Тоҳиров Сайдулло: "Қуръони карим ёдловчиларга энг асосий тавсиям – ихлос"
Жорий йилнинг 20 апрель куни ўтказилган Республика Қорилар мусобақасининг Олий ўрин соҳиби Тошкент ислом институтининг 3-курс талабаси Тоҳиров Сайдулло билан Қуръон мухлислари учун кичик суҳбат уюштирдик. Эътиборингизга ушбу самимий суҳбатни ҳавола этамиз.
Ассалому алайкум! Аллоҳ таоло сизни шундай олий мартабага мушарраф қилгани билан чин қалбимдан табриклайман!
Ва алайкум ассалом, Темурбек. Раҳмат!
Келинг, аввало, ислом билим юртларидаги саралаш босқичлари ҳақида сўз юритсак. Қориларни саралаб олиш қандай тартибда амалга оширилади?
Қорилар мусобақасида саралаш қуйидаги тартибда бўлиб ўтади: ҳар бир ислом билим юртларида таҳсил олаётган қорилар ички мусобақа асосида саралаб олиниб, мураттаб (Қуръони каримни тўлиқ ёдлаган) ва мужаввид (Қуръони каримни тажвид қоидаларига мувофиқ ҳолда ўқувчи) йўналиши бўйича биттадан иштирокчи республика босқичида қатнашадилар. Мен ҳам институтимизда мураттаб қорилар ўртасида ўтказилган ички мусобақада ғолиб бўлиб, республика босқичи учун бериладиган биргина йўлланмани қўлга киритган эдим.
Республика Қорилар мусобақасида кўрдикки, баъзи қорилар Қуръони каримни тиловат қилишда бироз қийинчиликка дуч келдилар. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
Аввало, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи эканини унутмаслик даркор. Яъни уни ҳеч ким тутилмасдан ўқий оламан, дея олмайди. Қисқача айтганда, Қуръони карим ҳар қандай инсонни ожиз қолдирувчи Калом ҳисобланади.
Агар фаришталар қорининг тилига ҳарфларни олиб келиб турмасалар, қори нафақат адашиб қолиши, балки умуман ўқий олмай қолиши ҳам мумкин (Аллоҳ асрасин). Аммо бу нарсага сабаб қилиб қорининг такрори кам экани, бир-бирига лафзан ўхшаш оятларни яхши ажратиб олмаганини ҳам келтириш мумкин.
Мусобақада сизни ҳаяжонланмаган, Қуръони каримни тутилмасдан ўқиган ҳолда кўрдик. Бунинг сабаби кўпчилик учун қизиқ?
Юқорида айтганимдек, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Каломидир. У тўғрисида ҳеч бир қори қатъий гап айта олмайди. Мусобақадан олдин Аллоҳдан Каломини тилимга жорий қилиб қўйишини дуо қилиб сўраган эдим. Бу дуолар, шунингдек, устозларимиз ҳамда ота-онамнинг қилган дуоларининг ижобати ҳам энг асосий сабаблардан бири бўлди деб ўйлайман.
Қуръони каримни ёдловчиларга тавсияларингиз?
Қуръони карим ёдловчиларга энг асосий тавсиям – ихлос. У бўлмаса, киши Қуръонни ёдлаши жуда ҳам қийин. Ёд олиш услубларига келсак, бу борада биз – талабаларга эмас, балки устозларга мурожаат қилган яхшироқ. Хусусан, яқиндагина нашрдан чиққан “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жалолиддин Ҳамроқулов устозимизнинг “Тиловат одоблари” китобларини ўқишни тавсия қилган бўлар эдим. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг барча мухлисларига ихлослари ва муҳаббатларига яраша ажр-савоблар битиб, охиратдаги даражаларини олий қилсин!
Самимий суҳбат учун сизга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Келажакдаги иш ва ўқишларингизда омад ва зафарлар тилаб, мана шундай олий мартабаларни доимо эгаллаб юришингизни Аллоҳдан сўраб қоламан!
Тошкент ислом институти 1-курс талабаси Темурбек Адҳамов суҳбатлашди