндаги устози Деон Кандиа бўлиб, у Ториқни қўллаб-қувватлаш мақсадида бутун Рамазон ойи давомида рўза тутишга ваъда берди.
Деоннинг таъкидлашича, у ўз ўқувчиларига ҳар соҳада намуна бўла оладиган устоз бўлишга интилади.
“У менга икки хафта давомида Рамазон ойи ҳақида сўзлаб берди. Бу ҳақда маълумотга эга бўлгач, мен Ториқни қўллаб-қувватлаш мақсадида у билан бирга рўза тутишга қарор қилдим”, дейди Деон.
Шу ўринда айтиш жоизки, Деон билан биргаликда унинг мусулмон бўлмаган рафиқаси Мишель ҳам рўза тутаётгани маълум бўлди.