АВСТРАЛИЯЛИК ТАЛАБАЛАР СОФ ИСЛОМ ТАЪЛИМОТИНИ ЎРГАНИШ УЧУН МАСЖИДГА КЕЛИШДИ
Австралиянинг Мельбурн шаҳридаги католикларнинг “Падуа” факультетининг 300 нафар талабаси Ислом дини таълимотларини ўрганиш мақсадида, шаҳардаги “Байтус Салом” жоме масжидига ташриф буюришди.
Уларга икки кунлик сафар давомида Исломнинг тинчлик, бағрикенглик, эзгулик дини экани, шунингдек, Исломдаги фарз амаллари, хусусан, намоз ва ҳаж ибодатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
“Байт ас-Салом” жоме масжиди масъул ходими Суфий Азизнинг айтишича, талабаларнинг ташрифидан кўзланган асосий мақсад, уларга Ислом ва мусулмонлар ҳақида тўғри маълумот бериш ҳамда ёшлар онгида Ислом дини ва мумсулмонлар тўғрисида пайдо бўлган нотўғри ва салбий тушунчаларни бартараф этишдир.
Сафар давомида ўтказилган суҳбатларда Суфий Азиз Ислом номидан қилинган ҳар қандай террорчилик ҳаракатининг динга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) диний эркинлик, аёллар ҳуқуқи ҳамда жамиятда тинчликни ҳимоячиси бўлганлари ҳақида таъкидлади.
Илёс Аҳмедов тайёрлади / www.muslim.uz