Қурбонлик ҳукмлари

      Биздан илгари ўтган умматларга ҳам қурбонлик қилиш буюрилган. Қуръони каримда бундай дейилади: «Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз...» (Ҳаж, 34).

     Ушбу оят қурбонликнинг вожиб амал эканига далилдир: «Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар, 2). 
    Мусулмон, озод ва муқим ҳамда нисоб миқдордаги молга эга бўлган кишига қурбонлик қилиш вожиб. Аммо Имом Муҳаммадга кўра, киши ақлли ва балоғатга етган бўлиши шарт. Фатво мана шу қавлга кўра берилган (“Фатовойи Ҳиндия”). 
   Қурбонлик қилишда нисоб миқдори фитр садақасининг шарти билан бир хил. Яъни, айтиб ўтилган талабларга жавоб берадиган кишининг ҳожати аслияси (асл эҳтиёжи)дан ошиқча моли кумуш ҳисобидаги нисобга, яъни икки юз дирҳам кумуш миқдорига етса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бунда закотдаги каби молнинг ошиб туриши ва бир йил ўтиши шарт қилинмайди. 
    “Ҳожати аслия” кишининг бирламчи эҳтиёжини қондирадиган нарсалардир. Буларга ичида яшаётган уйи, бир сидрадан ёзги ва қишки кийимлари, зарурий уй жиҳозлари, олтин ва кумушдан ясалмаган идиш-товоқлар, битта улов, иш қуроли, оила аъзоларининг озиқ-овқати киради (“Айний шарҳи Ҳидоя”). 
    “Нисоб миқдори” деганимизда, ана шулардан ошиқча молларнинг маълум миқдорга етиши тушунилади. 
    Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар турига қўй, эчки, мол ва туя киради. Қўй ва эчкиларнинг бир ёши қурбонлик қилинади. Агар олти ойлик қўзи онаси билан гавдаси тенг ва семиз бўлса, уни ҳам сўйиш жоиз. Аммо бу ҳукм улоқча (эчки боласи) учун тегишли эмас (Сарахсий, “Ал-Мабсут”). Молнинг икки яшари, туянинг эса беш яшарини қурбонлик қилиш мумкин. 
    Шунингдек, қўй ва эчки фақат бир киши номидан қурбонлик қилинади. Мол билан туяга эса етти нафаргача шахс шерик бўлиши мумкин. Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши керак. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак (Алоуддин Косоний. “Бадоеус Саное”). 
    Қурбонлик қилиш вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Ўнинчи куни сўйишнинг фазилати кўпроқ. Шу кунлар орасида кечаю кундуз қурбонлик сўйиш мумкин. Аммо кечаси сўйиш макруҳ. Ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан қурбонликнинг вақти ўтган ҳисобланади ва бундай ҳолда қурбонликка аталган, аммо бирор сабаб билан сўйилмай қолган ҳайвон тириклигича садақа қилиб юборилади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

 

www.muslim.uz