Москвада “ҳалол” савдо тармоқлари кенгаймоқда
Москвада яна бир ҳалол озиқ-овқатлар савдоси билан шуғулланувчи “Халмарт” дўкони очилди.
Россиядаги илк мусулмонлар учун хизмат кўрсатувчи савдо тармоғи эндиликда Мичурин шоҳ кўчасидаги “Тиара” савдо марказида ўз дўконини очди.
“Халмарт” дўкони раҳбари Рустам Орцхановнинг таъкидлашича, мазкур дўконлар тармоғи маҳаллий мусулмонлар ва эко-маҳсулотларни қадрловчи аҳоли қатламига хизмат кўрсатади.
“Раменкада жуда кўп мусулмон оилалар яшайди. Бизнинг вазифамиз уларнинг эҳтиёжларини қондириш ва уларга ўз ватанларидан узоқда оз бўлсада далда бўлишдир.
Шунингдек, бугунги кунда эко-маҳсулотлар урф бўлмоқда. Бизнинг маҳсулотларимиз тўлиқлигича эко-маҳсулотлар талабларига жавоб беради ва биз, диний эътиқодидан қатъи назар, ҳар бир харидорга бажону дил хизмат кўрсатамиз”, – дейди раҳбар.
Эслатиб ўтамиз, мазкур дўкон пойтахтдаги 4-ҳалол дўкон бўлиб, аввалгилари, Дорогомилова, Ленин шоҳ кўчаси ва Варшава кўчаларида жойлашган эди.